“Муродбек” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ўз фаолиятини бошлади
Мамлакатимизда болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш кўрсаткичларини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки, боғча таълими ва тарбиясини олган боланинг мактаб дарсларини ўзлаштириш кўрсаткичлари ҳам анча яхши бўлади. Навбатдаги лавҳамиз туманимиздаги 40-сонли мактабгача таълим ташкилотининг фаолияти хусусида.
Тобора ривожланиб бораётган мамлакатимизни янада равнақ топтириш – бугунги ёш авлоднинг билим ва салоҳиятига боғлиқ. Бунда, албатта, болажонларга, ёшларга берилаётган таълим-тарбия муҳим аҳамиятга эга. Чунки яхши таълим-тарбия олган болагина эл-юртга фидойи бўладилар, ўзларини она Ватан тинчлигига, келажагига дахлдор деб биладилар. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасига энг устувор вазифа сифатида қаралади.
Сўнгги уч йил ичида таълим-тарбия соҳасига қаратилаётган эътибор туфайли мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар салмоғи ҳам, муассасалар сони ҳам кескин ошди. Натижада 6 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим такшилотларига қамраб олиш бўйича ижобий натижаларга эришилди.
Биргина бизнинг туманимизда ўтган йил давомида 1 та давлат хусусий шериклик асосида, 27 та оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти янгидан ташкил қилинди ва мактабгача таълим ташкилотлари сони 82 тага етказилди. Яна 22 нафар тадбиркор томонидан нодавлат МТТлар ташкил этиш юзасидан битим тузиш учун ҳужжатлар тайёрланиб, Мактабгача таълим вазирлигига тақдим этилган. Айни пайтда тумандаги 3-6 ёшли болаларнинг 45,5 фоизи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.
Тумандаги 40-сонли мактабгача таълим ташкилоти 1991 йилда қурилган бўлиб, 140 нафар кичкинтойни тарбиялашга мўлжалланган. Давлатимизнинг соҳага қаратаётган эътибори ва кун сайин ошиб бораётган талаблар боис, 2016 йилда муассаса биноси капитал таъмирланди ва қўшимча, қулай шароитлар яратилди. Натижада янги гуруҳлар ташкил этилиб, ҳудуддаги болаларни қамраб олиш кўрсаткичи ҳам ошди.
Бугунги кунда ташкилотда 9 та гуруҳда 250 нафар жажжи болажонлар тарбияланмоқда. 16 нафар педагог-тарбиячиларнинг 4 нафари олий, 2 нафари тугалланмаган олий маълумотга эга. 10 нафар ходимлар эса ўрта махсус маълумотли мутахассислардир. Тарбиячи-педагоглар Нафиса Исмоилова, Альбина Эшназарова, Шоҳиста Жамоловаларнинг “ўрган-ўргат” тамойили асосида иш юритишлари туфайли тарбияланувчилар ўртасида туман миқёсида ўтказиладиган “Соғломжон-Полвонжон”, “Билағон болажонлар” каби беллашувларда 40-сонли мактабгача таълим ташкилоти ҳамиша пешқадам.
Болажонларнинг соғлом ва эпчил, интилувчан бўлиб улғайишларида бош ошпаз Саида Жумамуродованинг ҳиссаси катта. Ҳамшира Дилбар Қурбонбоева эса болажонларнинг саломатлигини доимий равишда тиббий кўрикдан ўтказиб боради.
Жорий йилнинг январь ойида туманимизда бўлган Ишчи гуруҳи аъзолари ушбу муассасада бўлишиб, олиб борилаётган таълим-тарбия сифати билан танишдилар ва ходимларнинг иш тажрибалари, эришаётган ютуқларини таҳлил қилишди. Иш самарасини ижобий баҳоладилар ва тарбияланувчилар учун келтирган совғаларини топширдилар.
Муассасадаги гуруҳларда болаларнинг ёши, қизиқишлари бўйича таълимий машғулотлар олиб бориш, қобилиятли болажонлар иштирокида алоҳида тарбиявий соатлар ташкил этиш, уларнинг жисмоний етуклик сари қадам қўйишларини шакллантириш мақсадида чиниқтирувчи машқлар, қизиқарли спорт ўйинлари ўтказилаётгани келгусида албатта ўзининг ижобий самарасини бериши шубҳасиз.
Чарос Арслонова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶