МУДДАТЛИ ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАБ БЎЛГАН ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР ТЕСТ СИНОВЛАРИДАН ЎТИШДИ
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар Вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси давлат Хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясининг 2020 йил 31 январь санасидаги 3215-сонли “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига мувофиқ бундай тавсияномалар ҳар йили муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, умумтаълим фанлари бўйича зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга берилади. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, тест синовларини муваффақиятли топширган ва ОТМларга кириш учун тавсияномаларга эга бўлган ҳарбий хизматчилар учун қатор имтиёзлар берилади. Хусусан, улар мамлакатимиздаги ОТМлардаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра, ўзлари тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга, шунингдек, Республикадаги олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириш учун ОТМларга қабул параметрларидан ташқари ажратиладиган кўрсаткичлари доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.
Шу боис , ҳар йили февраль ойида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар учун тест синовлари ўтказилади. Ушбу тест синовларида ҳарбий қисмларнинг барча ҳарбий хизматчилари иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлиб, синовлар умумтаълим фанлари доирасида амалга оширилади.

Жорий йилнинг 15 февраль санасида туманимиз ҳудудидаги чегара қўшинлари таркибида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар тест синовларини топширишди.
Амударё муҳандислик техникуми биносида бўлиб ўтган тест синовлари Қорақалпоғистон Республикаси Давлат тест марказининг бўлим бош мутахассиси Даулет Кошкинов ва 9202 ҳарбий қисм командирининг ўринбосари, подполковник С.Тошматовлар иштирокида шаффофлик асосида ўтказилди.

Тест синовларини бошлашдан олдин Қорақалпоғистон Республикаси Давлат тест марказининг бўлим бош мутахассиси Даулет Кошкинов иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида “Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тўғрисида”ги Низом талаблари, мавжуд қонун-қоидалар хусусида батафсил маълумот берди.
Шу билан бирга, тавсияномаларни бериш тартиби, умумтаълим фанлари, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик, ҳарбий хизматчиларнинг шахсий интизоми, мантиқий фикрлаши юзасидан бериладиган баллар хусусида зарур тушунчалар бериб, барчага муваффақият тилади.
Қатъий ҳарбий интизом, очиқлик ва шаффофлик асосида ўтказилган тест синовлари юқоридаги Низом талаблари даражасида ўтказилиб, ҳар бир ҳарбий хизматчи, албатта, ўз билим савиясини, заковатини намоён этишга муваффақ бўлдилар.


Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶