АЁЛНИ ҚАНЧА УЛУҒЛАСАК, ШУНЧА ОЗ!
Аёл! У – аввало она. Аёл – бу олам мунавварлиги! Аёл – бу гўзаллик тимсоли! Аёл – бу мардлик, матонат, орият ва фидоийликдир. Аёл бор жойда муҳаббат ниҳоли униб-ўсади, аёл бор жойда покизалик, қут-барака, файз-зиё бўлади.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳалардаги фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, туманимизда ҳам аёллар билан ишлаш тизимини мутлақо янги даражага олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш ишларини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сектор раҳбарлари, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи томонидан “Аёллар дафтари”га киритиладиган хотин-қизларнинг рўйхатлари ҳамда уларнинг муаммоларини бартараф этишга қаратилган “Йўл харитаси” тасдиқланди. Халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган рўйхатлар сектор штабларининг котиблари томонидан “Маҳалла” ягона ахборот тизими дастурига киритилди.
Тумандаги 1528 нафар якка тартибдаги тадбиркордан 681 нафари (45 фоиз) хотин-қизлардир. Шу боис, хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш дастури доирасида 21 та лойиҳага жами 644 млн. сўмлик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича бошқа дастурлар доирасида 1385 та лойиҳага 52 млрд. 513 млн. сўмлик кредитлар ажратилди. Ўтган йили 143 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ва ҳаётга руҳлантириш (мотивация бериш) бўйича ўқитилган бўлса, 2021 йилда умуман бошқа услубда, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2020 йил 8 октябрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган вазифалар қаторида “Аёллар дафтари” асосида иш олиб бориш вазифаси белгилаб берилди. Бугунги кунда “Аёллар дафтари”га критилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича тадбиркорликни йўлга қўйиш ва кредит олишга кўмаклашишни сўраган 501 нафар аёллардан 241 нафарига тадбиркорлик кўникмалари ва бизнес лойиҳалари тузишни ўргатиш, уларнинг барчасига кредит олишда ҳамда томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланишларида кўмаклашиш, 305 нафар аёлнинг томорқасида енгил бичимдаги иссиқхоналар ўрнатиш ва парранда боқишни йўлга қўйиш орқали бандлигини таъминлаш режалаштирилган.
Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлом турмуш тарзини фуқаролар онгига сингдириш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, соғлом фарзандлар туғилиши, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, фарзандлар тарбиясида ота-онанинг масъулиятини ошириш ҳамда ФҲДЁ бўлимига никоҳдан ўтиш учун ариза берган никоҳланувчи шахсларни оилавий ҳаётга тайёрлаш бўйича 4 кун давомида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида белгиланган ўқув режаси асосида ўқув машғулотларини ўтказиш йўлга қўйилди.
Ўсиб келаётган ёш авлоднинг етук инсон, баркамол авлод сифатида шаклланиши оила муҳитидан, аёлдан бошланади. Хоҳлаймизми, йўқми, бизнинг менталитетда оила муҳитини, турмуш тарзини аёл яратади. Бола тили чиқмасидан аввал ҳам, тили чиққанидан кейин ҳам она билан бўлади. Табиатан онанинг маънавияти, ахлоқи, саводхонлиги боланинг қон-қонига сингиб боради. Шундай экан, соғлом авлод тарбиясида аёлнинг роли жуда катта эканлиги инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Демак, Аёлни, Онани шарафлаш, ардоқлаш наинки ҳар биримизнинг, халқимизнинг ҳам бурчидир.
Қадрли опа-сингиллар! “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да хотин-қизларнинг маънавиятини юксалтириш, ўсиб келаётган ёш авлодни урф-одатларимизга зид хатти-ҳаракатлардан қайтаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш, оила қадриятларини мустаҳкамлаш, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олган ислоҳотларни амалга ошириш жараёнидаги фаолиятларингизда муваффақиятлар тилайман.
Барчангизга 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами муборак бўлсин, азиз опа-сингиллар!
Муқаддас БЕКНАЗАРОВА, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари, туман ҳокимининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶