МУАММОЛАР ИЖОБИЙ ЕЧИМИНИ ТОПМОҚДА
Туман прокурори раҳбарлигидаги 2-секторга тумандаги Амир Темур номли, Ўрта қалъа, Қиличбой, Холимбег ва Дўрман овуллари ҳамда Арна бўйи, Боғ, Хизр эли, Беш овул, Тош қалъа, Юқори қишлоқ, Аёқчи, Қорамон, Бўз солма, Дўстлик, Янгиобод ва Фаровон маҳаллалари бириктирилган.
Мазкур ҳудудларда уйма-уй юришлар натижасида, шу пайтга қадар жами 536 та муаммо аниқланди ва бу муаммоларнинг 514 таси ҳал этилди. Ҳал этилиши учун қўшимча муддат ва манба талаб этиладиган 22 та муаммо «Йўл харитаси»га киритилди.
Шу билан бирга, 2-сектор ҳудудидаги 30 тадан ортиқ хонадонларга газ баллонлари олиб берилди. Қиличбой овули ҳудудидаги 420 та хонадоннинг томорқа ерларига оқар сув етказиб берилишида амалий ёрдам кўрсатилди. Хизр эли маҳалласидан ўтувчи 470 метрлик ички йўллар таъмирланди. Бундан ташқари, 1 минг 330 метр ички йўлларга шағал тошлар тўшалиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Амир Темур номли ва Хизр эли маҳаллаларида эскирган электр трансформатори ҳамда автоматлари янгисига алмаштирилиб, бу билан 120 та хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи қондирилди.
Арна бўйи маҳалласида жойлашган 27-сонли мактаб олди томонидаги пиёдалар йўлакчаси таъмирлаб берилди. «Манғит арна» каналининг Боғ маҳалласидан ўтувчи қисми қайтадан қазилди.
Қиличбой овул фуқаролар йиғини ҳамда Хизр эли, Тош қалъа ва Беш овул маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи аҳолининг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида туман Сув тармоқлари корхонаси томонидан 2 минг 511 та хонадонга ташиб бериш йўли билан сув етказиш чоралари кўрилмоқда.
Туман Бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда аҳоли билан суҳбатлар ўтказилиб, бўш иш ўринларига ишга жойлаштириш учун таклифлар берилди. Ҳудуддаги 177 нафар фуқаро мавсумий ҳамда доимий иш билан таъминланди.
Сектор ҳудудидаги жами 36 нафар, шундан 15 нафар катта ёшдаги ва 15 нафар вояга етмаган ногиронлар ногиронлик аравачалари, 3 нафари эшитиш мосламалари, 7 нафари ҳасса ва 1 нафари қўлтиқтаёқ каби реабилитация техник воситалари билан таъминланди.
Ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларининг ҳам муаммолари ҳал қилинишига кўмаклашилмоқда. Хусусан, «Якуббой Аширов» фермер хўжалигига “Беларус - 82.1” русумли трактор сотиб олиш учун 140 млн. сўмлик, “Амир Темур чорвадори” агрофирмасига “Беларус-80-X” русумли трактор сотиб олиши учун 262 млн. сўм ҳамда “Амударё махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамиятига қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадлари учун банкдан 400 млн. сўмлик кредит ажратилишида амалий ёрдам берилиб, муаммолари ҳал этилди.
Ҳудуддаги тадбиркорлик субъектлари ишлари жадаллаштирилиб, жами 204 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилишига эришилди.
Ҳудудда ўтган 6 ойда умумий жиноятчилик 24 тадан 15 тага камайди. 8 та овул ва маҳаллаларда бирорта жиноят содир этилмади.
Бундан кейин ҳам сектор аъзолари томонидан уйма-уй юрилиб, ҳудуддаги аҳоли билан учрашувлар ўтказиш давом эттирилади ва маҳаллалардаги долзарб муаммоларни аниқлаб, уларни бевосита жойида бартараф этиш чоралари кўрилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶