КЎНГЛИ ОБОД ИЖОДКОР ҚИЗ
Тангри инсонларни турли турмуш қийинчиликлари билан тоблаб, мукаммалликка етиштиради, дейишади. Ҳа, ҳаётга бизнинг орзу-умидларимиз эмас, балки Яратганнинг иродаси ҳокимдир. Бундай вақтларда шукур қилган, кўнган, Аллоҳнинг иноятидан умид қилганлар ҳақиқий мўъмин ва мўъминалардир...
Асли қўнғиротлик Эргаш Жумамуродов ва туманимизнинг Бобур номли овулида туғилиб ўсган Наргиза Ражабовалар турмуш қуриб, тўнғич қизи Ҳуснора бу дунёга соғлиғида муаммо билан туғилганида, бир нўноқ тиббиёт ходими айби билан оёқларининг тиззасидан пастки қисми ҳаракатсиз бўлиб қолганида ҳам сабр қилишди, тенгқурлари қатори ўйнаб-кулиб улғайишини истаб малакали шифокорларга даволатиш учун Тошкентга кўчиб кетишди.
Ҳуснора! Болаларча беғуборлик, ҳаётга интилиш порлаб турган кўзларига, масъум чеҳрасига қараб, унинг ҳеч кимдан кам эмаслигига, аксинча, кўпчилик ҳавас қилгулик теран мушоҳадали, илмга чанқоқ ва интилувчан қиз эканлигига гувоҳ бўласиз.
У Тошкент шаҳридаги 179-сонли мактабда якка тартибда таълим олди. Ҳар кунги дарс машғулотларини аъло даражада ўзлаштириб бориш баробарида ота-онаси олиб берган бадиий адабиётларни завқ билан ўқиди. Уларнинг таъсирида ўн ёшидан бошлаб шеърлар ёза бошлади. Илк шеъри 4-синфда ўқиб юрган чоғларида “Гулхан” журналида босилиб чиқди, “Ғунча”, “Билимдон” каби болалар нашрларида ёруғликка чиққан қатор шеърлари ота-онасини, устозларини улкан қувончга белар эди. Синфдош дўстлари унинг шеърлари босилиб чиққан газета-журналларни қувониб, ошиқиб олиб келишарди.
Ҳуснора Жалғашева аъло хулқи ва билимлар беллашувларида юқори натижаларга эришгани учун бир неча бор мактаб, Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармасининг «Фахрий ёрлиқлари» билан тақдирланди.
2016 йилда “Жаҳолатга қарши маърифат” номли ижодий ишлар танловида шеърият йўналиши бўйича Тошкент шаҳри мактаблари ўқувчилари орасида фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, махсус диплом, совғалар билан тақдирланди.
Хизматчилик юзасидан ўтган йили уларнинг оиласи Манғитга кўчиб келди. Ҳуснора ҳозир 40-сонли мактабнинг энг иқтидорли ўқувчиларининг бири. Шеър машқ қилишни канда қилмаяпти.
– Бор имкониятидан фойдаланмай, ёшлик даврини елга совуриб юрган ўсмирлар кўп. Мен уларга Ҳуснорадан ўрнак олинг, ҳаётда ўз ўрнингизни топишга интилинг, дегим келади. Ҳусноранинг ўткир қобилиятига ўзим ҳам қойил қоламан, – дейди унинг ўқитувчиси Гулнора Ҳабибуллаева.
Яқинда “Жайхун илҳомлари” ННТ раиси Аҳмад Нафасов билан ижодкор-ёшлар – Азиза Мадраҳимова, Феруза Йўлдошевалар Ҳуснора Жалғашева хонадонида бўлиб, у билан дилдан суҳбатлашдилар, шеърхонлик авжига чиқди, эзгу тилаклар билдирдилар, совғалар бердилар. Ижодкорлар ташрифидан Ҳусноранинг кўнгли шодликларга тўлди.
Ёшлардаги илм, қобилият, юксак қадрланаётган, янада ривожланиши учун имкониятлар яратилаётган ҳозирги даврда Ҳуснора Жалғашеванинг келажагига улкан ишонч билдириб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶