11 НАФАР ҲАМЮРТИМИЗГА “МЕҲР-САХОВАТ” КЎКРАК НИШОНИ БЕРИЛДИ
Ҳозирги пандемия шароитида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган, жамиятимизда тинчлик-осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлашда фаол иштирок этиб, беғараз ҳомийлик ёрдами ҳамда эзгу ишлари билан кўпчиликка алоҳида ўрнак бўлаётган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида Президент фармони билан “Меҳр-саховат” кўкрак нишони таъсис этилган эди. Қувонарлиси шуки, туманимизда ҳам 11 нафар ҳамюртимиз ушбу кўкрак нишонига муносиб деб топилди.
24 сентябрь куни туман ҳокимлиги биносида туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосарлари, бўлимлар раҳбарлари, ва туманимизнинг бир гуруҳ фаоллари иштирокида “Меҳр-саховат” кўкрак нишонини топшириш маросими бўлиб ўтди. Маросимда туман ҳокими нутқ сўзлаб, ушбу мукофотга лойиқ деб топилган юртдошларимизни самимий қутлади.
Туман ҳокими ўз сўзида бутун дунёни ларзага солган пандемия даврида туманимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлашда ўзининг беминнат ёрдамини аямай оғир кунларда елкадош бўлаётган, меҳр-мурувват, хайр-саховат кўрсатаётган ҳамюртларимизга ўз миннатдорчилигини изҳор этди. Синовли бу кунлар ҳадемай ортда қолишини, ҳамжиҳатликда ушбу офатни енгиб чиқишимиз муқаррарлигини, айни пайтда карантин қоидаларига амал қилиш, атрофдагиларга ҳам буни тушунтириш, ишсиз ва эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш лозимлигини айтиб ўтди. Шундан сўнг, “Меҳр-саховат” кўкрак нишони ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.
Жумладан, муҳтарам Президентимизнинг “Меҳр-саховат” кўкрак нишонига тумандаги “Уста Aллаяр” фермер хўжалиги бошлиғи Ражаббай Султанов, “Бешбаев Қурбанғали” фермер хўжалиги раҳбари Қурбанғали Бешбаев, “Қорақалпоқ маҳсулотлари” масъулияти чекланган жамияти раиси Еркин Расулов, “Хўжакўл” фермер хўжалиги бошлиғи Хидирбой Хайдаровлар муносиб кўрилди.

Шунингдек, Санитария-эпидемиялогия назорати давлат инспекцияси Қорақалпоғистин Республикаси бошқармаси Aмударё тумани филиали мудири Дурбек Бобожанов, “Қурилишхизмат” масъулияти чекланган жамияти раиси Баҳодир Тўрабоев, “Мақсуд ўғли Раҳматжон” масъулияти чекланган жамияти директори Мақсуд Aбдуллаев, “Худайберган ота” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Рустам Aллакуловлар ҳам ушбу мукофотга лойиқ деб топилдилар.
Шу билан бирга Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “Гранд строй” хусусий корхонаси раҳбари Рашид Худайберганов, “Aмударё махсус қурилиш” масъулияти чекланган жамияти директори ўринбосари Жавлонбек Йўлдашев ҳамда “Полвонбой овули” фермер хўжалиги раиси Мансур Хўжааҳмедовлар ҳам ўзларининг хайр-саховат ишлари натижасида “Меҳр-саховат” кўкрак нишонига сазовор бўлдилар.
Тақдирлаш маросимига йиғилганлар кўкрак нишони соҳибларини давлатимизнинг бу каби юксак эътибори ҳамда рағбати билан самимий табрикладилар ва юртимиз бошига тушган оғир кунларда камарбаста бўлган юртдошларимизнинг ҳайр-саховат ишлари бошқаларга ўрнак бўлишини таъкидлаб, уларнинг келгусидаги фаолиятларида муваффақиятлар тиладилар.
Халқимизда “Савоб ишни ҳар ким, ҳар кун қилиши керак” деган ажойиб бир нақл бор. Мана шу ҳикматли сўзларга амал қилаётган, синовли кунларда савобли ишлар бошида туриб, ўзгаларга намуна бўлаётган юртдошларимизни ушбу мукофот билан самимий қутлаймиз.
Амударё туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶