“ҲАМИША ҚАЛБИМИЗДА ЯШАР НОМИНГИЗ” МАВЗУСИДА ХОТИРА ТУРНИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Эл-юрт фаровонлиги, ёшлар келажаги учун ўз умрини бағишлаган фидойи инсонлар номлари ўзлари бу дунёдан ўтганларидан сўнг ҳам уни яхши билган инсонлар қалбида абадий яшайверади. Бундай инсонлар билан боғлиқ хотиралар ҳам ўз яқинлари, дўстлари, айниқса, шогирдлари учун маънавий руҳ бағишлаб, уларни эзгу ишлар сари руҳлантириб туради. Аллоҳ раҳмат қилсин, Ўрозбой Саъдуллаев ана шундай фидойи инсонлардан эди.
Ўрозбой Саъдуллаев қисқа, лекин жуда мазмунли умр кечирди. У 1985 йилдан 2018 йилгача 39-сонли умумтаълим мактабида ўқувчиларга жисмоний тарбия ва чақириққача ёшларни тайёрлаш фанидан дарс берди. Ўқувчи-ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш, уларнинг жисмонан ва маънан етук, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишлари учун бор билим ва тажрибасини аямади. Туман ва Республика миқёсидаги спорт мусобақаларига ўқувчи-ёшларни тайёрлаш, ўзи меҳнат қилаётган 39-сонли мактаб жамоаси номини туман ва республика миқёсида танитиш мақсадида вақтини ҳам, билим ва тажрибасини ҳам аямади. У ўзидан кичикларга ҳам, катталарга ҳам бир хил самимий муомалада бўлди. Ўқитувчи этикасига амал қилиш Ўрозбой Саъдуллаевга хос намунали фазилат эди. Шунинг учун ҳам унинг шогирдлари турли байрам саналарида, ҳайитларда “Устоз” дея қабрини зиёрат қилишади, ҳаққига қуръон тиловат бағишлайдилар.
Унинг шогирдлари орасида Ватан ҳимоячилари, ёшлар устози, таниқли спорт усталари, муҳими, эл-юртга камарбаста инсонлар жуда кўп.
Ўрозбой Саъдуллаевнинг таваллуд санаси муносабати билан у ҳаётлигида меҳнат қилган 39-сонли умумтаълим мактабида 9-10-11-синфлар ўқувчилари иштирокида “Ҳамиша қалбимизда яшар номингиз” мавзусида хотира турнири ўтказилди. Хотира турнирида Ўрозбой Саъдуллаевнинг ҳамкасблари, устоз ва шогирдлари у ҳақдаги ширин хотираларни ёдга олдилар. Ўрозбой Саъдуллаевнинг ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ эзгу ишлар ҳақида фахрланиб сўзладилар.
Шундан сўнг, мактаб маъмурияти ва жисмоний тарбия ва чақириққача ёшларни тайёрлаш фани ўқитувчилари томонидан спортнинг енгил атлетика тури бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Мусобақалар олис масофага югуриш, арқон тортишиш, граната улоқтириш шартлари бўйича ўтказилди. Ниҳоятда ҳаяжонли дақиқаларга бой ўтган мусобақада ўқувчи-ёшлар қувонарли кўрсаткичларга эришдилар. Ғолиб ўқувчилар мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар билан тақдирландилар.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур хотира турнирига мактабни 2003 йилда тугатган собиқ ўқувчилар ҳомийлик қилишди. Ўрозбой Саъдуллаевнинг собиқ ўқувчилари ўз устозлари ҳақида фахрланиб сўзладилар. Устоз таълими, тарбияси туфайли ўзлари ҳаётда эришаётган ютуқлари ҳақида ўқувчи-ёшларга ҳикоя қилиб бердилар.
Устознинг ёрқин хотирасига бағишлаб ўтказилган ушбу турнир унинг яқинлари, ҳамкасблари, шогирдлари ва ўқувчи-ёшларда катта таассурот қолдирди.
Муҳаббат ЖАНДАУЛЕТОВА, 39-сонли мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶