“Аёллар дафтари”да турувчи аёллар учун “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш” мавзусида психологик тренинг ўтказилди
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий мавқеини ошириш, бандлигини таъминлаш, яшаш шароитини яхшилаш, бир сўз билан айтганда уларга муносиб турмуш шароитини яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадларидан бир ҳисобланади.
Шу мақсадда ижтимоий ҳимояга муҳтож, бандлиги таъминланмаган, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган, боқувчиси вафот этган ёки жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган, уй-жойга муҳтож, ногиронлиги бор ёки қарамоғида ногирон фарзандлари бўлган аёлларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиш мақсадида “Аёллар дафтари” жорий қилинди. Шунингдек, мазкур дафтарга руҳий тушкунликка тушиб қолган, психологик ёрдамга муҳтож аёллар ҳам киритилиб, улар билан мунтазам равишда психологик тренинглар ўтказиш йўлга қўйилган. Мақсад − аёлларнинг стрессдан озод бўлишига, соғлом ҳаёт тарзига қайтишларида ёрдам беришдан иборатдир.
25 октябрь куни Амударё туманининг Тўлқин овул фуқаролар йиғинида “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар билан навбатдаги тренинг машғулотлари бўлиб ўтди. Машғулотни 33-сонли умумтаълим мактаби психологи Манзура Сапарбаева олиб борди.
Тренинг “Аёллар дафтари”даги аёлларнинг “Оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш” мавзусида бўлиб, иштирокчилар 3 та шарт асосида ўз дунёқарашларини, оила аъзолари билан йўлга қўйган муносабатларини таҳлил қилдилар.
Биринчи шарт − “Миннатдорчилик дарахти” шарти бўлиб, унда иштирокчилар ўзларини ўзлари севган мевали дарахтга қиёсладилар.
Кимдир ўзини анор меваси сингари бўлишни хоҳлашини, сабаби анор сабр билан мева тугиб, пишиб етилган сайин ширин ва гўзал бўлиши, шунингдек, бағрига сон-саноқсиз доналарни жамлаганини айтиб, оилавий муносабатларда ҳам сабрли ва бағрикенг бўлиш лозимлигини айтиб ўтди.
Яна кимдир олма каби бўлишни исташини, сабаби олмани барча севиб истеъмол қилиши, у ёз ва куз фаслида сон-саноқсиз мевалар тугиб барчанинг дастурхонидан ўрин олишини таъкидлади. Психологик тренинг давомида баъзи аёллар ўзини узумга, тут дарахтига ўхшатиб, унинг фойдали хусусиятларини айтиб ўтишди.
Иккинчи шарт − “Аёл кишининг оиладаги ўрни” мавзуси атрофида бўлиб, аёл киши оилада, жамиятда қандай муомала маданиятига эга бўлиши лозимлиги ҳақида суҳбат қурилди. Тарқатма материаллар орқали уларнинг фикрлари ўрганилди.
Якуний шарт − “Кечиринг ва озод бўлинг” деб номланди. Ушбу шартда аёллар оилада келиб чиққан ҳар хил низоли вазиятларда ўзини тутиш, босиқлик билан муаммони ҳал қилиш бўйича кўникмага эга бўлишди.
Ҳар бир иштирокчи пуфакчаларни шишириб осмонга учириб юборди. Бу билан улар жаҳл чиққан пайтда ўзини тутишни, кўнгилда гина сақламаслик, кечиримли бўлиш, бўлиб ўтган кўнгилсиз воқеаларни унутиш ва бу сингари ҳолатларга бошқа йўл қўймаслик бўйича кўникмаларга эга бўлишди.
Психологик тренингда ҳар бир иштирокчи фаол қатнашиб, психолог томонидан берилган тавсиялар асосида оиладаги рафиқалик, келинлик, оналик вазифаларини чуқур англаб етдилар. Шу билан бирга оиладаги соғлом муҳитни янада мустаҳкамлаш бўйича билимларга эга бўлишди.
Жамиятнинг бош бўғини бўлмиш оилалар мустаҳкамлиги Ватанимиз фаровонлигида ва гуллаб-яшнашида муҳим аҳамият касб этади. Сабаби, оила тинч бўлса юрт ҳам тинч ва осуда бўлади.
Оилавий келишмовчиликлар ва ажримларнинг олдини олишда маҳаллаларда янгидан иш бошлаган хотин-қизлар фаоллари ҳам самарали тарзда фаолият юритишмоқда.
Шунингдек, аёлларнинг бандлиги таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича ҳам хотин-қизлар фаоллари ташаббуси билан кўплаб ижобий ишлар қилинмоқда.
Тўлқин овулининг хотин-қизлар фаоли Гавҳар Бабатаева ҳам ҳоким ёрдамчиси билан ҳамкорликда маҳалласида истиқомат қилувчи 4 минг 7 нафар аёл-қизнинг ҳар бири билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларига ечим топишга интилмоқда.
Шу кунга қадар “Аёллар дафтари”да турувчи 142 нафар аёл-қизга турли ёрдамлар кўрсатилди. Дафтардаги 25 нафар аёл тикувчилик бўйича сертификат олиб, ўз фаолиятини йўлга қўйдилар.
Аёллар учун табдиркорликнинг турли йўналиши бўйича берилаётган енгилликлар, имтиёзлар уларни янада руҳлантириб, янгидан янги марралар сари чорламоқда. Айниқса, тумандаги “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамлар туфайли уларнинг яшаш шароити яхшиланиб, доимий даромад манбаига эга бўлишмоқда.
Туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶