НАФСИГА ЭРГАШДИ, ЮЗИ ШУВУТ БЎЛДИ
Нафс балоси одамни не кўйларга солмайди. Агар меҳнат қилишни ўзига эп кўрмайдиган, дангаса одам бўлса-ю, ана шу нафс балосига йўлиқса борми, ҳаёти издан чиқиб, эл ичида шарманда бўлиши аниқ.
Туманимиздаги маҳаллалардан бирида яшовчи Салим Шоимов (исм-шарифи ўзгартирилди) ана шундай, нафсини жиловлай олмаган, оқибатда нафс қулига айланиб, жиноят кўчасига кирганлардан. У Россияда ишлаб, фарзандлари эҳтиёжи учун пул жўнатиб турган хотини ўша томонларда вафот этгач, оиласини таъминлаш учун пул топишнинг осон йўлларини излай бошлади... ва ниҳоят бу “йўл”ни топди. Ҳозир очиқ далада нима кўп, қорамол кўп. Битта-яримтасини ўғирлаб, сотиб юборса, ким билиб ўтирибди?
Салимбой ушбу режасини амалга ошириш учун ярим тунда ўзига тегишли эшкакли қайиғи билан дарёнинг ўнг қирғоғига ўтди. Тун қоронғилигида биринчи дуч келган қорамолнинг қозиғини суғурди-да, қайиққа юклаб, тезда ортига қайтди. “Молнинг изини ҳеч ким топа олмайди, - ўзига-ўзи тасалли берди у, - ўртада дарё бор...”
Ҳақиқатан ҳам унинг ўғирлиги бир муддат сирлигича қолди. Бу орада қорамолни яхшигина пуллаб, бир-икки кун ҳузур қилиб яшаган Салимбойнинг ҳаром луқмага ҳаваси ортди, нафсига эргашиб яна дарёнинг, ўнг қирғоғига ўтди. Бу гал ёлғиз эмас, вояга етмаган Ҳалимбой Шоимовни (исм-шарифи ўзгартирилди) ўзига шерик қилди. Икковлон ярим тунда дарёнинг ўнг қирғоғидан чап қирғоғига ўтишди, яна бир фуқаронинг молхонасида боғловли турган қорамолини ўғирлаб, қайиққа юклашди ва... сотиб юборишди.
Халқимизда: “ўғирликнинг умри қирқ кун”, деган ибора бор. Ота-бола томонидан қилинган ўғирликнинг “умри” эса қирқ кунга ҳам етмай фош бўлди. оқибатда эса енгил ҳаёт кечириш, ишламай тишлашни режа қилган Салимбой ўз нафсининг маҳкумига айланди. Овул-элда мол ўғриси, деган ном олди, ҳамқишлоқлари назаридан қолди.
Жиноят ишлари бўйича Амударё туман судида унинг бу қилмиши муҳокама этилиб, одил суд томонидан жазога тортилди. Салимбой Шоимовга жазо тайинлашда, албатта, давлатимизнинг кечиримлилик, инсонпарварлик тамойилларига амал қилинди. Жабрланувчиларга етказилган зарарлар тўлиқ қоплаб берилгани, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандларининг борлиги, оилавий аҳволи, ОФЙ томонидан берилган кафолат хати ҳамда унинг чин кўнгилдан пушаймонлиги инобатга олинди ва енгилроқ жазога ҳукм этилди.
С.ДАВЛЕТМУРОДОВ, Жиноят ишлари бўйича Амударё туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶