ТУМАНДАГИ ФУҚАРОЛИГИ БЎЛМАГАН ШАХСЛАР ЎЗБЕКИСТОН ФУҚАРОСИ БЎЛДИ
Мамлакатимизда 2020 йил 13 мартда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуни билан фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги берилиши бўйича янги тамойиллар белгиланди. Қонунга биноан 1995 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий рўйхатдан ўтиб, фуқаролиги бўлмаган шахс учун яшаш гувоҳномаси билан яшаб келаётган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини тан олиш тартиби киритилди.
Ушбу қонун ҳужжати ижросини таъминлаш борасида туманимизда ҳам самарали ишлар қилинмоқда. Жорий йилнинг 28 сентябрь куни туман Ички ишлар бўлимида ҳудуддаги 29 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон фуқаролиги паспорти топширилди. Ушбу маросимда туман ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Aлишер Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Aмударё туманидаги Халқ қабулхонаси бошлиғи Эркин Ражабов, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов, туман прокурори ёрдамчиси Султон Ёрмуҳаммедовлар иштирок этдилар.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг шу даврига қадар туманда жами 85 нафар шахсларнинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш тўғрисидаги аризалари қабул қилинган бўлиб, аризалар туман Ички ишлар бўлимининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқаролик бўлими томонидан ўрганилмоқда. Шу кунга қадар улардан 49 нафарига Ўзбекистон фуқаролиги паспорти берилган бўлиб, қолган 36 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг аризалари ўрганилиб, Ўзбекистон фуқаролиги бериш чоралари кўрилмоқда.
Таъкидлаш керакки, янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши билан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш тартиб-таомиллари либераллаштирилди. Боланинг фуқаролик соҳасидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланиб, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги масалалари бўйича шикоят қилувчи шахсларнинг эътирозлари камаймоқда. Шунингдек, мамлакат ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган шахслар сони кескин қисқариб, юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига соддалаштирилган тартибда қабул қилинмоқда.
Тадбирда иштирок этган масъуллар ушбу қонун ҳужжати талабларига мувофиқ, чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган, 2020 йил 1 апрель кунига қадар фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган
ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган фуқаролиги бўлмаган шахс Қонунда кўрсатилган тартибда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олинишини айтиб ўтди. Ушбу келтирилган шартлардан лоақал бирининг мавжуд эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олишни рад этишга асос ҳисобланишини таъкидлашди.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниб, шахсини тасдиқловчи янги ҳужжатга эга бўлган юртдошларимиз кўп йиллик орзулари ушалганидан ниҳоятда хурсанд бўлдилар. Ҳар бири шу азиз Ватан, жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга имкон борича ҳаракат қилишларини айтиб, яқиндан ёрдам берган масъулларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶