Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов Амударё тумани Адлия бўлими фаолияти билан танишди
Мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида ўз натижаларини кўрсатмоқда. Хусусан, адлия тизимида бошланган янгиланиш жараёнлари фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳуқуқий хизматларни янада оммалаштириш ва адлия органларининг масъулиятини оширишга хизмат қилмоқда.
2024 йил 24 май куни қабул қилинган “Маъмурий ислоҳотлар доирасида Адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент Фармони адлия тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Ушбу ҳужжат орқали адлия органлари зиммасига аҳоли манфаатларини янада самарали ҳимоя қилиш, давлат хизматларини ихчам ва сифатли кўрсатиш, шунингдек, жойларда ҳуқуқий тарбия ва тарғиботни кучайтириш каби қатор долзарб вазифалар юклатилди.
Мазкур ислоҳотларнинг ҳудудларда қандай ижро этилаётгани билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафарини амалга оширди. Сафар давомида вазир Амударё туманида бўлиб, туман Адлия бўлими фаолиятини ўрганди.
Ўрганиш жараёнида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири Элмурод Турсунов, вазирнинг биринчи ўринбосари Аман Пренов, Амударё тумани ҳокими Собир Хўжаметов, туман Адлия бўлими бошлиғи Мансур Садиков ҳам иштирок этдилар.
Дастлаб аҳолининг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш, уларни ҳал этиш механизмларини такомиллаштириш ва маҳалла даражасида ҳуқуқий тарғибот ишларини самарали ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишилди. Шу билан бирга, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда давлат органларининг қуйи бўғинларига методик ёрдам кўрсатиш масалалари ҳам алоҳида муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари Аман Пренов республика ва туман миқёсида адлия соҳасида олиб борилаётган ишлар юзасидан тақдимот ўтказди. Унда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, оилавий муаммоларни ҳуқуқий механизмлар орқали ҳал этишга доир янгича ёндашувлар тилга олинди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқулов ҳам йиғилиш иштирокчиларига бир қатор амалий тавсиялар берди. Хусусан, овул ва маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш орқали уларни қўллаб-қувватлаш, оилавий зўравонлик ва ажримларнинг олдини олиш масалалари бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, ҳуқуқий тарғибот ишлари қанчалик кенгайтирилса, фуқаролар ўз ҳуқуқларини шунчалик яхши билиб, уларни ҳимоя қила олади. Адлия тизимидаги ислоҳотлар нафақат ҳуқуқшунослар ёки давлат идоралари фаолиятига, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаётига бевосита таъсир этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Акбар Тошқуловнинг Қорақалпоғистонга ташрифи адлия тизимидаги ислоҳотларнинг жойлардаги ижросини кучайтириш, аҳолига бевосита ёрдам кўрсатиш ва маҳаллаларда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган амалий қадамлардан бири бўлди. Зеро, кучли ҳуқуқий пойдевор – тараққиётнинг асосий гаровидир.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶