88 ЁШЛИ ҲУНАРМАНД БОБО
Манғит шаҳридаги буюм бозорига кираверишда ёшгина қизнинг оёқ кийими тагчарми носоз ҳолатга келиб қолганига кўзим тушди.
Қизгина тўрт томонга жавдираб, нима қиларини билмай туриб қолди. Ёнига бордим. Пойафзали оёғига илиниб тургулик ҳолатда эмас. Туфлисининг устки қисми тагчармидан бутунлай ажралиб тушганди. Қизалоққа ёрдам беришга шошилдим. Унга сумкамни тутқаздим-да, пойафзалини олиб яқин ўртадаги пойафзал таъмирлаш устахонасига кирдим. Кекса уста Маткарим бобо Ёқубов бир пасда таъмирлаб бердилар. Бобога бозор дарвозаси олдида яланг оёқ қолган қизалоқ ҳақида гапириб бердим.
Аслида бундай майда-чуйда ишларни ҳар ким ўзи бажаргани яхши, -дедилар уста бобо. – Ёшим 88 да, эсимни таниганимдан бери шу ҳунарнинг баракасидан рўзғор тебратиб келаяпман. Ҳозирги оёқ кийимларининг кўпчилиги сифатсиз. Кўчага бир марта кийиб чиқилса, таги очилиб қолади. Одамни хижолат қилади-да бу ҳолат. Пойафзалларни қайта-қайта таъмирлатишади одамлар.
“Маткарим маҳсидўз”, -десалар туманимизда жуда кўпчилик танийдиган бу ҳунарманд бобонинг фарзандлари ота ҳунарини эъзозлаб келишади. Устоз-шогирд анъанаси асосида аввал ўғли Соатбой Ёқубов, сўнгра невараси Хушнуджон ҳам бобонинг ҳунарини қунт билан ўрганишди. Улар нафақат пойафзал таъмирлаш, балки терини ошлаш, ошланиб, силлиқланган теридан махсус қолиплар ёрдамида маҳси тикиш сирларини ўрганишди. Маткарим бобо эса 60 йиллик умр йўлдоши Жумагул момо билан фарзандларига кўмакдош ва маслаҳатгўй.
Шукур, – дейди Маткарим бобо мамнуният билан, – шу ҳунар туфайли биримиз икки бўлди, давронли тўйлар қилдим, ҳовли-жойларимизни бутладим. Ҳеч нарсага зор бўлганимиз йўқ. Бировнинг қўлига қараб қолмадик.
“Маткарим маҳсидўз” бобо ҳамон ўз ҳунари билан эл-юрт хизматида 88 ёшли бу ҳунарманд бобонинг меҳнатга ҳамдам умрига барака, соғлик тиладик.
Ойимжон Ўрозалиева,
Беруний МФЙ, меҳнат фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶