Муддатидан олдин овоз бериш жараёни давом этмоқда
Маълумки, дунёдаги энг муҳим демократик жараёнлардан бири – бу сайловлардир. Ўтказиладиган ҳар бир сайлов жамият ҳаётининг эртасини белгилаб беришда беқиёс ўрин тутади. Чунки эркин ва адолатли фуқаролик жамиятини демократик сайловларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ушбу жараёнда ҳар бир давлат ва жамиятда хилма-хил фикрлар, одамларнинг хоҳиш иродаси, орзу-умидлари, ижтимоий кайфияти яққол намоён бўлади. Шу сабабли, мазкур сиёсий жараённи қонун нормалари ва халқаро стандартлар асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Мамлакатимизда жорий йил ўтказиладиган муҳим сиёсий жараён – Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчиларнинг фаол иштирокини таъминлаш мақсадида барча шарт-шароитлар, қулайликлар ҳамда имкониятлар яратилмоқда.
Айни кунларда Президент сайловини ўтказиш мақсадида тузилган барча сайлов учаскаларида бўлгани каби Амударё туманидаги сайлов участкаларида ҳам муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтмоқда. Сайлов қонунчилигига кўра сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган бўлиб, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади. Шундан келиб чиқиб, 2021 йил 14-20 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари ташкил этилмоқда.
Айтиш керакки, қонунчиликда сайлов куни яшаш ҳудудида бўла олмайдиган сайловчилар учун муддатидан олдин овоз бериш ва ахборот технологиялари орқали турган жойда сайлов участкасини бошқа ҳудуддаги сайлов участкасига ўзгартириш каби қатор имкониятлар мавжуд бўлиб, муддатдан олдин овоз бериш ҳуқуқи сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчига берилади ҳамда сайловчи муддатдан олдин ўзи муносиб деб топган номзодига овоз беради.
Ушбу жараённинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 57-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, унга кўра муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади. Сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
Сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади. Сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади. Конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.
Қонунчиликка кўра туманимиздаги сайлов участкаларида ўтказилаётган муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари соат 9:00 дан соат 19:00 га қадар давом этмоқда. Шунингдек, муддатидан олдин овоз бериш жараёнларини ташкил этишда сайловчиларнинг барча карантин қоидаларига амал қилишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сайловчиларнинг бинога киришида тана ҳарорати ўлчаниб, уларнинг ҳимоя ниқоби билан таъминланганлиги, ижтимоий масофага риоя қилиши назорат қилинмоқда. Сайловчиларнинг қўлларига антисептик воситалар сепилиб, дезинфекция қилинмоқда.
Шу ўринда сайлаш ҳуқуқига эга бўлган барча юртдошларимизни ушбу муҳим сиёсий тадбирда фаол иштирок этиб, ўз конституциявий бурчларидан фойдаланган ҳолда ўзлари муносиб деб билган номзодга овоз беришга чақирамиз.
Жавоҳир Ўрозбоев, Қорақалпоғистон Республикаси “Келажак лидерлари” клуби аъзоси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶