22-СОНЛИ МАКТАБ ҲУДУДИДА “ЁШЛАР БОҒИ” БАРПО ЭТИЛДИ
Чойкўл овулида “Юртимизни боғ-роғларга буркаймиз!” шиори остида баҳорги кўкаламзорлаштириш ишлари аллақачон бошланиб кетди. Овул ҳудудидаги маҳаллалар фаоллари, нуроний отахонлар бошчилигида кўча бўйлари ободонлаштирилиб, аҳоли томорқаларига мевали дарахтлар кўчатлари ҳамда эртанги сабзавотлар экишга киришилди. Айниқса, гузар йўллар, кўчалар бўйларидаги ариқлар тозаланиб, маҳаллий оқ терак, бўй терак, қорамон, оқ тол ва шўрга чидамли жийда дарахти қаламчалари экилмоқда. Бу ишларда ёшларнинг ҳам фаол иштирок этаётгани, уларда келажакка дахлдорлик туйғусини камол топтиришда муҳим аҳамият касб этади, албатта.
Кўкламнинг илк кунлариданоқ овул ҳудудидаги 22-сонли умумтаълим мактаби яқинида жойлашган 90 сотихлик қаровсиз ерда ҳам “Ёшлар боғи”ни барпо этишга киришилди. Янгидан бунёд этилаётган “Ёшлар боғи”га илк кўчат ўтқазиш ишларини бошлашдан олдин 22-сонли умумтаълим мактабининг фахрий ўқитувчилари – кекса устоз-отахонлар Қувват Юсупов ҳамда Бегмурод Шомуродовлар оқ фотиҳа бердилар.
Шундан сўнг, боғ учун мўлжалланган майдонга мевали дарахт кўчатлари экишга киришилди. Кўчат экиш ишларида Чойкўл овул фуқаролар йиғини раиси Яхшимурод Аҳмедов, 22-сонли мактабнинг собиқ ўқувчиси, таниқли шифокор Муҳаммаджон Норбоев, овул фаолларидан Комилжон Матқурбонов, Нурулла Раҳимов ва фуқаролар йиғини мутахассиси Сайлихон Муродбоевлар бош-қош бўлдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, янги боғ учун мўлжалланган ерни кўчат экишга тайёрлаш, зарур техника воситалари билан таъминлаш, мевали дарахт кўчатларини етказиб бериш ҳамда барча ишларни рисоладагидай ташкиллаштиришда 22-сонли мактабнинг собиқ ўқувчиси “Йўлдошев Анвар” фермер хўжалиги раҳбари Анвар Йўлдошевнинг кўрсатган беғараз ёрдами катта бўлди. Анвар Йўлдошевнинг саъй-ҳаракатлари билан 300 туп сарҳил нок кўчатлари келтирилиб, шу куннинг ўзида сифатли ўтқазилди.
Шу куни ўтқазилган кўчатларнинг тупроққа илдиз қўйиб, ривожланиши ва зарур агротехник тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўладиган барча ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, боғнинг ер майдонига сув келтириш учун зарур бўлган ариқлар қазилди, аввалдан мавжуд бўлган сув йўллари тозаланиб, атроф-муҳит ободонлаштирилди.
Олдин ҳам 22-сонли мактабнинг агромайдони сифатида парвариш қилинган ушбу боғда олма, ўрик, узум, олча, беҳи каби мевали дарахтлардан яхшигина ҳосил олинарди. Ҳар йили 1 сентябрда мевалар терилиб, ўқувчилар учун мактаб ҳовлисида мевалар сайли ташкил қилинарди. Кейинчалик сувсизлик ва қаровсизликдан, қолаверса, дарахтларга вақтида шакл берилмаганидан боғ қуриб қолди. Эндиликда бу ерда янада яхшироқ янги боғ бунёд бўлаётгани овулдаги катта-кичикни жуда қувонтирди. Бу ишга катта ҳисса қўшган Анвар Йўлдошевдан ҳам, албатта, жуда миннатдор бўлишди.
Ҳақиқатан ҳам, эътибор қилинмаса, шовуллаб турган сойлар суви тортилади, қурийди. 22-сонли мактаб учун янгидан, замонавий бино қурилди, эски мактаб биноси ўрни текислаб ташланди, шу билан мактабнинг агромайдони ҳам қаровсиз қолганди. Бугунги авлодлар ўзларининг тарихий ўзанларига қайтиб, бобомерос қадриятлари қадрини баланд тутмоқдалар.
Боғ яратиш ҳам энг хайрли, энг қадимий қадриятдир. Кексалар дуоси ва ёшлар ғайрат-шижоати билан эски боғ майдони ўрнида янги “Ёшлар боғи” бунёд этилди. Ёшларнинг ўзлари бунёд этган бу мевазор боғ мустақиллик боғларидан бири сифатида узоқ йиллар гуркираб, мева бераверади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶