Болалар хавфсизлиги – бош мақсад: Нукусда ўқувчилар учун "Йўл сабоқлари" ўтказилди
Бугунги тезкор замонда кўчаларимизда транспорт воситалари оқимининг кескин ортиб бораётгани барчамиздан, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган болалар хавфсизлиги масаласига ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ эътибор қаратишни талаб этмоқда. Маълумки, болалар табиатан шўх ва ҳаракатчан бўлиб, баъзида йўллардаги хавф-хатарни тўғри баҳолай олмасликлари мумкин. Шу боис, уларга йўл ҳаракати қоидаларини ёшликдан ўргатиш, кўчада юриш маданиятини шакллантириш ва болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш муҳим масалалардан биридир. Айни шу мақсадда, ҳозирги кунда республикамиз бўйлаб кенг қамровли "Диққат, болалар!" профилактик тадбири юқори савияда ўтказилмоқда. Мазкур тадбир доирасида Нукус шаҳридаги 42-сонли умумтаълим мактабида ҳам амалий машғулотлар ташкил этилди.
Тадбир мактабда махсус ташкил этилган ва барча кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган “Йўл ҳаракати синфи”да бўлиб ўтди. Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари ва педагоглар ҳамкорлигида ўтказилган очиқ дарсда ўқувчиларга йўл ҳаракати қоидаларининг ҳаётий аҳамияти ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди. Мулоқот давомида ўқувчиларга йўлларнинг қатнов қисмидан эмас, балки пиёдалар учун ажратилган махсус йўлакчалардан ҳаракатланиш, светофор ишораларига қатъий амал қилиш, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларидан фойдаланганда ўта ҳушёр бўлиш лозимлиги ҳаётий мисоллар ёрдамида тушунтирилди.
Шунингдек, ўқувчиларга велосипедни қаерда ҳайдаш мумкинлиги, катта йўлга чиқишдаги ёш чекловлари, ҳимоя воситаларидан фойдаланиш ва йўл белгиларига риоя қилиш маданияти бўйича батафсил маълумотлар берилди. Ташкилотчилар томонидан болаларнинг олган назарий билимларини мустаҳкамлаш ва хотирасида сақлаб қолиш мақсадида йўл ҳаракати қоидалари акс этган махсус эслатмалар, ранг-баранг буклетлар тарқатилди. Бу кўргазмали воситалар болаларга ҳар доим йўл қоидаларини эслатиб туришга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, "Диққат, болалар!" тадбири бутун республика бўйлаб давом этмоқда. Барча умумтаълим мактабларида "Йўл ҳаракати қоидалари" бурчаклари янгиланмоқда, эрталабки сафланишларда тушунтириш ишлари олиб борилиб, "Яшил чироқ" мусобақалари ва викториналар ташкил этилмоқда.
Бундай тадбирлардан кўзланган асосий мақсад — болалар ўртасида йўл-транспорт ҳодисаларидан жароҳатланишнинг олдини олиш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва жамиятимизда юксак йўл ҳаракати маданиятини шакллантиришдан иборатдир. Зеро, йўл қоидаси — умр фойдаси, фарзандларимизнинг соғ-омонлиги эса энг олий бахтдир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶