Мактабгача таълим ташкилотида сумалак сайли ўтказилди
Бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам баҳорнинг илк байрами Халқаро хотин-қизлар куни кенг нишонланди. Барча овул, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида байрам муносабати билан тадбирлар ўтказилиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди.
Аслида навбаҳор ила қадам бақадам кириб келувчи ушбу айём юртимизда байрамлар фаслини ҳам бошлаб беради. Азалдан ҳам кўкламга етишган халқ ўз хурсандчилигини турли удумлар билан уйғунлашиб кетган тадбирлар орқали ифода этиб келади. Айниқса, Наврўзни ризқ ва баракадан, янгиланиш ва ёшаришдан нишона деб катта тантана билан кутиб олиб, хурсандчилик қилишади.
Ҳа, меҳрибон ва мунис, фарзанди бахти-камоли йўлида ҳар қанча заҳматлар чекса-да, заррача оғринмайдиган фидойи ва саботли муҳтарама аёл-қизлар байрами тантаналари ҳали давом этаётган бир вақтда халқимизнинг асрлар оша яшаб, бизгача етиб келган миллий байрами – Наврўзи оламни муносиб нишонлаш учун тадориклар бошланиб кетди.
Манғит шаҳрида фаолият кўрсатаётган 40-сонли мактабгача таълим ташкилоти меҳнат жамоаси байрам олдидан Наврўзнинг шоҳ таоми - сумалак сайлини ташкил этишди.
Тадбир якшанба куни ташкиллаштирилди ва унга ташкилотнинг бутун меҳнат жамоасидан ташқари узоқ йиллар шу ерда меҳнат қилиб, ёшга доир пенсияга чиққан, оиласи бағрида дам олаётган меҳнат фахрийлари ҳам таклиф қилинди.
Бугунги кунда ушбу ташкилотда 150 нафар болажонлар таълим-тарбия олишмоқда. Шунингдек, 4 та қисқа муддатли мактабга тайёрлов гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг яхши таълим-тарбия олиб, мактаб таълимига сифатли тайёрланиши учун 16 нафар педагог ходимлар сидқидилдан ҳаракат қилишмоқда. Мактабгача таълим тизимига жорий этилаётган янгиликлар, фаол методларни тарғиб этишга бағишланган турли семинар-тренинглар, малака оширишга бағишланган намунавий очиқ дарслар кўпинча шу ташкилотда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Чунки касбий кўрик-танловларда мазкур ташкилот тарбиячилари муваффақиятли қатнашиб келишмоқда, болажонлар туманда ўтказиладиган умумхалқ байрамларида доимо мусиқий дастури билан иштирок этишиб, эътибор қозонишмоқда.
Таълим-тарбия билан узвий равишда олиб борилаётган турли спорт, мусиқа, инглиз тили тўгараклари болажонларнинг иқтидори тобора юксалишини таъминлаяпти.
Ташкилотдаги сумалак сайли ходимлар, меҳмонлар учун ўзига хос маданий ҳордиқ чиқариш куни бўлди, десак хато бўлмас. Бир маромда қайнаётган сумалак дошқозони атрофида ўйин-кулгулар, ҳатто қайноқ меҳнат жараёни ҳам кўнгилларда эзгу ҳисларни уйғотди. Фахрийлар билан суҳбат асносида, уларнинг маслаҳатларига кўра, сумалак қайнатиш жараёни, тўкин дастурхон атрофидаги ўйин-кулгулар кўнгилларда ўчмас таассуротлар қолдирди. Ўзаро меҳр-оқибат ришталарини яна ҳам мустаҳкамлади.
Эртасига эрталаб мактабгача таълим ташкилотида тарбияланувчиларга бирин-кетин сумалак улашишганида болажонларнинг қувончини ҳеч нарсага қиёслаб бўлмасди.
Ҳа, 40-сонли мактабгача таълим ташкилотида тотли таом – сумалак сайли ана шундай ўчмас таассуротларга бой бўлди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶