14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 04:46
Сиёсат 👁 3,564

УМУМИЙ ЎРТА ВА ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИНГ МАЖБУРИЙЛИГИ

УМУМИЙ ЎРТА ВА ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИНГ МАЖБУРИЙЛИГИ
— БАРКАМОЛ ЁШ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШНИНГ МУҲИМ ОМИЛИДИР

Юртимизнинг истиқлол йилларида босиб ўтган тараққиёт йўлига назар ташласак, республикамиз Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида миллий таълим тизимини мустаҳкамлаш ва такомиллаштириш, ёшларнинг ҳар томонлама етук, соғлом ва баркамол бўлиб улғайиши учун барча шарт-шароитни яратишга йўналтирилган улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётганлиги яққол намоён бўлади.

Мустақиллик эълон қилинган дастлабки даврдан Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусан, шахс ҳуқуқининг ажралмас таркибий қисми саналган болалар ҳуқуқини таъминлаш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланди. Тарихан қисқа даврда мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш соҳасида улкан муваффақиятларга эришилмоқда ва бу дунё ҳамжамияти томонидан муносиб баҳоланмоқда.
Мамлакатимиз раҳбари таъкидлаганидек, "Ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик, барча олижаноб ҳаракатларимизнинг негизида, барча эзгу ниятларимизнинг замирида фарзандларимизни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир”.
Ўз-ўзидан аёнки, эски тузум даврида узоқ йиллар давомида вужудга келган эски таълим тизимини тубдан қайта қурмасдан ва ислоҳ этмасдан туриб, бу мақсадга эришиб бўлмасди. Айнан шундай эзгу мақсадни рўёбга чиқариш учун давлатимизда ёшларимизнинг истиқболини таъминлайдиган барча ташкилий-ҳуқуқий чоралар амалга оширилди, муҳим қонунлар қабул қилинди, давлат дастурлари ҳаётга татбиқ этилди.
Жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларининг қонуний асосини ташкил қилувчи Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эгалиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши ва мактаб ишлари давлат назоратида бўлиши белгилаб қўйилди.
Мамлакатимизнинг таълим тизимини изчиллик билан ислоҳ қилиш ва бу соҳадаги давлат сиёсатини мустаҳкамлаш борасида 1997 йил 29 августда қабул қилинган "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида”ги ва "Таълим тўғрисида”ги Қонунлари тарихий қадам бўлди. Мазкур Қонуннинг 3-моддасида таълим соҳасида давлат сиёсатининг асосий принциплари, хусусан, таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги, шунингдек, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мажбурийлиги белгиланди.
Давлатимиз раҳбарининг узоқ ва давомли мақсадларни кўзда тутадиган концептуал ғоялари асосида ишлаб чиқилган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ижросини таъминлаш жараёнида, 9 йиллик умумтаълим мактаб босқичини ва 3 йиллик ўрта махсус, касб-ҳунар таълим босқичини ўз ичига олган, мамлакатимизнинг ривожланиб бораётган ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини юқори малакали кадрлар билан таъминлашнинг узлуксиз таълим тизими яратилди. Шу асосда юртимизда 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди.
Таъкидлаш керакки, таълим тизими ислоҳ қилиниши билан бирга, таълим муассасаларининг моддий-техника базаси ҳам ҳар томонлама мустаҳкамланмоқда. Амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар туфайли республикада 1549 та замонавий таълим муассасалари, шундан 1406 та касб-ҳунар коллежи ва 143 та академик лицей барпо этилди.
Мазкур таълим муассасаларида мутахассислар тайёрлаш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Жумладан, жиҳозланган компьютер синфлари, кутубхоналар, спорт заллари, секциялар, зарур бўлган инвентарь билан таъминланган ётоқхоналар, ошхоналар ўқувчилар ихтиёрига топширилган. Яратилган бундай шароитларнинг барчаси ўқувчиларнинг танланган йўналиш бўйича бир ёки бир нечта замонавий мутахассислик олишга қаратилган касбга оид чуқур билим олишларига замин бўлиб хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, айнан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг кўпчилик қисми республикамизда фаолият кўрсатаётган замонавий илғор технологияларга асосланган корхоналарда меҳнат қилиб, жаҳон бозорида рақобатбардош ҳисобланган маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнининг фаол иштирокчиларига айландилар. Масалан, "GM-Uzbekistan” ёпиқ акциядорлик жамиятида ишлаётган 7956 нафар ишчи-хизматчининг 2877 нафарини ёки 36,1 фоизини касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ташкил қилади. Ёки "Ўзбекенгилсаноат” компанияси тизимидаги корхоналарда 15 минг нафардан ортиқ, "Ўзбекнефтгаз” компанияси тизимидаги корхоналарда 2 минг нафардан ортиқ касб-ҳунар-коллежлари битирувчилари хизмат қилмоқдалар. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
Шунингдек, умумтаълим тизимидаги ислоҳотлар, таълимнинг замонавий илғор услубларининг кенг жорий қилиниши, таълим-тарбияга бўлган эътиборнинг тубдан яхшиланиши ўзининг самарасини бермоқда. Ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириш даражаси ва дунёқараши кенгайиб, улар халқаро фан олимпиадалари, интеллектуал беллашувлар, кўрик-танловларда қўлга киритаётган ютуқлари билан Ўзбекистон довруғини дунёга таратмоқдалар.
Охирги икки йил давомида 33 нафар ўғил-қизимиз жаҳон миқёсида ўтказилган фан олимпиадалари ва мусобақаларда ўзининг чуқур билими, интеллектуал салоҳияти, теран фикрлари ва ўткир тафаккури билан ғолиблар шоҳсупасидан ўрин эгаллаганлиги мамлакат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон қалбига чуқур ғурур ва ифтихор туйғусини бахш этади.
Ёшларни соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш, оммавий спортни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси таъсис этилди. Юртимизнинг барча ҳудудларида, ҳатто олис қишлоқларимизда ҳам спорт анжомлари билан жиҳозланган замонавий спорт мажмуалари, муҳташам спорт саройлари, стадионлар, жисмоний тарбияга ихтисослашган мактаблар барпо этилди. Ўқувчи ва талабаларнинг уч босқичли "Умид ниҳоллари”, "Баркамол авлод” ва Универсиада республика мусобақалари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.
Энг муҳими, миқёси ва кўламига кўра бениҳоя улкан бўлган бу ишларнинг барчаси ўзининг салмоқли натижаларини бермоқда. Кейинги икки йилда ёшлар ўртасида ўтказилган Жаҳон ва Осиё чемпионатларида ҳамда бошқа йирик халқаро беллашувларда 490 нафар ёш спортчиларимиз совринли ўринларни эгаллаган бўлса, уларнинг 132 нафари барча рақибларини доғда қолдириб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилдилар ва Ўзбекистон мадҳиясини дунё майдонларида баланд янгратиш бахтига муяссар бўлдилар.
Узлуксиз таълим тизимининг яратилиши ва таълим сифатининг тубдан яхшиланиши вояга етмаганларнинг билим олишга ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишларини янада оширди, бу эса, ўз навбатида, уларнинг бандлигини таъминлаб, вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликни кескин қисқартиришга эришишга имкон берди. Хусусан, 2012 йилда 2000 йилга нисбатан вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик 30,5 фоизга камайган.
Болалар, жумладан, ўқувчилар орасида жиноятчиликнинг камайиши қувонарли ҳол, албатта. Шу билан бирга, вояга етмаганларга нисбатан етарли назорат бўлмагани оқибатида уларнинг ўқув муассасаларига бормаслиги ҳолатлари мавжудлиги ташвишга солиши табиий. Жумладан, 2012 — 2013 ўқув йилида 5 минг нафардан ортиқ ўқувчилар бирон-бир узрли сабабсиз сурункали равишда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларга ўқишга келмаган. Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ва прокуратура органлари томонидан кўрилган ҳуқуқий чоралар натижасида улардан аксарият қисми таълим муассасаларига қайтарилди.
Ўтказилган назорат тадбирларида умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари масъул ходимлари томонидан машғулотларга сабабсиз келмаётган ёки мунтазам равишда қатнашмаётган ўқувчиларни аниқлаш, ҳисобини юритиш ва таълимга жалб қилиш ишлари тўғри йўлга қўйилмаганлиги аниқланди.
Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги 27-сонли умумтаълим мактаби директори Е. Заирова ва директор ўринбосари М. Ражаповалар ўзаро жиноий тил бириктириб, 2009 йилда Бельгия давлатига кетган 5-синф ўқувчиси Д. Боймаматовани тўрт йил давомида дарсларга қатнашганлиги ва билими баҳоланганлиги ҳақида журналга ёзувлар киритиб, синфдан-синфга ўтказиб келганликлари учун жиноий жавобгарликка тортилдилар.
Давлат томонидан болаларимизнинг келажагини ўйлаб, қанчадан-қанча сарф-харажат эвазига 12 йиллик бепул ўқишни ташкил қилиб, замонавий технологияларга асосланган, жаҳон илғор таълим стандартларига мос билим олиш учун шароитлар яратиб берилса-ю, бола коллежга бормаса, қани бу ерда тартиб-интизом, қани масъулият?! Нима учун жойларда ҳокимликлар, ўзини ўзи бошқариш органлари, профилактика инспекторлари, жамоатчилик, қолаверса, бола тарбияси учун бевосита жавобгар бўлган ота-оналар ва бошқа масъул шахслар бепарволарча қўл қовуштириб ўтирибди? Бундай бепарволик жиноят эмасми?
Ваҳолонки, мамлакатимиз қонунчилигида 12 йиллик таълим умуммажбурий эканлиги белгилаб қўйилган бўлиб, қонуннинг мазкур талаби ижросини қатъий таъминлаш барчамизнинг бурчимиздир. Афсуски, баъзи ота-оналар ва мансабдорлар ўзларига юклатилган вазифаларига нисбатан бундай масъулиятсизлик учун жавобгарликнинг мавжудлигини унутиб қўйганлар. Бу соҳада прокурор назоратини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, ўтган йилда ва жорий йилнинг 5 ойида ўқувчи ва талабаларнинг ўқув муассасаларига келиб-кетишини таъминлаш учун масъул бўлса-да, мансаб вазифаларини лозим даражада бажармаган 2 минг нафар таълим соҳаси ходимлари интизомий жавобгарликка тортилганлар.
Шу ҳолатларни инобатга олган ҳолда, умумтаълим мактабларининг 9-синфини битирувчиларини кейинги ўқиш босқичларига жалб этиш борасидаги қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир жорий йилда мактабни битираётган 530 мингдан ортиқ ўқувчиларни касб-ҳунар коллежлари ва лицейларга жойлашишини тўлиқ қамраб олиш мақсадида жойлардаги прокурорларга маҳаллий ҳокимликлар, таълим муассасалари ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар хусусида топшириқ юборилди. Ушбу вазифани ижросини таъминлашнинг барча чоралари кўрилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўқувчи ва талабаларнинг машғулотларга қатнашиш давоматини таъминлаш фақатгина ўқув муассасаси раҳбарлари ва ўқитувчилари зиммасидаги вазифа эмас, балки бу жараён кўп жиҳатдан ота-оналарга, уларнинг фарзанди таълим-тарбияси билан нечоғли шуғулланишларига бевосита боғлиқдир. Ваҳолонки, бола тарбияси ҳам қонуний асосларда, ҳам маънавий-ахлоқий жиҳатдан ота-оналарнинг фуқаролик ва инсоний бурчидир.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-моддасида ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар фарзандларининг тарбияси ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаганликлари учун маъмурий жавобгарлик белгиланган бўлиб, айнан шу асослар билан 2012 йилда ва жорий йилнинг ўтган даврида 3,5 минг нафар ота-оналар жавобгарликка тортилдилар.
Бундан ташқари, 250 нафар ота-оналарнинг муомала лаёқати чекланган ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.
Бу борада бир мисол келтириш ўринлидир. Чирчиқ шаҳрида яшовчи фуқаро
Е. Шарипова спиртли ичимлик истеъмол қилиб, тўққиз яшар қизи Л. Шариповани мунтазам равишда уриб, унинг мактабга ва кўчага чиқишига тўсқинлик қилган ва узоқ муддат давомида хонага қамаб, устидан қулфлаб қўйган. Оқибатда қиз бундай шафқатсизликка чидамасдан, ўзини 3-қаватда жойлашган хонадоннинг балконидан ерга сакраб, оғир тан жароҳатлари олган. Врачларнинг ёрдами билан қизнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Онасига нисбатан эса жиноят иши қўзғатилиб, жавобгарликка тортилди.
Ўқувчиларнинг машғулотлардаги давомати назоратсиз қолиши, уларнинг узрсиз сабаблар билан дарсга қатнашмасликлари, ҳатто узоқ муддат давомида таълим муассасаларига умуман келмасликлари фарзандларимизнинг жиноят йўлига кириб кетишдек мудҳиш оқибатларга олиб келмоқда.
Масалан, Булоқбоши туманидаги иқтисодиёт ва енгил саноат касб-ҳунар коллежи талабаси Н. Тоштемиров умумтаълим мактаби ўқувчилари Ш. Қудратиллаев ва
Ш. Исоқовлар билан жиноий тил бириктириб, савдо дўконидан 1,2 млн. сўмлик уяли телефон аппаратлари ва эҳтиёт қисмларини ўғирлаганлар.
Содир этилган жиноятлари учун ушбу гуруҳ аъзолари жиноий жавобгарликка тортилдилар, албатта. Лекин афсус билан таъкидлаш лозимки шундай номақбул гуруҳларга кириб қолиб, турли хил жиноятлар, шу жумладан, оғир жиноятларга қўл ураётган вояга етмаган болалар борлиги уларнинг таълим-тарбиясидаги нуқсонлардан далолат беради. Бу ҳақда ота-оналар, ўқитувчилар, синф раҳбарлари, таълим муассасаларининг мансабдор шахслари, қўйингки, барчамиз чуқур ўйлаб, тегишли хулоса чиқаришимиз ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кўришимиз керак.
Шу ўринда яна бир долзарб масалага алоҳида тўхталиш лозим. Касб-ҳунар коллежларини тамомлаган фарзандларимизнинг мутахассислиги бўйича иш билан таъминланиши уларнинг келажак ҳаётда ўз ўрнини эгаллашларида муҳим аҳамиятга эга. Шу боис касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, тегишли мутахассисликлар бўйича янги иш ўринлари ташкил қилинмоқда.
Аммо назорат тадбирларида аниқланишича, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш борасидаги ишлар талаб даражасида ташкил этилмагани, бу жараёнда ҳисоботларга қўшиб ёзиш, тугатилган ёки фаолият юритмаётган корхоналар билан сохта шартномалар тузиш, битирувчилар ҳали ишга чиқиб улгурмасидан шартномаларни бекор қилиш каби ҳолатлар мавжуд. Бундай қонунбузишларга йўл қўйган мансабдор шахслардан 2300 нафардан ортиғи интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилдилар, 74 та ҳолат бўйича эса жиноят иши қўзғатилди.
Ёшларни узлуксиз мажбурий таълим билан қамраб олинишига салбий таъсир ўтказадиган муаммоли ҳолатлардан яна бири ўқувчи қизларни, шу жумладан, никоҳ ёшига тўлмаганларнинг эрга бериб юборилишидир. Олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамасдан, 2012 — 2013 ўқув йилида лицей ва коллежларда таълим олаётган 2114 нафар қизлар ота-оналари томонидан эрга бериб юборилган, оқибатда улардан 944 таси ўқув машғулотларига умуман қатнашмай қўйган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан никоҳга киришган шахсларнинг, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим, диний муассаса ходимларининг жавобгарлик масаласи ҳал қилинмоқда. Лекин кўрилган чоралар ўзининг етарли самарасини бермаётганлиги сабабли бундай салбий иллатга нисбатан қатъиятлилик ва талабчанликни кучайтиришимиз керак. Шу ўринда алоҳида айтиш керакки, никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳга киришиш, уни эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи нормалар Оила Кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига киритилди. Бу ўзгаришлар ҳам шу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қонунлар қабул қилиняпти. Лекин бу қонунлар ҳақида жойларда барча фуқароларимиз тўлиқ билмаслиги ҳам мумкин. Шу сабабли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, ҳокимликлар ва тегишли жамоат ташкилотлари жойларда халқ орасида қонунларни, уларга киритилаётган қўшимча ва ўзгартишларни тарғиб қилиш, шу жумладан, оммавий ахборот воситаларида айнан шу мавзуда тадбирлар ўтказиш орқали тушунтириш ишларини доимий равишда олиб боришлари керак. Фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятининг ошиши бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш имконини беради.
Ҳар томонлама интеллектуал ва жисмонан ривожланган юксак ақл-заковатли, баркамол авлодни тарбиялашдек устувор вазифанинг нақадар муҳим эканлигини ҳар биримиз чуқур тушунишимиз, барча саъй-ҳаракатларимизни бундай муҳим соҳадаги қонунчилик талабларини тўлиқ ижросини таъминлашга, шунингдек, мансаб суиистеъмолчилиги, порахўрлик, фирибгарлик ва бошқа жиноий фаолиятни истисно қиладиган соғлом муҳит яратишга йўналтиришимиз зарур.
Ёш авлод тарбиясига ҳар доимо энг долзарб ва устувор вазифа сифатида эътибор қаратиб келаётган муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг "Барчангиз яхши биласизки, келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғлом, баркамол наслни тарбиялаб етиштиришга интилиш бизнинг миллий хусусиятимиздир. Бу муқаддас заминда яшаётган ҳар қайси инсон ўз фарзандининг бахту саодати, фазлу камолини кўриш учун бутун ҳаёти давомида курашади, меҳнат қилади, ўзини аямайди”, деган фикрлари халқимизга хос юксак инсоний фазилатларнинг эътирофи бўлиши билан бирга, барчамизни шу борада янада фаол иш олиб боришга даъват этади.
Дарҳақиқат, халқимизга хос ана шу олий қадрият ҳар доим бизларни ёшлар таълим-тарбиясига ҳаёт-мамот масаласи сифатида эътибор қаратишга чорлаши шарт. Зеро, ёш авлоднинг жисмонан соғлом, ақлан етук ва маънан баркамол бўлиб вояга етиши учун барча давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари, она-юрт келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир соғлом фикрли фуқаро масъулдир.
Истагимиз шуки, бу эзгу ният ҳар бир юртдошимизнинг юксак инсоний ва фуқаролик бурчига айлансин.

Рашитжон ҚОДИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори.

(Манба: http://xs.uz)
(Фото: http://fikr.uz)
🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019