ЎҒИРЛИКНИНГ ОХИРИ ХОРЛИК БЎЛДИ
Шу йилнинг 11 июнида Бештом маҳалласида туман Ички ишлар ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамкорлигида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, бунда фуқароларни ҳам ҳушёрлик ва огоҳликка чақириш маслалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов, туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Алишер Йўлдошев, Бештом маҳалла фуқаролар йиғини раиси Озод Сийтимовлар иштирок этдилар. Масъуллар йиғилишда дастлаб жамиятимизда амал қилинаётган қонуний-меъёрий ҳужжатларга бўйсуниш, соғлом ҳаёт кечириш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлиги, акс ҳолда қонуний жазога тортилиши муқаррарлиги ҳақида йиғилиш иштирокчиларига кенг тушунчалар бердилар.
Йиғилишда иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, фаоллари ва аҳоли вакиллари ҳам кун тартибидаги масала юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Шунингдек, маҳалла ҳудудида икки кунда иккита ўғирлик жиноятини содир этган, ҳатто вояга етмаган ўғлини ҳам ўзининг тубан ишига яъни навбатдаги ўғирлик жиноятига шерик қилган ва жинояти иссиқ изида фош этилиб, эл ичида ўғри деган ном олган фуқаронинг ишларига ҳам муносабатини билдирдилар.
Гап шундаки, ушбу жиноятни содир этган айбдор Қипчоқ овулида истиқомат қилувчи фуқаролардан бирининг Бештом маҳалласи ҳудудида, уйидан анча йироқда, фермер хўжалиги даласида боғлаб қўйилган, бозор баҳоси икки ярим млн. сўмча келадиган ҳўкизини кўриб, унга эга чиқишни истаб қолади. Шу ниятни амалга ошириш ниятида ярим кечада, ҳамма ором олаётганда ҳўкизни ўғирлаб кетади ва ўз уйига олиб бориб боғлаб қўяди. Шу тариқа осонгина пул топиш мумкинлигидан қувониб, орадан икки кун ўтгач, ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи яна бир фуқаронинг уйи олдидаги бостирмасига боғлаб қўйилган соғин сигирини ҳали вояга етмаган, мактаб ўқувчиси бўлган ўғли билан бирга ўғирлаб, уни ҳам жиноятига шерик қилади. Ҳаёт инсонга эзгу амаллар, хайрли ишлар қилиши учун ато этилган имконият эканлигини, қилган ҳар бир яхши иши билан ҳаётини безаши лозимлигини қалбига сингдириши, орқасида эларо яхши ном қозониб яшаши лозимлигини ўргатиш ўрнига, у ўз зурриёдини ҳам нопок йўлга бошлади.
Ўғрига мол кўп. Лекин ҳеч бири сўровсиз эмас. Буни мазкур фуқаро ҳам хонадонига туман Ички ишлар бўлимининг жиноят қидирув бўлинмаси ходимлари келиб, оғилида турган икки молни эгаларининг қўлига тутқазиб, ўзининг қўлига кишан солиб, олиб кетишганида англагандай бўлди. Унинг қилмишлари айнан у жиноятларни содир этган маҳаллада муҳокама этилгани бежиз эмас. Халқимизда ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма, деган ибора бор.
Ҳа, чиндан-да, ҳалол меҳнатлари эвазига бунёдга келган мол-у давлатини ҳар ким ўзи кўз қорачиғидай асраши, масъулият билан қараши, нопок инсонлардан эҳтиёт қилиши ҳам зарур. Акс ҳолда юқорида баён қилганимиздай, ўғрига ўлжа бўлиши ҳам мумкин.
Йиғилишда бу ҳақда батафсил сўз юритилди, маҳалла ҳудудида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган ишларни янада яхшилаш, ёзги таътил кунларида ўқувчиларни ҳам назоратсиз қолдирмаслик, тарбияни айнан боланинг ёшлигидан бошлаш лозимлиги ҳақида аҳоли фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Йиғилишда икки кунда икки ўғирлик жиноятини содир этиб, бировларнинг ҳалол молига эга чиқмоқчи бўлган, аммо жинояти фош бўлиб, эларо юзи шувут бўлган фуқаро ҳам қўлларига кишан солинган ҳолда жабрланганлардан узр сўради, қилган қилмишларидан пушаймонлигини билдирди. Энди унинг айбига яраша жазосини одил суд беради. Бундан тўғри, тегишли хулоса чиқариш, такрор содир бўлишининг олдини олиш эса ҳаммага дахлдор вазифа.
Шуни унутмайликки, бу дунёда ҳалол яшаш, фарзандларини ҳалол ризқ билан боқиш ҳар бир ота-онанинг бурчи. Ўғирликнинг охири эса хорликдир. Бу йиллар давомида ўз исботини топиб келаётган ҳақиқатдир.
Орифжон Қосимов, Ички ишлар бўлими ҲПБ бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶