АФҒОНИСТОНДАГИ ЖАНГОВАР ҲАРАКАТЛАРДА ҲАЛОК БЎЛГАН ЖАНГЧИЛАР ХОТИРЛАНДИ
Собиқ иттифоқ даврида Афғонистон ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда амударёлик 350 нафар навқирон йигитлар иштирок этишган. Улардан 13 нафари қардош Афғонистон тупроғида ҳалок бўлган. Кўплаб ҳарбий хизматчилар эса ушбу машъум урушдан ногирон ҳолда, турли даражадаги касалликлар билан қайтишган.
Қанглилик навқирон йигит Зарифбой Худоёров ҳам Афғон тупроғидаги мақсадсиз уруш жанггоҳларида жон берганида ҳали 19 ёшга ҳам тўлмаган эди. Ота-онаси бағридан ўз йигитлик бурчини ўташ, она Ватанини ҳимоя қилиш учун ҳарбий хизматга чақирилган Зарифбой Худоёров соғ-саломат чиқиб кетиб, уйига темир тобутда қайтди. Агар у ҳозир ҳаёт бўлганида ўғил-қизларининг камолини кўриб, умрининг роҳат-фароғатли палласига қадам қўйган бўларди. Нуроний ёшга етган онаси Шолмон момо Худоёрова эса ҳамон ўғлининг хотираларидан ўзига таскин топиб яшайди.
Жорий йилнинг 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси "ВЕТЕРАН" жангчи-фахрийлар ва ногиронлар бирлашмасининг Қорақалпоғистон бўлими Кенгаши бошлиғи Юсупбек Алланбеков Амударё туманига ташриф буюриб, Зарифбой Худоёров туғилиб-ўсган хонадонда бўлди ва қаҳрамон жангчининг онаси Шолмон момо Худоёрова билан учрашди.
Учрашув тадбирида Қум ёп маҳалла фуқаролар йиғини раиси Содиқ Қурбонбоев, мазкур маҳалла фаоллари, Зарифбой Худоёровнинг яқинлари иштирок этишиб, собиқ байналмилал жангчининг болалиги ва ёшлиги билан боғлиқ хотираларини ёдга олдилар ҳамда марҳум жангчи хотирасига Қуръон оятларидан тиловатлар қилдилар.
Учрашув давомида Шолмон момо Худоёровага "ВЕТЕРАН" жангчи фахрий ва ногиронлар бирлашмасининг Қорақалпоғистон Республикаси бўлими Кенгаши томонидан совғалар топширилиб, у туғилиб-ўсган хонадонга "Бу хонадонда Афғонистон ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда ҳалок бўлган жангчи Худияров Зарифбой Мадияровичнинг оила аъзолари яшайди" мавзусидаги лавҳа илиб қўйилди.
Шунингдек, масъуллар Афғон урушида ҳалок бўлган Тангирберган Айтеков туғилиб-ўсган хонадонда ҳам бўлиб, қаҳрамон жангчининг онаси Рима момо Айтекова билан учрашди. Учрашувда қуролдошлар Раҳматулла Ҳайитбоев, Озод Хўжаниёзов, Шавкат Саидбоевлар ҳамда Намуна Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Комилжон Тожимовлар меҳмонга ҳамроҳлик қилдилар. Учрашувда Тангирберган Айтековнинг болалиги, ўқувчилик ва ёшлик даври, инсоний фазилатлари ёдга олиниб, маҳалла имоми Фарҳод Авезов томонидан Қуръон тиловат қилинди ва марҳумнинг онаси Рима момо Айтековага совғалар топширилиб, хонадонига махсус лавҳа илинди.
Шу куни Юсупбек Алланбеков раҳбарлигида Амударё тумани Мудофаа ишлари бўлими биносида йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Афғонистон ҳудудидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган собиқ жангчи-фахрийлар, айни пайтда Амударё туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги умумтаълим мактабларида, ёш авлод таълим-тарбияси соҳасида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ўқитувчи-мураббийларнинг ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги хизматлари алоҳида эътироф этилиб, уларга "ВЕТЕРАН" жангчи-фахрийлар бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими томонидан "Миннатдорчилик хати" топширилди.
Учрашувда сўзга чиққанлар бугунгидай тинч ва осойишта ҳаётнинг, фаровонликнинг қадрига етиш, ёш авлод қалбида миллатлараро тотувлик, дўстлик, халқпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини уйғотиш, она Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ҳар бир фуқаронинг зиммасидаги масъулиятли бурчи эканлигини таъкидладилар.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶