Туман ҳокими ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди
Амударё туманида ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммо ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш мақсадида навбатдаги очиқ мулоқот ташкил этилди. Туман ҳокими Собир Хўжаметов бошчилигида ўтказилган мазкур учрашув самимий руҳда, очиқ ва самимий мулоқот майдонига айланди.
Учрашувда Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими бошлиғи, туман прокурори Баҳрам Машарипов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Тимур Дошумбоаев, туман ҳокими ўринбосари Нодирбек Камолов, туман Ёшлар ишлари бўлими масъуллари, маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда турли соҳаларда фаолият юритаётган илғор ва ташаббускор ёшлар иштирок этди.
Очиқ мулоқот давомида туманимизда ёшлар сиёсати доирасида йил мобайнида амалга оширилган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Сўзга чиққан раҳбарлар сўнгги йилларда мамлакатимизда ёшлар масаласига давлат сиёсати даражасида ёндашилаётгани, бу борада мислсиз ислоҳотлар амалга оширилаётгани, айниқса, Амударё туманида ушбу ислоҳотларнинг ҳаётга татбиқ этилишига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтдилар. Ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, тадбиркорлик билан шуғулланиши, бандлигини таъминлаш ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш борасида изчил ишлар олиб борилаётгани қайд этилди.
Тадбир давомида соҳада самарали фаолият олиб бораётган бир гуруҳ ёшлар етакчилари туман ҳокимлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати туман бўлими томонидан ташаккурномалар ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу эътироф ёшлар учун янада катта рағбат ва масъулият эканлиги таъкидланди.
Очиқ мулоқотнинг энг муҳим жиҳатларидан бири — ёшларнинг ўз таклиф ва ташаббуслари, фикр-мулоҳазаларини бевосита раҳбарларга етказиш имкониятига эга бўлганидир. Яратилаётган шарт-шароитлардан самарали фойдаланиб келаётган ёш тадбиркорлар, ёш фермерлар, ёш ижодкорлар сўзга чиқиб, давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва қўллаб-қувватлашлар учун миннатдорчилик билдирдилар ҳамда келгусидаги режаларини ўртоқлашдилар.
Учрашув доирасида туман Маданият бўлими хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар тадбирга янада кўтаринки, байрамона руҳ бағишлади.
Тадбир якунида раҳбарлар томонидан Амударё ёшларининг куч-ғайрати, ташаббускорлиги ва интилишлари келгусида яна кўплаб ютуқларга замин яратишига ишонч билдирилди. Мазкур очиқ мулоқот ёшлар ва раҳбарлар ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, ёшларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, уларни юрт тараққиётига дахлдорлик руҳида тарбиялаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶