ЎЗБЕКИСТОНДА ПАНДЕМИЯ МУНОСАБАТИ БИЛАН СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ БЕРИЛМОҚДА
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳолини, айниқса, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини таъминлаш, санитария-эпидемиологик вазият яхшиланишига қараб ушбу субъектларни жадал қайта тиклаш, шунингдек, иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида қатор чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 20 июлдаги 6029-сонли Фармонига асосан қатор имтиёзлар белгиланди.
Хусусан, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари ва биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан, жисмоний шахслар эса кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилади. Мол-мулкини, бинолар ва автомобиль транспортини ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ борасида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади. Ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилади.
2020 йил 1 апрелдан 2020 йил 31 декабрга қадар умумий овқатланиш корхоналари алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғимни тўлашдан озод қилинади. Президентнинг 2020 йил 19 мартдаги ПФ–5969-сон Фармонида белгиланган алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи корхоналарнинг ажратмалари миқдорини 5 фоиздан 3 фоизга пасайтиришга доир имтиёз муддати 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
Умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилади. Фармонга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб умумий овқатланиш корхоналари учун белгиланган ходимларнинг йиллик ўртача сони 25 нафардан 50 нафарга оширилди.
2021 йил 1 июлга қадар умумий овқатланиш корхоналари карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб Ҳукумат томонидан ўрнатилган жойлаштириш, қуриш ва фойдаланиш бўйича вақтинчалик талабларга риоя қилган ҳолда ҳамда туман, шаҳар ҳокимликларини хабардор қилиш орқали истеъмолчиларга овқатланиш хизматларини кўрсатиш учун ўзларига туташ бўш ер участкаларида енгил конструкцияларни бепул жойлаштириш ва қуриш ҳуқуқига эга бўлади.
2021 йил 1 июлга қадар карантин чекловларининг бекор қилинишига қараб тадбиркорларга маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан шартнома тузмасдан давлат солиқ хизмати органларини савдо муддати, маҳсулоти ва транспорт тўхташи тақиқланмаган жойларни кўрсатган ҳолда хабардор қилиш орқали автодўкон, автомагазин, автотиркама, автоцистерна ва фудтраклар орқали савдо қилиш ҳуқуқи берилади.
Давлат солиқ қўмитаси ўзининг расмий сайти ва мобиль иловалар орқали кўчма савдони бошлаш тўғрисида электрон хабарномаларни бепул қабул қилишни таъминлаши белгиланди.
Шунингдек, умумий овқатланиш корхоналарида истеъмолчиларга овқатланиш ёки ҳордиқ чиқариш хизматларини кўрсатиш учун енгил конструкцияларни жойлаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш бўйича вақтинчалик талаблар тасдиқланади.
2021 йил 1 январга қадар халқаро тажрибадан келиб чиқиб, умумий овқатланиш корхоналарининг мавсумий кафелари ишлаши, шунингдек, кўчма савдони амалга ошириш тартиби тасдиқланади. Фармонга мувофиқ, 2020 йилда Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган ҳолларда, солиқ тўловчиларга солиқ ҳисоботларини тақдим этиш муддатларини беш кундан кўп бўлмаган муддатга кечиктирганлик учун жарима солинмайди.
Президентнинг 2020 йил 18 майдаги ПФ–5996-сон Фармонида белгиланган қуйидаги солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади. Яъни, мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича ҳам қатор имтиёзлар берилди. Кичик тадбиркорлик субъектлари учун бозорлар ва савдо комплекслари, кинотеатрлар, умумий овқатланиш, жамоат транспорти корхоналари, спорт-соғломлаштириш муассасалари, шунингдек, йўловчи ташиш, маиший хизматлар кўрсатиш, биноларни, шу жумладан банкетлар ўтказиш учун ижарага бериш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод қилиш бўйича берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати узайтирилди. Микрофирма ва кичик корхоналардан 2020 йил 15 май ҳолатига солиқлар, пенялар ва солиқ қонунчилигини бузганлик учун ҳисобланган жарималар бўйича мавжуд бўлган қарздорликни ундириш тўхтатилди.
Божхона органларига мурожаат қилган кунгача бир йилдан кам бўлмаган муддат давомида ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошираётган микрофирма ва кичик корхоналар, кейинчалик кечиктирилган суммани 120 кун мобайнида тенг улушларда тўлаш шарти билан, товарларни (истеъмол товарларидан ташқари) олиб киришда ундириладиган божхона божи ва акциз солиғини тўлаш муддатини кечиктиришига рухсат берилди.
Умумий овқатланиш корхоналари ижтимоий солиқнинг пасайтирилган ставкасини ишчиларнинг сонидан қатъи назар қўллайди.
Аудиторлар, риэлторлар, баҳоловчилар, актуарийлар, аптека ва уларнинг филиаллари мудирлари, туристик ташкилотларнинг ишчилари ва гидлар, яъни экскурсоводлар, хорижий тиллар ўқитувчиларининг 2020 йил 1 мартда тугайдиган малакавий сертификатлари муддати навбатдаги малакавий имтиҳонларни ўтказиш санасига қадар узайтирилади.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Саховат ва кўмак” фонди, “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига, шу жумладан уларнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлардаги бўлинмаларига беғараз ёрдам бериш (беғараз ёрдам олиш) қисмида фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи, айланмадан олинадиган солиқ ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзларнинг амал қилиши 2020 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.
З.ҚУРБОНБОЕВ,
туман ДСИ Солиқ солиш бўйича маслаҳат шўъбаси бош инспектори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶