КУНДАЛИК ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ НАРХИ АСОССИЗ РАВИШДА КЎТАРИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙИЛМАЙДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида шу йилнинг 16 октябрь куни ўтказилган “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари” тўғрисидаги видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган топшириқлардан келиб чиқиб, мамлакатимизда аҳолига кундалик истеъмоли учун зарур бўлган асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини жон бошига белгиланган меъёрларда, арзон, сифатли ҳамда узлуксиз етказилишини таъминлаш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш кабиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда тегишли вазирликлар, туманлар ҳокимликлари ҳамкорлигида аҳоли сонидан келиб чиқиб, кундалик эҳтиёж учун зарур озиқ-овқат ҳамда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг бозорларда сотилиши назоратга олиниб, нархларнинг барқарорлигини сақлаш чоралари кўрилмоқда. Бу борада туманимиз бозорларида ҳам маълум тартиб-қоидаларга амал қилиш чоралари кўрилмоқда. Яъни, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини биринчи навбатда туманимиз аҳолисига етказиб бериш ва сотиш учун деҳқон бозорларига олиб чиқилиши таъминланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Бош Прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармасининг тегишли хатларига кўра “Қорақалпоғистон Республикаси аҳолисининг ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарори ижросини таъминлаш мақсадида Манғит Деҳқон бозорида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркорлик субъектлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларига зарур тушунчалар берилиб борилмоқда.
Қарорга мувофиқ айни кунларда Манғит Деҳқон бозорида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари фермер, деҳқон ҳамда шахсий томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган озиқ-овқат маҳсулотлари қўлма-қўл ўтиб, баҳоси ўсишига йўл қўйилмасдан тўғридан-тўғри сотилиши устидан назорат ўрнатилди. Бозорда санитария, ветеринария қоидаларига риоя этилиши, тозалик, маҳсулотларнинг сифати, истеъмолга яроқлилигини ўрганиш ишлари доимий йўлга қўйилган. Бу борада бўлимимиз ходимлари туман санитария-эпидемологик осойишталик маркази ва туман Ветеринария бўлими билан ҳамкорликда иш олиб боришмоқда.
Аҳолини арзон нархдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида тумандаги фермер ва деҳқон хўжаликлари билан шартномалар тузилиб, ушбу маҳсулотларнинг арзон нархларда сотилишини таъминлаш мақсадида 20 та савдо ўрнига эга бўлган ярмарка ташкил этилди. Мазкур ярмаркада кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган ёғ, шакар, макарон, товуқ гўшти ва мева-чевалар арзон нархларда сотилмоқда. Шунингдек, туман хокимлиги томонидан тасдиқланган рўйхат асосида тумандаги чорвачилик фермер хўжаликлари ҳамда гўшт маҳсулотлари сотиш билан шуғулланувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан аҳолининг гўштга бўлган эҳтиёжини маълум миқдорда таъминлаш борасида йирик шохли қорамоллар сўйилиб, махсус расталарда ҳар бир килограмми 45000 сўмдан, картошка 2500-3000 сўмдан, тухум 900 сўмдан сотилмоқда.
Туман давлат Солиқ инспекцияси билан биргаликда бозор ҳудудида давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний олиб сотарлик билан шуғулланаётган шахслар аниқланиб, белгиланган тартибда солиққа тортилмоқда ҳамда нархларнинг ўсишига олиб келадиган омиллар бирма-бир ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилаётир. Жумладан, Ўзбекистон товар хом-ашё биржаси савдоларидаги озиқ-овқат маҳсулотлари, яъни ўсимлик ёғи, шакар, ун маҳсулотлари нархлари тўғрисида маълумотлар олиниб, ўрганилмоқда. Бундан мақсад, тадбиркорлик субъектлари томонидан биржа савдоларида сотиб олинган озиқ-овқат маҳсулотлари ноқонуний олиб сотарлик билан шуғулланаётган шахслар қўлларига ўтиб, нарх кўтарилиб кетмаслиги чораларини кўришдир.
Савдо ярмаркаси ҳудудида сотувчилар ва харидорлар учун қулай шароит яратиш мақсадида бостирма қилиниб, пештахта ўрнатилди. Ушбу савдо ўринларида ва бозорда нархларнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида доимий назорат олиб борилмоқда. Юртдошларимизнинг кундалик ҳаётидаги зарур бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжлари қопланишига ўз ҳиссамизни қўшишни доимий бурчимиз деб биламиз.
Зафар САБУРОВ, Бош Прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга
қарши курашиш Департаментининг туман бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶