ЧИЛПИҚ ЁДГОРЛИГИ ҲАҚИДА БИЗГА НИМАЛАР МАЪЛУМ?
Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги Устюрт пасттекислигидан то Султон Увайс тоғларигача бўлган жойларда ўтмиш тарих изларини кўриш мумкин. Сир-синоатларга тўла маҳобатли қалъалар қолдиқларидан бу ерларда бир пайтлар ҳаёт қайнаганини, маданият гуркираб яшнаганини, тараққиёт ривожланганини, бу ерларда яшаб ўтган аждодларимизнинг ҳам маънавиятли ва зукко инсонлар бўлганлигини англаш қийин эмас. Ўтмиш ёдгорлиги бўлган ана шу қалъаларнинг 14 таси Амударё тумани ҳудудига тўғри келади.
Шулардан бири бўлган Чилпиқ қалъасининг ёши икки минг йилдан ортиқ. Чилпиқ тарҳи халқа шаклида бўлиб, Нукус шаҳридан 43 км. жанубда жойлашган. Чилпиқ – бу дарё сатҳидан 35-40 метр баландикдаги 65 метр диаметрга эга томсиз думалоқ минора бўлиб, табиий ясси тепаликнинг чўққисида жойлашган. Чилпиқ айлана шаклда бўлиб, атрофи қалин пахса девор билан ўралган, бир томони кириш йўли сифатида очиқ қолдирилган. Чилпиқнинг 6-8 метрлик девори сақланган, ички радиуси 12 метр. Қадимги деворларнинг бизгача нурамасдан келишининг сири, ёмғирдан сақловчи сувоқларнинг ўрнатилишида. Сувоқлар дарё ултонидаги соз лойдан олинган ва ҳар қандай зах, зилзилаларга қарши туриши учун пойдевор тагига қум тўшалган. Маҳаллий аҳоли Чилпиқнинг барпо этилишини афсонавий девлар билан боғлайди. Чилпиқ ҳудудидан исломгача бўлган қадимги дафн маросимларига хос ёдгорликлар топилган. Олимлар фикрига кўра, Чилпиқ оташпарастлар жасадларини келтириб қўядиган махсус даҳма вазифасини бажарган. IХ-Х асрларда, Қадимги Хоразмнинг гуллаган вақтларида қайта таъмирланган. Хоразмликлар Чилпиқдан Хоразмшоҳлар давлатининг бошқа қалъалари билан бир қаторда хабар етказиш ва мудофаа иншооти сифатида фойдаланишган. Чилпиқ ўз вақтида фасллар алмашинуви, Амударё суви тошиши ва қайтиши каби деҳқончилик учун жуда муҳим ўзгаришларни олдиндан астрономик кузатиш ва календарь хизмати юритиш жойи бўлган деган фикрлар ҳам мавжуд.
Чилпиқ – Амударё соҳили ва туманимиз ҳудудида жойлашганлиги сабабли туманимиз тимсолига айланган. Бундан ташқари, ўзининг тарихий аҳамиятга эга эканлиги ва ноодатий шакли туфайли Қорақалпоғистон Республикаси давлат гербида ҳам тасвирланган.
Инъомжон ТУРСУНБОЕВ, 41-мактабнинг тарих фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶