15 апрель – Маданият ва санъат ходимлари куни
МИЛЛИЙ МАДАНИЯТИМИЗ ВА САНЪАТИМИЗНИ ЯНАДА БОЙИТИБ, ХАЛҚИМИЗГА ХИЗМАТ ҚИЛАМИЗ
Инсоният ҳаётида алоҳида ўрин тутиб келаётган маданият ва санъатнинг миллат тараққиёти, ривожи йўлидаги ҳиссаси беқиёс. Азал-азалдан санъат ва маданият бутун халқ, қолаверса, ёш авлод қалбида миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда ўзига хос таъсир кучига эга бўлиб келган.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда сўнгги йилларда мазкур соҳани ривожланишнинг янги босқичига кўтариш юзасидан ҳукуматимиз томонидан туб ўзгаришлар, ислоҳотлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбари раҳнамолигидаги маданият ва санъатга бўлган улкан эътибор, соҳадаги ижобий бурилишлардан руҳланган туман Маданият бўлими ва ҳудудлардаги Марказларда фаолият юритаётган ходимлар маданий байрам тадбирларининг чуқур ғоявий мазмун билан бойитилишини таъминлаб, хизмат кўрсатиб келмоқда.
Соҳа ходимлари аҳолининг миллий маданиятини ривожлантириш, кенг жамоатчилик орасида миллий қадриятларимизни тиклаш, уларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, муқаддас динимиз, урф-одатларимизни, тарихий-маданий меросимизни юксалтиришга муносиб ҳисса қўшишмоқда. Шу қатори ёшларнинг истеъдодларини юзага чиқариш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, китобхонларга намунали кутубхона хизмати кўрсатиш, тарбиявий аҳамиятга эга ишларни ташкил этиш, маданиятимизни дунёга танитиш мақсадида кўпгина ижобий ишларни амалга оширишмоқда.
Амударё туман Маданият бўлимига қарашли 7 та маданият маркази, 3 та ашула ва рақс, фольклор, цирк санъати йўналишидаги халқ жамоалари мавжуд. Ундан ташқари, 2 та Болалар мусиқа ва санъат мактаби, 1 та махсус кўзи ожизлар кутубхонаси, Манғит маданият ва истироҳат боғи ҳам туманимиз аҳлининг маданий-маънавий камолотига ҳисса қўшиб келмоқда. Айни пайтда “Қўшаев Раим” хусусий корхонасига қарашли истироҳат боғида мавжуд аттракционлар қаторига янги замонавий ўйин қурилмалари имтиёз бўйича келтирилиб, 6 та янги аттракцион ишга туширилди. Шунингдек, 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 11 та йўналиш бўйича 258 нафар болалар, 21-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 9 та йўналиш бўйича 267 нафар болалар таҳсил олиб, мусиқа ва санъат сирларини ўрганишмоқда.
Маданият марказларида 20 дан ортиқ ҳаваскорлик тўгараги фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 250 нафардан зиёд ўқувчилар бор. Ёш авлодни маданият ва санъатга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида қўшимча ташкил қилинган мақом, назм ва наср, цирк, овоз ёзиш, рақс, бичиш-тикиш, бадиий ўқиш, бахшичилик, эстрада, масхарабоз санъати каби 20 га яқин тўгаракларда ҳам 250 нафардан зиёд ёшлар санъат сирларини ўрганишмоқда.
Туманимизда тинчлик ва мустақиллик учун қурбон бўлган қаҳрамонларни ёд этиш мақсадида “Хотира ва Қадрлаш майдони”, маънавият даргоҳи, жонли тарихимиз кўзгуси бўлган музей ташкил қилингани соҳа ходимлари фаолиятидаги самарадорликни янада оширишда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Эндиликда музей фаолиятини кенгайтириш, ривожлантиришга, аҳоли эътиборини жалб этишга имкон борича ҳаракат қиламиз. Шу билан бирга музейдаги тарихий ёдгорликлар, маънавий-маърифий хазиналарни келажак авлодга етказиш учун кўз қорачиғидек асраймиз, улардан оқилона фойдаланган ҳолда, йиллар давомида имкон қадар бойитиб борамиз.
Биз Маданият бўлими меҳнат жамоаси миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада бойитиб, ёш авлод онгига сингдиришга, байрам ва бошқа муҳим саналарда халққа хизмат қилиб, кўтаринкилик бағишлашга, юксак натижалар, юқори кўрсаткичларга эришишга ҳаракат қиламиз.
Шуҳрат Юсупов, туман Маданият бўлими мудири.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶