Жиноятчилик профилактикасини янада кучайтиришга бағишланган йиғилиш ўтказилди
Бугунги кунда мамлакатимизда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг камайишига, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилишга қаратилган қатор чора-тадбирларни амалга оширилмоқда.
10 март куни туман ҳокимлигининг мажлислар залида жорий йилнинг шу давригача бўлган вақт оралиғида содир этилган жиноятлар, уларни келтириб чиқарган омилларни таҳлил қилиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Мазкур йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Айтбой Темирханов, вазир ўринбосари Ўмирбой Турдибаев, туман бош прокурори Жавлон Муфтуллаев, туман ҳокими ўринбосари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, туман Ички ишлар бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Отабек Машарипов, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одилбек Аширбаев, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари Азиз Қурбониёзовлар қатнашдилар. Қолаверса корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, туман Ички ишлар бўлимининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспекторлари, фуқаролар йиғинлари раислари, масъул котиблари, мутахассислари ҳамда профилактика инспекторлари ёрдамчилари ҳам иштирок этдилар.
Йиғилишни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев кириш сўзи билан очди ҳамда олиб борди.

Кун тартибидаги масала юзасидан дастлаб Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири Айтбой Темирхановнинг ахбороти тингланди.
Ахборотда таъкидланганидек, давлатимизда хар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, жиноятнинг олдини олиш бўйича давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда профилактик ишларни амалга оширишнинг янги тизими яратилганлиги натижасида сўнгги 3 йилда мамлакатимизда жиноятчиликни кексин камайтиришга эришилди. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 2019 йилда содир этилган жиноятлар 98 тага, яъни 4,98 фоизга, шунингдек, туманимизда эса бу кўрсаткич 19,4 фоизга, яъни 124 тадан 100 тага камайишига эришилди.
Йиғилиш давомида, шунингдек, 2020 йилнинг 2 ой 10 куни давомида туман ҳудудида жами жиноятлар сони, айниқса, хотин-қизларнинг жиноят содир этиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан кўпайганлиги танқид ҳамда таҳлил қилинди. Бу борада йўл қўйилган хато ва камчиликлар аниқланиб, тегишли хулосалар чиқарилди.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазир ўринбосари Ўмирбек Турдибоев масала юзасидан фикр ва мулоҳазаларини билдирди. У ўз сўзида жиноятларнинг олдини олиш, уларнинг сони ошиб кетишига йўл қўймаслик учун профилактика инспекторлари маҳалла раиси билан биргаликда ҳар куни Ички ишлар бўлими ва Тиббиёт бирлашмасида ҳисобда турган шахслар билан профилактик суҳбатлар олиб бориш, уларнинг яқинлари билан алоҳида мулоқотлар ўтказиш ишлари жонлантирилса, жиноят содир этилиши камайишига эришилишини таъкидлади.
Туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, Намуна маҳалла фуқаролар йиғини раиси Кўклан Юсупов, Қиличбой овул фуқаролар йиғини раиси Баҳром Қодировлар ушбу масалалар юзасидан ўз муносабатларини ва таклифларини билдиришди.
Шунингдек, туман ҳокими Султонбой Йўлдашев туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, профилактика қилиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш борасида тарғиботни янада кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берди ҳамда фуқаролар йиғинларида ёшлар билан ишлаш ҳолатини яхшилаш, уларнинг бандлигини таъминлашни йўлга қўйиш, келгусида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш лозимлигини таъкидлади.
Кун тартибидаги масала юзасидан берилган ахборот ва билдирилган таклифлар атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Чарос Арслонова,
туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶