Июль ойида амударёлик солиқ тўловчилар бюджетга 6 млрд 433,3 млн. сўм миқдорида солиқ тўлади
Амударё тумани давлат солиқ инспекцияси бошлиғи А.Сеитовнинг тадбиркорларга ҳисобот ва мурожаати
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16 март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи – кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берганди.
Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида жорий йилнинг 24 март куни Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида жойларда тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилди. Амударё туманида ўтказилган учрашувда жами 53 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.
Тадбиркорлик субектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида мунтазам равишда, батафсил маълумотлар бериб борилмоқда.
Бугунги кунда ҳам “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туман солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда уларнинг муаммоларини ўрганиб, сайёр солиқ маслаҳатлари кўрсатилмоқда.
Масалан, июль ойи давомида 603 та корхоналарнинг муаммолари батафсил ўрганилди. Натижада, солиқ органларига алоқадор масалалар бўйича 403 та муаммолар ижобий ҳал этилди. Бугунги кунда бошқа ташкилотлар билан боғлиқ масалалар қатъий назоратга олиниб, ҳамкорликда ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Шунингдек, ўрганишлар давомида солиқ турлари бўйича 311 та субектларнинг 114,4 миллион сўм мавжуд ортиқча тўлов суммаси қайтариб берилди ёки бошқа солиқ турларидан қарздорлик ҳисобига сингдирилди.
Дарҳақиқат, Президентимиз таъкидлаганларидек, солиқ тўловчиларга ҳақиқий маънода кўмакчи, ўргатувчи бўлиш солиқ органларининг бош вазифасига айланмоқда. Шу маънода, тадбиркорлар учун янада енгиллик яратиш учун “Автокамерал” автоматлаштирилган ахборот тизимининг ишга туширилиши соҳадаги янгилик бўлди.
Бу тизим орқали, солиқ органлари солиқ тўловчилар фаолиятида текширувдан олдинги таҳлилларни, эътибор қаратинг текширишларни эмас, таҳлилларни ўтказиши мумкин. Яъники, солиқ тўловчи фаолияти давомида қандайдир хатоликларга йўл қўяётган бўлса ёки ҳисоботларида қандайдир тафоввутлар кузатилаётган бўлса, автоматлашган тизим дарҳол солиқ тўловчининг шахсий кабинетига хатоликларни тузатиш ҳақида хабарнома жўнатади. Ақлли дастур ўзи камчиликларни аниқлаб, ўз вақтида тадбиркорга кўмакчи бўлиб, хабар бериб боради. Энг муҳими, бунда инсон омили аралашмайди.
Амударё тумани давлат солиқ инспекцияси жорий этилган қатор солиқ имтиёзлари, солиқ юки ва турларининг камайтирилганлиги тўғрисида тадбиркорлар ўртасида олиб борилаётган тушунтириш-тарғибот ишлари, ходимлари томонидан тадбиркорлик субектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида июль ойида 105 та корхонадаги 175 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилди. Муҳими, фуқаролар иш ўринларига эга бўлди.
Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхонарларида 94 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 74 нафар, ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 7 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва буджетга 48,3 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.
2022 йилнинг июль ойи давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан бюджетга 6 млрд 433,3 млн.сўм миқдорида солиқ тўланиб, белгиланган прогноз 6 млрд 592,9 млн.сўм бўлиб режаси 159,6 млн. сўм ортиғи билан яъни 102,4 фоизга бажарилди.Жорий йил мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Амударё туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 132 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 2 та мурожаат турли хил сабабларга кўра рад қилинган. Уларнинг 91 тасида сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, савдо қоидалари бузилаётганлиги тасдиқланди.
Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, бугунги тадбиркор кечагисидан тубдан фарқ қилади. Қонунчилигимиз ҳам улар учун қатор энгиллик ва қулайлик яратишга қаратилган. Бунинг натижасида, иқтисодиётда хуфёна бозор механизмларига ўз-ўзидан чек қўйилмоқда. Ҳалол тадбиркор учун шаффоф ва қонуний ишлайдиган давр келди. Шу боис, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида онлайн назорат-касса машиналаридан фойдаланувчилар сони бугун 906 нафарни ташкил этмоқда.
Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, жорий йилнинг июль ойи якуни билан туманда 104 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтиб, муайян фаолият турлари билан мунтазам шуғулланиб келмоқда.
Ҳурматли солиқ тўловчилар! Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶