БОЗОР РАСТАЛАРИДАГИ МЕВАЛАР, ОЗИҚ-ОВҚАТ МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ СИФАТИ НАЗОРАТ ҚИЛИНДИ
Кўпчилигимиз бозорларимиз турли мева-чева, озиқ-овқат, полиз маҳсулотлари билан тўкин бўладиган, деҳқонлар меҳнатидан яралган неъматлар арзонлаб қоладиган ёз мавсумини жуда яхши кўрамиз. Айримлар оқар сувларда чўмилиб, қуёшда тобланиб, чиниқиб кўнгилли дам олиш тарафдори бўлса, айримлар турли мевалардан ва сабзавотлардан компот, консерва маҳсулотлари тайёрлашга киришадилар.
Бундай жараёнда айниқса уй шароитида консерва маҳсулотлари тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилинмаслиги кўпгина кўнгилсизликларни – овқатдан заҳарланиш ва ботулизм касаллигига чалиниш ҳолатларига сабаб бўлади. Касаллик бактерия, вирус, микроорганизмлар токсинлари билан зарарланган мевалар, озиқ-овқатларни, консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юзага келади.
Бундай ҳолларнинг олдини олиш учун ёзнинг иссиқ ҳароратли кунларида бозорлар расталарида туриб қолган, териш, ташиш жараёнида уриниб қолган мева, озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилмаслик, овқатни тоза маҳсулотдан санитария-гигиена қоидаларига амал қилган ҳолда яхши пишириш лозим.
Туман Давлат санитария эпидемиологик осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими ходимлари далаларда пишиб етилган мевалар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозорларда сифатли сотилиши, зарарланган, айниган маҳсулотларнинг сотилишининг олдини олиш, аҳолининг овқатдан заҳарланишига йўл қўймаслик борасида мавсум мобайнида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиб, шунга мувофиқ иш олиб бораяпти. Бўлим шифокорлари бозорларда, савдо ўринларида мевалар, сабзавотлар ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сотилиши устидан назорат тадбирлари ўтказмоқда. Аҳоли орасида, маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида овқатданзаҳарланиш ва ботулизм касаллигидан сақланиш борасида тарғибот олиб боришмоқда.
Яқинда олий тоифали шифокор Мунаввар Кашкарова бошчилигида бўлимнинг бир гуруҳ ходимлари Манғит деҳқон бозорида сотилаётган озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифатини кўздан кечирдилар. Ҳудуддаги савдо дўконларидаги маҳсулотларнинг яроқлилик муддати ўтган-ўтмаганини, сақланиш ҳолатини назорат қилдилар. Айнан сақлаш қоидаларига амал қилмаслик маҳсулотларнинг сифати бузилишига ва истеъмол қилган одамнинг заҳарланишига сабаб бўлишини аниқ далиллар билан тушунтирдилар.
Назорат тадбирида йўллар бўйларида, кўчаларда музқаймоқ, салқин ичимликлар сотаётган тадбиркорлар фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Шифокорлар томонидан уларга музқаймоқ ва салқин ичимликлар билан савдо қилишда санитария ва гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш, муддати ўтган маҳсулотларни савдога чиқармаслик лозимлиги тушунтирилди. Харидорлар ҳам озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мевалар харид қилишда ўта ҳушёр бўлишлари лозим. Чунки ҳар кимнинг соғлиғи ўз қўлида. Чиндан-да тароватли, тўкинчилик ёз фаслини осойишта, тинч-хотиржам ўтказиш ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶