ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРДА ҚАНДАЙ ҲАРАКАТ ҚИЛИШ ЗАРУРЛИГИ ХУСУСИДА КЎРГАЗМАЛИ СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ
Ҳар йили куз-қиш мавсуми бошланиши олдидан мавсумни талофатсиз ўтказиш мақсадида, аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган режали тадбирлар амалга оширилади. Айниқса, аҳоли яшаш жойларига ўрнатилган иситиш тизимларининг созлигини назорат қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилиб, табиий газ, электр энергиясидан самарали фойдаланиш бўйича аҳолига зарур тушунчалар берилиб, табиий газ тармоқларидан олисда жойлашган аҳоли хонадонларидаги кўмир ва бошқа ёқилғи маҳсулотлари билан иситиладиган печларнинг мўри ҳамда дудбуронларини тозалаш юзасидан зарур тавсиялар берилади.
Бу борада туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, электр тармоқлари корхонаси, Газ таъминоти хизмати ходимлари ҳамда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, шунингдек, Ёнғинга қарши курашиш жамияти мутахассислари билан ҳамкорликда олиб борилаётган профилактик чора-тадбирлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 октябрь санасидаги 605-сонли Қарори талабларини бажариш мақсадида жорий йилнинг 3 ноябрь куни туман ҳокимлиги биноси олдида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, Ёнғинга қарши курашиш жамияти, электр тармоқлари корхонаси, газ таъминоти хизмати ходимлари, туман Тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан туманимизда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини кўздан кечириш, камчиликлар мавжудлиги аниқланган тақдирда энг биринчи галда кўриладиган чора-тадбирлар, ёнғин чиққанда, одам ис газидан, кўмир ҳидидан заҳарланганда кўрсатиладиган биринчи тиббий ёрдам ва қутқарув ишларини амалга ошириш бўйича кўргазмали семинар ўтказилди.
Кўргазмали семинарда овул ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, кўп хонадонли уйлар ва кўча бошчиларига иситиш, вентиляция тизимлари, электр энергияси ҳамда табиий газ тармоқларидан фойдаланишда амал қилиниши лозим бўлган тартиб-қоидалар, одам кўмир ёки ис газидан заҳарланганда, ток урганда, ёнғин чиққанда қандай ҳаракат қилиши лозимлиги хусусида тушунтиришлар олиб борилди ҳамда уларга кўргазмали плакатлар ва тавсияномалар берилди.
Кўргазмали семинардан сўнг, Манғит шаҳрининг Фаровон маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли хонадонларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Хусусан, кам таъминланган оилаларнинг электр, газ ускуналарида носозликлар аниқланиб, мутахассислар томонидан аниқланган камчиликлар бўйича тиклаш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Иситиш печларининг дудбуронлари ва мўриларида тозалаш ишлари бажарилди. Фуқароларга ич газидан заҳарланиш, фавқулодда ҳодисалар ва ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш бўйича тушунтиришлар берилиб, кўргазмали эслатма варақалари тарқатилди.
Бу каби кўрилаётган чора-тадбирларнинг барчаси халқимизнинг тинч, хотиржам ва осойишта яшашини таъминлаш, инсоннинг ҳаёт фаолияти билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган. Зеро, халқимизнинг хотиржам ва осойишта ҳаёти мамлакатимиз тараққиётининг асосидир.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶