ОНА СУТИ билан СИНГГАН ТУЙҒУ
Ватан. Шу биргина сўзда оламга татигулик теран маъно яширинган. Менинг Ватаним, азиз диёрим, жонимдаги жон Ўзбекистондир. Билмам, Ватан меҳри қайдан сингмиш жонимга, онам сути бирлами, отам ўгити ила!
Ҳар бир инсоннинг илк муҳаббати Ватанга бўлган муҳаббатидир. Баъзи бир инсонлар борки, қалби муҳаббатга лиммолим-у баралла айтмайди. Аммо амалда Ватан учун дунёларча иш қилиб қўяди. Баъзилар эса тилдан қўймайди. Аммо улар билмайдики, асл муҳаббат тилда эмас, дилда бўлишини. Ватан меҳри, юрт муҳаббати қалб тўрида гавҳардек сақланмоғи лозим. Қалб гавҳарига хиёнат қилмоқ эса энг ёмон иллатдир. Ватанга хиёнат қилмоқ бу, то чақалоқлигингдан катта бўлгунингга қадар бағрида ором олган бешикка, онага хиёнатдир. Бу ҳақда ўйлашнинг, тасаввур этишнинг ўзи мушкул, тўғрироғи, дилни хира қилади, қалбни ларзага келтиради, бутун вужудни титроққа солади.
Хиёнаткор... У қандай инсондирки, уни меҳр беланчагида аллалаган ота маконини жарақ-жарақ пулларга алишади. Бундай жирканч ишни қилган инсонларнинг юрагида асл юрак эмас, бир парча гўшт уриб туради. Инсонлар эрта тонгда гулларнинг юзидаги томчиларни кўриб, шабнам тушибди, дейишади, аммо бу Ватанга қилинган ва қилинаётган разилликлардан дили вайрон бўлиб, қалби чок-чокидан сўкилиб, юрак-бағри эзилган Ватаннинг кўз ёшидир, балки Қарангки, дунёдаги жамики жонзотда Ватан меҳри, юрт ишқи тўлқинланиб туради, майли, уларни онгсиз дейлик, аммо нега унда янтоқни чаманда ўстириб бўлмайди, нега унда қўшнимизнинг товуғи бизнинг ҳовлига келиб яшайвермайди, бу саволларга биттагина жавоб – бу мўъжазгина Ватандир.
Демак, биз она-Ватаннинг ҳар бир ғамхўрлигига муносиб бўлишга интилишимиз керак. Ўқишда, жамоат ишларида фаол бўлишимиз, ўз фидойилигимиз, эзгу ишларимиз билан она юрт тараққиётига ҳисса қўшишимиз керак. Дунёда ҳеч нарсага алмаштириб бўлмайдиган, келажаги буюк Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш биз ёшларнинг фарзандлик бурчимиздир.
Света ШОМУРОДОВА,
11-мактаб ўқувчиси, таҳририятнинг
“Ёш мухбирлар” тўгараги аъзоси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶