“МАТНИЁЗ ОХУН” ҚАБРИСТОНИ ОБОДОНЛАШТИРИЛДИ
Ҳар бир халқ ўз тарихи, ҳар бир инсон эса ўзи билан ҳамнафас яшаган азиз кишилари хотирасидан маънавий куч, тарихий воқеа-ҳодисалардан хулосалар чиқариб, ҳатто маърифий таълим-тарбия олади. Шунинг учун ҳам хотира – ўтмиш билан бугунги кунни бир-бирига боғлаб турувчи маънавий кўприк ҳисобланади. Аждодлар хотирасига ҳурмат бажо келтириш, улар мангу қўним топган қадамжолар, зиёратгоҳ ва қабристонларни ободонлаштириш эса халқимизнинг азалий қадриятларидандир.
Юртимизда диний бағрикенгликни таъминлаш, диний урф-одатларни ҳурмат қилиш, айниқса, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни янада обод қилиш борасида улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Туманимиздаги “Матниёз охун” қабристони Амир Темур овулида жойлашган бўлиб, мазкур қабристонга овулнинг зиёли, обрўли инсонлари ва уларнинг аждодлари дафн этилган. Ўз даврида овулдаги маънавият ва маърифатга интилувчан инсонларга тўғри йўлни кўрсатган зиёлилар сулоласи вакили Матниёз охун бобонинг муборак қабрлари ҳам шу ерда жойлашган. Овул аҳли ҳар йили баҳор келишидан олдин қабристонда ободонлаштириш ишларини олиб боришади.
Яқинда овул фаолларидан кўча бошчи Ражаб ота Худойберганов ҳамда маҳалла имоми Худойберган Абдуллаевлар раҳбарлигида мазкур қабристонда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Мазкур хайрли ва эзгу ишда фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи катта-ю кичик аҳоли бош қўшди. Овул фаоллари Жумабой Мадраҳимов Ўрозимбат Алламбоев ва Маҳмуд Отажоновлар ёшлар билан биргаликда қабристондаги дов-дарахтларга шакл бериб, ортиқча шох-шаббалар, қуриб қолган ўт-ўланларни қабристон ташқарисига чиқариб ташлашди. Ҳар бир қабр атрофи тозаланиб, айримлари таъмирланди. Таъмирлаш ишлари олиб борилган қабрлар бошида маҳалла имоми Худойберган Абдуллаев ўтганлар руҳига қуръон тиловатлари ўқиб, динимизда шарҳ этилган эзгу, хайрли ишларнинг савоблари хусусида ёшларга тушунчалар берди. Шунингдек, халқимиз азал-азалдан бундай хайрли ишларни кўпчилик бўлиб, бамаслаҳат бажариб келганлигини, ўтганларни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод этиш – савоби улуғ амаллардан эканлигини, марҳумларнинг ҳоки поклари қўним топган масканларни обод қилиш ва уларнинг ҳақларига дуолар қилиш инсоний бурчлигини гапирди. Ундан ташқари, ислом дини таълимотларига кўра, атроф-муҳитни кўкламзорлаштириш, унинг тозалигига, савобли ва эзгу ишларни адо этмоқликка, зиёратгоҳ-у қабристонларни обод қилишдек хайрли ишларга камарбаста бўлиш фарз эканлиги, бу каби ҳайрли ишлар кўпчиликка манфаатли бўлгани боис, савоби ҳам мислсизлигини сўзлади.
Шуниси эътиборга моликки, овул кексалари ҳам ёшлар билан биргаликда ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этишди. Натижада “Матниёз охун” қабристони ортиқча шох-шаббалардан, қуриган хас-чўплардан тозаланди.
Дунёдан ўтган ота-боболари, яқинлари хотирасига ҳурмат кўрсатиш ҳар бир инсоннинг зиммасидаги фарзандлик, қариндошлик, қолаверса, инсонийлик бурчи эканлигини яхши англаган овул аҳли ёшларнинг бу эзгу ишларидан мамнун бўлишди.
Р.ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶