СОЛИҚ ИМТИЁЗЛАРИ ТАДБИРКОРЛАРГА МАДАД БЎЛМОҚДА
Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловларига кўра кўпгина соҳалар фаолияти тўхтатиб қўйилган эди. Натижада умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари вақтинча даромадидан айрилдилар. Бироқ санитария-эпидемилогик вазият яхшиланиши натижасида карантин қоидалари юмшатилиб, умумий овқатланиш шохобчаларига белгиланган тартиб-таомиллар асосида иш бошлашига рухсат берилди.
Муҳтарам Юртбошимизнинг “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги шу йил 20 июлда қабул қилган Фармонига асосан коронавирус пандемияси даврида аҳолини, айниқса, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасидаги тадбиркорлик суъбектларини кўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадларини таъминлаш, ушбу субъектларни жадал қайта тиклаш, шунингдек иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида солиқ имтиёзлари берилди.
Хусусан, Фармонга мувофиқ 2020 йил 1 июлдан 2020 йилнинг 31 декабрига қадар умумий овқатланиш корхоналари ҳамда биноларни ижарага беришга ихтисослашган корхоналар айланмадан олинадиган солиқдан озод этилди.
Умумий овқатланиш корхоналарига алкоголь маҳсулотларини етказиб бериш орқали сотиш ҳуқуқи берилди.
Фармонга мувофиқ жорий этилган солиқ имтиёзлари ва шарт-шароитлар пандемия даврида даромад топмаган умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун улкан мадад бўлди, дейиш мумкин.
“Ўринбой Содиқ” оилавий корхонаси 2013 йил 23 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Оилавий корхона асосан умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритади. Раҳбар Раҳимбой Жуманиёзов ҳам пандемия даврида корхонаси фаолият кўрсатмаганлиги учун солиқлар тўлашда муаммоларга дуч келди. Бироқ айни кунда Президентимизнинг Фармонига кўра, жорий этилган солиқ имтиёзлари, яратилаётган имкониятлар корхонанинг яна тўла қувватда ишлай бошлашига замин бўлди.
Умумий овқатланиш корхонаси, яъни ошхона фаолиятини амалга оширувчи “Виктория Холдинг” масъулияти чекланган жамияти меҳнат жамоаси ҳам мамлакатимизда пандемия даврида тадбиркорлик субъектларининг ўз фаолиятларини қайта йўлга қўйиб, муносиб даромад топишлари учун қилинаётган ғамхўрликлардан хурсанд. Боиси Манғит шаҳрининг Қипчоқ кўчасида жойлашган Малоҳат Нурманова раҳбарлик қилаётган ушбу корхонада кўплаб ёшлар меҳнат қилиб, маош олишади. Солиқлар борасида жорий этилган имтиёзлар корхона даромади юқори бўлишини ва ишчи ўринлари сақланиб қолишига замин бўлди.
Манғит шаҳрининг Бердақ кўчасида жойлашган “Мангит Чузма Лағмонлари” масъулияти чекланган жамияти 2011 йилдан бери умумий овқатланиш корхонаси фаолиятини амалга ошириб келмоқда.
Бу борада корхона раҳбари Зафар Қодиров ўзига хос тажриба ва малакага эга бўлса-да, пандемия даврида ишчи ўринларини қандай сақлаб қолиш юзасидан ўйланиб қолди. Ахир солиқлар, иш ҳақлари ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиб борилиши ҳам керак-да. У карантин чоралари юмшатилиб, фаолиятига рухсат берилгани, солиқдан имтиёзлар жорий этилиб, фаолияти қўллаб-қувватланаётганидан жуда хурсандлигини сифатли хизмат кўрсатиш орқали ифода этмоқда.
Ҳа, мамлакатимизда коронавирус пандемияси даврида аҳолини, айниқса, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасида тадбиркорлик субъектларини қўшимча равишда қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромад топишларини таъминлаш борасидаги ғамхўрликлар ўзининг қувонарли натижаларини бераётир.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶