ТАҚДИРНИНГ УЛУҒ ТУҲФАСИ
Ақл-у шууримизни ёритиб турган нур қайдан? Бу нур қачон вужудимизга мангу баҳорий нафас бахш этди? Қай куни ана шу нур оғушида орзунинг ойдин йўллари сари дадил қадам қўйдик? Қаерда? Албатта, мактабда! Бизга алифбе сабоқларини ўргатган устоз меҳри билан нурланади қалбимиз. Ана шу меҳр оғушида орзулар осмонида парвоз қиламиз, униб-ўсамиз, ҳаёт синовлари аро тобланамиз. Бу – илм-ирфон йўли!
Нодирахон илк ҳарфни таниб, алифбени ўрганганида ҳали мактабга ҳам чиқмаган эди. 11-сонли умумтаълим мактабида ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчилари бўлиб ишловчи ота-онаси Саъдулла оға ва Энажон опа барча фарзандларини, жуда эрта илм йўлига бошлаган устоз бўлдилар. Нодирахон 1-синфга қадам қўйганида ҳижжалаб ўқиш ва ёзишни ҳам ўрганиб олган эди. Лекин зеҳни ўткир қизалоқ айнан ота-онаси каби тил ва адабёт йўналишини эмас, балки математика фанини танлади. 11-сонли мактабнинг математика фани ўқитувчиси (раҳматлик) Алламберган Қурбониёзов, айни кундаги мактаб директори, тажрибали математик Зулфия Юсуповалардан бу фан сирларини чуқур ўрганишга киришди.
Нодиранинг қизиқишларига бефарқ бўлмаган ота-онаси уни Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги С.Х.Сирожиддинов номидаги математика лицейига олиб боришди. Тест синовларидан муваффақиятли ўтган Нодирахон Отажонова 1992-1994 йилларда мазкур ўқув даргоҳида таҳсил олди.
– Устозларим М.Мирзааҳмедов ва А.Саидовлардан доимо миннатдорман, –дейди Нодира ўзини математика фани сир-синоатларига ошно этган устозларини эсларкан. – Улар мени жуда авайлашарди, олисдан келган, деб ҳатто менга қўшимча машғулотлар ўтиш учун ҳам вақт ажратишарди.
Лицейни муваффақиятли тугатган Нодирахон 1995-1999 йилларда Қорақалпоқ Давлат Университетининг амалий математика факультетида таҳсил олиб, ушбу илм даргоҳини муваффақиятли тугатди. Мана, 20 йилдан ошдики, у ёш авлодга математика фанидан сабоқ бериб келмоқда.
Ҳаёт интилувчан, фидойи инсонлар учун ҳақиқий мактаб ва устоздир. Нодирахон ўз фаолияти давомида мактабдан ўзига ҳам илм, ҳам куч олди, ана шу буюк устоз таълими туфайли орзулар йўлида интилишдан сира чарчамади, дадил олға интилди. Бугун эса унинг ўзи кўплаб ёшларга устоз – 18-сонли умумтаълим мактабининг олий тоифали математика фани ўқитувчиси.
Нодирахоннинг оилавий ҳаёти ҳам ҳавас ва ҳурматга муносиб. Умр йўлдоши Эркин Алламберганов ҳам олий тоифали математика фани ўқитувчиси. Иккаласи бир даргоҳда, бир мақсад йўлида меҳнат қилишади. Бири-биридан ақлли, билимдон фарзандларни тарбиялаб вояга етказишмоқда.
– Қайнонам Айша Исмоилова ҳам фахрий ўқитувчи, – дейди меҳр билан Нодира. – 18-мактабда ишлаб, нафақага чиққанлар.
Оиладаги ўзаро меҳр-оқибат, гўзал маънавий муҳит фарзандлар таълим-тарбиясида ҳам ўз ифодасини топган. Нодирахон билан Эркинжоннинг катта ўғли ҳам бўлғуси математика фани ўқитувчиси, айни пайтда ҚДУ математика факультети талабаси. Яна бир ўғли эса ҚДУ қошидаги академик лицейда аниқ фанлар йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Ўқувчилари, шогирдлари орасида билимлар беллашуви, фанлар олимпиадаси ғолиблари талайгина. Ўзи билан ёнма-ён ишлаётган, ўқитувчилик касбини танлаган, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги ўқув даргоҳларида математика ва иқтисодиёт йўналишларида таҳсил олаётган шогирдлари бисёр. Уларнинг ҳар бир ютуғидан Нодиранинг кўнгли тоғдай юксалади. Ҳаётда ўз йўлини топиб, элда обрў-эътибор топаётган шогирдларини кўрганида, уларнинг “устоз” деб самимий боқиб туришларини ҳис этганида қалби қувончга тўлади. Меҳнатлари эл-юрт ҳаётига файз бағишлаётганидан ич-ичидан фахрланади. Устоз учун тақдирнинг энг улуғ туҳфаси ҳам шу – эл-у ҳалққа манфаат етказган меҳнатининг мевасини кўрмоқдир. Нодирахон Отажонова ана шундай бахт соҳибаси.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶