ЁНҒИННИ БАРТАРАФ ЭТИШ БЎЙИЧА АМАЛИЙ ТАКТИК МАШҒУЛОТ ЎТКАЗИЛДИ
Ота-боболаримиз ёнғинни бежизга тилсиз ёв, деб аташмаган. Хонадонларда ёки корхона-ташкилотларда, умумий овқатланиш, савдо шохобчаларида салгина эҳтиётсизлик ё носоз ускуналаридан фойдаланиш ёнғин келиб чиқишига, кўпгина талофатларга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, куз-қиш мавсумида кунлар совиб кетиши оқибатида табиий газ, электр энергиясига эҳтиёж кучаяди. Ушбу қулайликлардан фойдаланишда ўта эҳтиёткорлик талаб этилади.
Бу борада аҳоли орасида кенг тарғибот юргизилиши, ёнғин келиб чиқишининг олдини олиш чоралари ҳақида огоҳлантиришларга қарамай, афсуски, ёнғин содир бўлишига барҳам берилмаяпти. Шундай кўнгилсиз ҳолатлар юз бериши оқибатида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ҳоллари ҳам учрамоқда.
14 ноябрь куни туман Тиббиёт бирлашмасида ёнғин содир бўлганида чора-тадбирлар қўллашни тарғиб этишга бағишланган амалий тактик машғулот ўтказилди. “Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, унинг ўринбосарлари, бўлим ва бўлинма бошлиқлари, қисм навбатчи смена таркиби билан 2020 йилда ўтказиладиган ёнғин ўчириш амалий тактик машқ ва машғулотлар йиллик режаси”га мувофиқ ўтказилган ушбу тадбир икки босқичда амалга оширилди. Дастлаб касалхона биносининг 3-қаватида жойлашган жарроҳлик бўлими ошхонасида шартли равишда ёнғин ҳолати содир қилинди ва ушбу кўнгилсиз ҳодисада жароҳат олган шахслар ёнғин ўчириш автонарвони ёрдамида бўлим жойлашган 3-қаватдан эвакуация қилинди.
Тадбирнинг иккинчи босқичида эса биринчи босқичда жабрланганлар хавфсиз ҳудудга олиб чиқилди ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Юз берган ёнғинни тезкорлик билан ўчириш бўйича амалий тактик ўқув машғулотига Тахиатош тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимидан 1 та ёнғин ўчириш автокарвони, ёнғин ўчириш ускунаси, туман Фавқулодда вазиятлар бўлимидан 3 та махсус ёнғин ўчириш автомобиллари, 57 нафар шахсий таркиб аъзолари жалб қилинди.
Ушбу амалий тактик машғулотга Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Тезкор бошқарув маркази бошлиғи, подполковник Баҳром Яхшибоев, гуруҳ раҳбари Рустам Сейтирзаев, туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Ҳамро Матёқубов, туман Тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Зокир Ўрозбоевлар иштирок этдилар. Масъуллар йўл қўйилган хато-камчиликлар хусусида батафсил баён этиб, уларни бартараф этиш юзасидан ўз маслаҳатларини, тавсияларини бердилар.
Ёнғин содир бўлганда уни ўчириш, жабрланганларни хавфсиз ҳудудга ўтказиш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатиш юзасидан ўтказилган амалий тактик машғулот фуқароларга шундай кўнгилсиз воқеага дуч келганида қандай йўл тутиши лозимлиги хусусида кўпгина маълумотлар етказгани билан аҳамиятли бўлди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶