10 нафар ҳарбий хизматчилар турмуш ўртоқлари иқтидори синовдан ўтказилди

Кейинги йилларда ҳарбий хизматчиларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларнинг оила аъзоларининг ишдан бўш вақтларида кўнгилли дам олишларига имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Шундай саъй-ҳаракатлардан бири – яқинда туманимизда жойлашган 92-02 Д ва 92-02 К ҳарбий қисмларида хизмат қилаётган хизматчилар турмуш ўртоқлари орасида танлов ўтказилди.
Ҳарбий қисмлар раҳбарияти ва туман Хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкиллаштирилган ушбу танловда пазандалик, тикувчилик, турмуш ўртоғига бўйинбоғ тақиш, фарзандига алла айтиш, китобхонлик, билимдонлик бўйича 10 нафар ҳарбий хизматчиларнинг турмуш ўртоқлари ўзларининг маҳоратларини намойиш этдилар.
Аслида оддийдек кўринган бунингдек кундалик юмушларда аёлларнинг моҳирлиги, уқувлилиги турмуш ўртоғининг меҳрини қозонишида, оилавий тинч-тотувликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Боиси, бу юмушларнинг ихлос билан адо этилиши замирида аёлларнинг эрига нисбатан ҳурмат-эҳтироми мужассамдир. Шу боисдан ҳам ўн нафар ҳарбий хизматчилар турмуш ўртоқлари пишириқ пишириш, 10 дақиқа ичида ҳарбий либосга 4 дона катта, 4 дона кичик тугма қадаш, тезлик билан чиройли қилиб бўйинбоғ қадаш, майин овозда мазмунли алла айтиш, ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналаридан ўқиган энг сара асарлари сонини айтиб, улардан бирининг мазмунини сўзлаб бериш орқали, шунингдек, уйда меҳмон кутиш, овқатланиш, кийиниш ва бола тарбияси, оилавий ҳаётга тааллуқли саволларга аниқ ва лўнда жавоб бериш орқали билимдонлигини намойиш этиш каби шартларни жуда осон ва кўнгилли тарзда адо этдилар, танлов худди байрам тусини олди. Иштирокчиларнинг танлов шартларини адо этишини яқинлари қарсаклар билан қўллаб-қувватлаб, руҳлантириб турдилар.
Танлов натижаларига кўра ғолиблар аниқланиб, эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
О.Ражабова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶