ИПАК ҚУРТЛАРИ УЧ ЁШДА
Пиллачиликни етти хазинанинг бири, дейишади. Шунданми, ипак қурти парваришлаш билан шуғулланувчи пиллакорлар бу мавсумий ишга алоҳида эътибор билан қарашади.
Халқимизда яхши бир анъана бор: хонадонида бирон бир эзгу иш бошлашидан олдин, айниқса, тўй бошлаётганлар ҳовли-жойини тартибга келтириб, ҳафсала билан таъмирдан чиқаришади. Азим Қиличбойнинг Дўрман овулида яшовчи онахон Аноргул опа Тожимова эса бошқаларда фарққли, деярли ҳар йили ипак қурти боқиш мавсумидан олдин уй-жойида кенг миқёси ободонлаштириш ва таъмирлаш ишларини олиб боради. Барча ичкари ва ташқари хоналар, айвонлар яхшилаб оқланиб, маълум муддат шамоллатиб қўйилади.
- Ипак қурти жуда нозик жонивор, - дейди опа учинчи ёшда баргларга ўрмалаётган жимитдеккина мўъжизакор жониворларга барг соларкан. – Шунинг учун бутун оиламиз билан унинг парваришига эътибор билан қараймиз.
Ҳар йилги мавсумда 3-4 қути жонлантирилган уруғни парваришлаб, мўл пилла ҳосили етиштириб келаётган Аноргул Тожимова бу йил маррани жуда баланд олди: 200 грамм, яъни 15 қути ипак қурти уруғини парваришлашга аҳд қилди. Унинг бу ниятини фермер хўжалиги раҳбари Улуғбек Ўрозбоев қўллаб-қувватлади. Аноргул опа Тожимова парваришлайдиган 15 қути ипак қурти уруғи учун аввалдан етарли тут барги заҳираларини яратиб берди. Ҳар бир қути қурт уруғи учун неча килогармм яшил тут барги зарурлиги ҳисоблаб чиқилиб, фермер хўжалиги ҳудудидаги тут дарахтларидан Аноргул опа Тожимова хонадони учун етарли миқдорда ажратиб берилди.
Аноргул опа Тожимова айни кунларда фарзандлари ва набиралари, келинлари билан кун сайин ривожланаётган ипак қурти учун даста қўйиш палласига ҳам қизғин ҳозирлик кўрмоқда.
- Ипак қурти тоза ва сифатли пилла ўраши учун қўйиладиган даста ҳам тоза ва сифатли бўлиши керак, - дейди моҳир пилакор. – Шунинг учун табиий шароитда ўсадиган Хива супургиси ўсимлигини кўпроқ ғамлаб қўйганмиз. Бундан ташқари, оқ шўра, туронгул, сассиқпоя ўсимликлари ҳам яхши даста бўла олади.
Аноргул опа Тожимова бу йилги мавсумда камида 600 килограмм пилла етиштиришига аҳд қилган. Қарийб 45 йилдан бери туман пиллачилик соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган Аноргул она Тожимованинг бу йилги туманимиз пиллакорлари орасида рекорд натижага эришишида, 600 килограмм юқори сифатли “кумуш тола” хирмонини бунёд этишида омад тиладик.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶