Хўжайли туманидаги 10-сонли мактабда “Ассалом, математика!” тадбири ўтказилди
Мамлакатимиздаги умумий ўрта таълим мактабларида ўқитувчиларнинг янги педагогик технологияларни дарс жараёнига татбиқ эта олиш кўникмасини ошириш, дарсларда интерфаол, ноанъанавий услубларни қўллаш орқали ўқувчиларнинг машғулотларга қизиқишларини оширишига эришиш мақсадида ўқув йилининг ҳар бир ойи маълум фан ойликлари сифатида белгиланган.
Февраль – математика ва информатика фанлари ойлиги бўлганлиги муносабати билан барча мактабларда мазкур фанларни чуқур ўргатишга, ўқувчиларнинг олган билимларини мустаҳкамлашга оид кўпгина тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Ойлик доирасида Хўжайли туманидаги Жангабой Жиянбоев раҳбарлик қилаётган 10-сонли мактабда ҳам мазкур фанлар юзасидан очиқ дарслар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди. Аввало ойликни ўтказиш юзасидан мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Абубакир Абдисаломов, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Ўмирбой Баватдинов, метод бирлашма раиси Муяссар Сапарова ва фан ўқитувчилари иштирокида ойлик доирасида қилиниши лозим бўлган ишлар белгиланиб, вазифалар ўзаро тақсимланди. Шунга мувофиқ математика фани ўқитувчиси Муяссар Сапарова 8-синфда “Виет теоремаси” , Сарвиноз Хўжаберганова 6-синфда “Сонларни айириш”, Тиловберган Жумамуродов 10-синфда “Энг оддий тригонометрик тенгламалар” мавзуларида, информатика фанидан Элмурод Тажимуродов 10-синфда , Қувондиқ Тлеубергенов 9-синфда очиқ дарсларни интерфаол усуллардан фойдаланган ҳолда қизиқарли қилиб ўтдилар.
Ойлик доирасидаги амалга оширилган ишларнинг якуний ҳисоботи тариқасида 22 февраль куни ўтказилган “Ассалом математика” деб номланган кечага мактаб ўқитувчилари, ўқувчиларидан ташқари, уларнинг ота-оналари ҳам ташриф буюрдилар. Кечани мактаб директори Жангабой Жиянбоев очиб, математика фанини ўрганишнинг аҳамияти ҳақида маъруза қилди ва бу борада мактабда амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталди.
Кечани олиб борган бошловчи қизлар математика фанига оид шеърлар, улуғ алломаларнинг пурмаъно сўзларидан иқтибослар келтириб, ана шундай аҳамиятли фанларни ўқувчиларга ҳормай-толмай ўргатиб келаётган, ўқувчиларнинг фан асосларини пухта эгаллашларида фидойилик қилаётган фан ўқитувчиларига сўз бердилар. Маърузалардан сўнг, рақамлар ҳақида 5-синф ўқувчилари иштирокида шеърлар ижро қилинди. 6-синф ўқувчиларининг рақслари барчага бирдай завқ бағишлади.
Қунт билан ўрганинг , бу буюк фанни
Шон-шуҳратга ўранг, она Ватанни.
Донолар доноси бўлса, гар ким –
Фанга бағишласин, жон бирла танни.
Ушбу чорловдан сўнг, мазкур фан аҳамияти акс эттирилган саҳна кўриниши намойиш этилди. 2-синф ўқувчилари ижросидаги рақс барчага улкан таассуротлар бахш этди. 8-синф ўқувчиси Сарвиноз Шарибоева ижро этган рақс ҳам жуда жозибали чиқди.
Тадбир мактаб ўқувчиларининг нафақат фан асосларини пухта ўзлаштираётганини, балки, уларнинг иқтидорларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганини яққол кўрсатди.
Математика барча фанлар калити эканлиги барчага бирдай аён. Ҳаётимизнинг бирон соҳасини ҳисоб-китобсиз ривожлантиришни тасаввур эта олмаймиз. Бугунги тезкор ва ахборот коммуникация технологиялари даврида мазкур фан аҳамияти яна ҳам юқори босқичга кўтарилмоқда. Ҳаётимиздаги ўзгаришлар ҳаммамиздан ҳар бир ишимизнинг ҳисоб-китобини юрита олиш имкониятига эга бўлишни тақозо этмоқда. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, Хўжайли туманидаги 10-сонли мактабда бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар эътиборга лойиқдир. Уларнинг келгуси фаолиятларига ҳам муваффақиятлар ёр бўлишини тилаб қоламиз.
Ойгул PАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶