МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ҲАМДА ТАРБИЯВИЙ ИШЛАР САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТУШУНТИРИЛДИ
Амударё тумани халқ таълими бўлимига қарашли умумий ўрта таълим мактабларида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 3 октябрь кунги “Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги тегишли қарори мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга бағишланган семинар ўтказилди.
Шу йил 2 ноябрь куни бўлиб ўтган семинарда барча умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосарилари, синф раҳбарлари ва педагоглар жамоаси қатнашишди. Семинар давомида Президентимизнинг “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида маънавий-маърифий ҳамда тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги тегишли қарорларига мувофиқ ишлаб чиқилган концепция ҳақида маълумот берилди.
Семинарда таъкидланганидек, мактаб таълимини умуммиллий ҳаракатга айлантириш борасида амалга оширилаётган ишларни мазмунан янги босқичга кўтариш, мактаб ўқувчилари китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, маънавий куч ва миллий истеъдодларни сақлаш ҳамда ҳарбий ватанпарварлик ҳамда буюк аждодлар жасоратини тарғиб этиш, ўрганиш, узлуксиз таълим тизимида маънавий тарбия асосларини кучайтириш кабилар мазкур концепцияга кўра амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ҳисобланади. Шунингдек, ушбу концепцияда ўқувчиларни замонавий билим ва тажриба, миллий ва умуминсоний қадриятлар асосида тарбиялаш жараёнида мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳам кўрсатиб ўтилган.
Ундан ташқари, концепцияда мактаб таълимини умуммиллий ҳаракатга айлантириш, ўқувчиларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, буюк аждодлар жасорати ҳамда ҳарбий ватанпарварлик, замонамиз қаҳрамонлари – ёшларга ибрат тимсоли, мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш кабилар асосий йўналишлар сифатида белгиланган.
Семинар давомида мактаб таълимини умуммиллий ҳаракатга айлантириш йўналиши бўйича концепцияга мувофиқ ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. Ўқувчилар ўртасида “Ўзбекистон – Ватаним маним” мавзусида ижодий ишлар танлови, “Давлат рамзлари – фахрим, ғурурим” мавзусида тадбирлар, “Давлат тили – миллат руҳи” ғояси асосида туркум маънавий-маърифий, адабий-бадиий тадбирлар ташкил этилиши кераклиги, бундай тадбирлар ўқувчи-ёшлар қалбидаги ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.
Китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида эса Халқ таълими вазирининг “Китобхон ўқувчи” танлови, “Китобхонлик ҳафталиги”ни ташкил этиб, болалар ва ўсмирлар адабиёти масалаларига бағишланган адабий учрашувлар ва китоб фестиваллари, “Нотиқ ўқувчи” ҳамда иншолар танловлари ўтказилиши кераклиги эътироф этилди. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчилари “Жажжи академик” тўгаракларига жалб этиш, уларга мутолаа сирлари ва китобхонлик маданияти бўйича тушунчалар бериб бориш, “Фарзандимга китоб совға қиламан” ва “Мактаб кутубхонасига китоб совғаси” ижтимоий акцияларини ташкил этиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.
Семинар иштирокчиларига буюк аждодлар жасорати ҳамда ҳарбий ватанпарварлик ҳамда мактаб, маҳалла ва оила ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида ҳам маълумотлар бериб ўтилди. Ушбу йўналишлар бўйича амалга ошириладиган тадбирлар ўқувчиларда Ватанга садоқат туйғуларини, ҳарбий хизмат муқаддас бурчи эканлиги ҳақидаги тушунчани мустаҳкамлаш, улар онгида адолатпарварлик ва бунёдкорлик туйғуларини тарбиялашга хизмат қилади. “Муваффақиятга эришиш сирлари” лойиҳаси доирасида ўз соҳасида юқори натижаларга эришган юртдошларимиз билан доимий мулоқотлар ташкил этиш, илмий ва ижодий мактаб яратган атоқли олим ва ижодкорларнинг уй-музейлари ҳамда ишхоналарида саёҳат-дарслар ўтказиш, “Янги Ўзбекистоннинг маънавият масканлари” рукни остида туркум тадбирлар ва саёҳатлар уюштириш эса ўқувчи-ёшларнинг маънавий дунёқарашлари кенгайишини таъминлайди.
Қизиқарли ўтган семинар якунида мактабларининг маънавий-маърифий ишлари бўйича директор ўринбосарилари, синф раҳбарлари ва педагоглар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶