ДАВО ЧОРАЛАРИНИНГ АВВАЛИ – САМИМИЙЛИК
Шифокорлик – ўта масъулиятли, шу билан бирга шарафли касб. Инсонлар кўнглига йўл топиб, дардларига малҳам бўлиб яшаш – шифокорнинг ҳаёт мазмуни. Рустам Жуманиёзов ҳар гал ўзи раҳбарлик қилаётган режали жарроҳлик бўлимида даволанаётган беморлар билан суҳбатлашганида, уларнинг умид тўла нигоҳларига боққанида доимо кўнглидан бир ўй кечади: “инсон – азиз, унинг соғлиги янаям азиз, шу азиз инсонлар кўзларидаги умид ҳеч қачон сўнмаслиги керак”.
Туман Тиббиёт бирлашмасининг режали жарроҳлик бўлими шифокорлари учун кун-у тун иш жараёнлари қизғин кечади. 30 та ўринга мўлжалланган бўлим таркибида 20 та жарроҳлик ва 10 та урологик койкалар мавжуд. Асосан режали жарроҳлик хизматини амалга оширишга мўлжалланган бўлим узлуксиз иссиқлик таъминотига эга. Барча хоналар тиббий қопламалар ва замонавий функционал анжомлар билан жиҳозланган. Бўлим тоза ва йирингли секторларга ажратилиб, боғлаш хоналари ҳам алоҳида жойлаштирилган. Жарроҳлик бўлмасида анестезиолог, материал тайёрлаш, жарроҳлик амалиётидан олдинги ювиниш хоналари ҳамда жарроҳлик зали жойлашган бўлиб, мазкур бўлма энг замонавий тиббий анжомлар билан таъминлангани бўлимда даволанишни истовчи беморларда мамнуният ҳиссини уйғотмоқда.
Режали жарроҳлик бўлимида барча шарт-шароитлар мавжудлиги нафақат шифокорлар учун, балки беморлар учун ҳам анча қулайликлар яратади.
Беморлар кўнглига йўл топиб, меҳрини қозонаётган бўлим шифокорларининг меҳнатлари таҳсинга лойиқ. Олий тоифали шифокорлар – бўлим мудири Рустам Жуманиёзов, ординатор шифокор-жарроҳ Бахтиёр Явидов, малакали жарроҳ Комилжон Бобожонов, болалар жарроҳи Шукурулла Исмоилов, уролог-шифокор Ш.Жуманиёзовларни халқимиз “қўли енгил шифокорлар”- дея олқишлайдилар. Айнан шу шифокорлар ва бўлимда фаолият олиб бораётган барча ўрта ва кичик тиббиёт ҳамшираларининг фидойиликлари туфайли 2018 йил бошидан бери 481 та жарроҳлик амалиётининг барчаси муваффақиятли амалга оширилиб, турли хил жарроҳлик касалликлари билан даволанган 1085 нафар беморнинг соғлиги тикланиб, соғлом ҳаётга қайтарилди.
– Мақтаниш эмас-у, бўлимимиз шифокорлари сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, даволаш ишларини олиб боришда ҳар қандай малакали мутахассислардан кам эмас. Сабаби, шифокорларимизнинг барчаси ўз устларида тинимсиз ишлайдилар, узлуксиз равишда малакаларини ошириб бормоқдалар. Бундан ҳам муҳими, бўлимимиз жамоаси ҳар қандай вазиятда ҳам қалбларида катта ҳурмат ва самимият ҳисси билан меҳнат кунларини бошлайдилар, – дейди бўлим мудири Рустам Жуманиёзов. – Мен фурсатдан фойдаланиб, ана шундай самимий қалбли касбдошларимизни, ҳурматли устозларимизни анъанавий касб байрамлари билан чин дилдан табриклайман. Тилагим, инсонлар хоҳ у бемор бўлсин, хоҳ шифокор – ҳамиша соғлом, самимий бўлсинлар!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶