КЎЗГУ ХИPА ТОPТМАСИН!
Асрлар давомида миллатлар, халқлар ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтагувчи тил – инсоният учун дунёни англаш, тушуниш воситаси ҳамдир. Демак, ҳар қандай тилнинг жозибадорлиги, қадр-қиммати ўша тилда сўзлашувчи халқларнинг ўз она тилига эътибори, маданиятли тарзда ёндашувига боғлиқ.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири, Аллоҳ раҳмат қилсин, Эркин Воҳидов ўзининг “Сўз латофати” асарида ўзбек тилининг ўзига хос жозибаси, синонимларга бойлиги ҳақида фахр билан сўз юритаркан, биргина “ранг” сўзи тилимизда 31 хил маъно англатишини бирма-бир далиллаб берган эдилар. Мен ҳар гал оташин шоирнинг ушбу асарини варақлаганимда беихтиёр кўнглимдан: “Тилимизнинг бу жозибадорлигини қай даражада ҳис этаётирмиз?” деган савол кечади.
Ҳақиқатдан ҳам тилимизга эътиборлимизми? Асрлар давомида миллатлараро дўстлик, қон-қариндошлик алоқаларини боғлашда беназир восита ҳисобланган ўзбек тилининг қадр-қимматини қанчалик ҳис этаётирмиз?
Таълим муассасаларида, баъзан туманимиз ижодкорлари иштирокидаги адабий давраларда бир ҳолатни кузатаман: ўқувчи-ёшлар билиб-билмай, ҳатто маъноларини англаб етмай инглизча, русча сўзларни тилимизга қўшиб-чатиб гапиришади. Айрим ижодкор ёшлар орасида ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилади. Катта ёшдагилар эса кўпроқ русча сўзлар билан ўз нутқларини “безаб” гапиришни одат қилишган.
Яқинда коллежлардан бирида ўтказилган йиғилишда ўзим гувоҳ бўлган бир воқеа ёдимга тушди: бир ўқувчи қоғозга катта ҳарфлар билан “Мен сени Love” деб ёзиб, орқасидаги қизга кўрсатди. Табиийки, қиз уялди, тадбир охиригача бошини кўтармади. Мен аста ўша ўқувчи йигитнинг ёнига бордим. Ўша қоғозни сўрадим. Йигит уялиш ўрнига: “мен нотўғри иш қилганим йўқ”, деди юзимга тик боқиб.
Мен унга қоғоздаги ёзувнинг қанчалик нотўғрилигини, икки миллат тилига маданиятсизларча муносабати ҳақида тушунтирдим. Шунда ўқувчи йигитнинг боши эгилди.
Айтмоқчиманки, баъзи ўқув муассасаларида хорижий тилларни ўқитиш ниҳоятда суст. Агар бу борадаги ишлар бугунги давр талаблари даражасида бўлганида эди, ёшларимиз кўкрагига турли ибосиз сўзлар ёзиб қўйилган футболка ва кўйлакларни кўз-кўз қилиб кийиб юришмас, она тилимизга хорижий сўзларни қориштириб муомала қилишмас эди.
Халқимизда шундай ҳикмат бор: “Тилга эътибор – элга эътибор”, дейдилар. Демак, бизнинг эл-юртга, халқимизга меҳр-муҳаббатимиз – тилимизга қай даражада эътиборимиз, муомала маданиятимизга, бу борадаги билимимизга боғлиқ. Шундай деймиз-у, баъзан идора-ташкилотлар, нуфузли фирмалар, дўконлар, гўзаллик салонлари пештоқларидаги рекламалар, жой номларига кўзимиз тушиб, кўнглимиз хижил тортади. Эътибор беринг: “Мохirа go’zallik saloni” (аслида “Моhira” тарзида ёзилиши керак), “Гиждувонча шашлик” (асли “Ғиждувонча кабоб” эмасми?). Айрим ошхоналар олдидаги реклама афишаларида шўрва – “шурпа”, чучвара – “пелмен” тарзида ғиж-ғиж имло хатолар билан ёзиб қўйилади. Қурилиш моллари билан савдо қилувчи “Нур” савдо мажмуасида шундай хабарномани кўриш мумкин: “Gipskarton... оптом бахада” ёки яна бир бино пештоқига “Maloxat тўй лебослари” тарзида имло хатолари билан ёзилган бўлса, шундай бир атама эса “Невеста” тўй либослари салони” деб ярми ўзбекча, ярми рус тилида ёзилганига нима дейсиз?
Мактабларда, коллежларда ўқувчи-ёшлар, ҳатто кимлигини ҳам англаб бўлмайдиган қандайдир олимларнинг фикрлари битилган шиорларга кўзимиз тушади. Масалан, тиббиёт ҳақида, дўстлик ва тинчлик ҳақида, таълим ва маданият, маънавият ҳақидаги аллақандай немис, инглиз, рус ёки француз, итальян олимлари билдирган фикрлар. Ахир айнан шу соҳаларда дунё цивилизациясига жуда катта ҳисса қўшган буюк олим-у уламолар ўзбек миллатига мансуб эмасми? Нега ёшларимиз таҳсил олаётган илм масканларини Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Мотурудий, Навоий, Бобур каби боболаримизнинг дунё халқларининг тилларида достон бўлган фикрлари, ўгит ва насиҳатлари билан безаб ташламаймиз? Тилимизнинг сержилолигини, жозибаси-ю қудратини, оддийгина қилиб айтганда, ўзимизга, эл-юртимизга эътибор ва муҳаббатимиз билан ифода этиш шунчалик қийинми? Қийин эмас, азизлар, фақат ҳафсала қилмаймиз бунга.
Ўзбек тили – Ўзбекистонда давлат мақомига эга алоқа воситаси. Ўзбек тили – миллатимиз, халқимиз ҳаётининг кўзгуси. У бизнинг ёруғ юзимиз, кўрар кўзимиз. Агар оддийгина атамалар, жой номларининг ёзилишида хатолар қилсак, нутқимизда ўзга миллат тилига ҳам, ўз тилимизга ҳам эътиборсизлик билан аралаш-қуралаш (балки ясама “тил”дир) сўзлар билан муомала қилсак – бу аввало, ўта хунук иш, қолаверса, билимсизлик ва маънавиятсизликдир.
Бас, шундай экан, миллатимиз, халқимиз кўзгуси, маънавиятимиз кўрки – она тилимизнинг софлиги, жозибаси ва гўзаллиги хира тортмасин!
Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶