МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ ТАРБИЯЧИЛАРИНИНГ “БАЛЛИ, ҚИЗЛАР!” КЎРИК-ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛДИ
Баҳор – бири-биридан гўзал байрамлар фасли. Унинг илк куни – 1 мартданоқ бахт ва мангу баҳор куйчиси шоира Зулфияхоним таваллудига бағишланган шеърият кечалари, мушоиралар бошланади. Ҳар бир адабиёт шинавандаси қалбида Зулфия номи такрор-у такрор жаранглайди. Шоиранинг ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ азиз хотиралар тилга олинади.
Жаҳонга таниқли сўз санъати дарғаларининг ўзбекнинг назокатли, қалби садоқат нурларидан мунаввар, ҳижронга бўй бермаган вафо маликаси Зулфияхоним ҳақида тўлиб-тошиб, тўлқинланиб айтган сўзлари, фикрлари қувваи ҳофизамизда жонланади. Зулфиянинг дилбар шеърлари жаранг сочади ҳар бир гўшада. Ўзбекнинг ҳазрати Аёли – Зулфияхонимни хотиралаш, бу зоти мукаррамага ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш халқимиз учун доимий анъанага айланган.

Айни кунларда туманимизда ҳам Зулфияхоним таваллудининг 105 йиллигига бағишланган шеърият кечалари бўлиб ўтмоқда. Яқинда туман Маданият маркази биносида Зулфияхоним таваллудининг 105 йиллиги ҳамда 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган “Балли, қизлар!” кўрик-танлови бўлиб ўтди. Туман Мактабгача таълим бўлими томонидан ташкиллаштирилган кўрик-танловда 73-,24-,42-,38-,2-,13-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбиячилари ўзаро беллашдилар.
Асосий 5 та шарт бўйича ўтказилган кўрик-танловда иштирокчиларнинг аввало тил ва адабиёт бўйича нечоғлик билимга эга эканликларига эътибор қаратилди. Яъни, ўзларини шеърий таништириш асносида иштирокчиларнинг ўз она тилига эътибори, нутқий маданияти, касб этикасига амал қилишларига аҳамият берилди.
Бевосита шеъриятга тааллуқли бўлган иккинчи шарт эса Зулфия шеърлари асосида баҳри-байт айтиш билан давом этди. Ушбу шартда иштирокчиларнинг Зулфия ижодига бўлган эътибори, шеър танлаш санъати, ҳар бир сатрни ифодали ўқиши инобатга олинди.
Кўрик-танловнинг учинчи шарти янада қизиқарли ва ҳаяжонли бўлди. Бу шартда иштирокчилар ўзларига ажратилган 15 дақиқалик вақт ичида қўл меҳнатининг мўъжизаси сифатида ранг-баранг гулқоғозлардан эркин сюжет, бирон бир манзара ёки ҳолат яратиши талаб этилди.
Тўртинчи шарт ижроси учун 10 дақиқалик вақт берилди. ушбу вақт ичида иштирокчилар эркин мавзуда ўз санъатларини намойиш этишди. Иштирокчи қизлар Шоҳида Ҳайитбоева, Шоҳиста Казакова, Феруза Ўрозметова, Юлдуз Усмонова, Зевар Искандарова ҳамда Ирода Бобожоновалар бири-биридан қолишмасдан ўз маҳоратларини кўрсатдилар. Шеър-у қўшиқ, рақслар ижросидан кўрик-танловни кузатиб бораётган томошабинлар ҳам мамнун бўлишди.

Ўзларининг пазандалик санъатларини 15 дақиқалик вақт ичида маҳорат билан намойиш этган қизлар баҳорий салатлар тайёрлашда ҳакамлар ҳайъати аъзоларини ҳам ҳайратлантира олдилар.
Ўзбекнинг оташнафас шоираси Зулфияхоним даҳосига чексиз ҳурмат-эътиром, яқинлашиб келаётган 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишлаб ўтказилган “Балли, қизлар!” кўрик-танлови барчага бири-биридан завқли лаҳзаларни ҳадя этди. Вафо ва садоқатни, баҳорни мадҳ этувчи шеърлар оҳанги қалбларга соҳир туйғуларни жойлаб, беллашувда ўз маҳоратларини намойиш этган қизлар ижросидаги дилбар ашула ва рақслар, топқирлик баҳсига чорловчи баҳри-байтлар ҳар дилда ҳавас уйғотиб, кўнгилларга хушнудлик бағишлади.
Кўрик-танлов ғолиблари ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶