ФИДОЙИ УСТОЗ
Мактаб остонасига илк қадам қўйган ўғил-қиз бошланғич таълим-тарбия олишдан тортиб, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишигача бўлган даврда устозларидан сабоқ олиб, билим асосларини, касб маҳоратини эгаллайди.
Б
унингдек шарафли вазифани ўз зиммасига олиб, бор куч-ғайратини, салоҳиятини касбига бахшида этаётган муаллимларнинг бири – туманимиздаги 10-сонли мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Райҳон Полвоновадир.
У Бўзёп овулида, ўқитувчилар оиласида дунёга келди. Бир умр 10-сонли мактабда ўқитувчилик қилиб, овул болаларига илм-маърифат улашган ота-онаси Исмоил Полвонов, Хадича Султоноваларга ҳавас қилиб, Райҳон ўқитувчилик касбини танлади. Мактабдаги дарс жараёнлари, айниқса ўқувчилар ҳақида суҳбатлашганларида уларнинг юзлари ёришиб, сўзларида ўзгача меҳр тафти сезилиб турарди. Шунданми, оиладаги саккиз нафар фарзанднинг уч нафари ота-она касбини танлашди.
Райҳон 1998 йил НДПИни тугатиб, ўқитувчилик фаолиятини 2-сонли мактабда бошлади. 2000 йилдан то шу кунгача 10-сонли мактабда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлиб ишлаб келаяпти. 25 йил давомида ундан таълим олган овулнинг қанча-қанча ёшлари турли соҳаларнинг етук мутахассислари бўлиб етишди.
Райҳон Полвонова қўлга киритган ютуқлар, у забт этган чўққилар талайгина. Биргина 2020-2021 ўқув йилида унинг Қорақалпоғистон Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий марказида ўзбек тилини ўқитиш методикасида “Сифат” мавзусидаги очиқ дарс ишланмаси оммалаштирилди. 2021-2022 ўқув йилида “Йилнинг энг яхши ўзбек тили фани ўқитувчиси” кўрик-танловининг туман босқичи ғолиби бўлди, Қорақалпоғистон босқичида эса фахрли 3-ўринни эгаллади. 2022 йилда “Йил аёли” кўрик-таловида туман ғолиби, республика босқичининг фаол иштирокчиси бўлди. Шу йили “Қишлоқ ҳудудидаги энг намунали ўқитувчи” танловида туманда 2-ўринни эгаллади.
Фидойи меҳнатлари эвазига “Қорақалпоғистон Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Конституциясининг 30 йиллиги” эсдалик нишони соҳибаси бўлди.
Ўқитувчилик машаққатли, аммо шарафли касб. Райҳон турмуш ўртоғи Рашид Давлатбоев билан оила қўрғонида унган ниҳоллар – икки ўғил, икки қизни ҳам интилувчан, илмли, одобли қилиб вояга етказишмоқда. Катта фарзандлари Жалолиддин ва Руфат олийгоҳлар талабаси, Сарвиноз, Севаралар эса 10-сонли мактаб ўқувчилари.
Баъзан ўқитувчиларнинг фан асосларини чуқур ўргатиш учун куюнишлари, нега ўқимадинг, дея тергашлари ўқувчиларга оғир ботади. Бироқ йиллар ўтгани сайин ҳаётнинг турли пиллапояларида улар ўргатган илм қадрини англаб, устозларига кўнглида ҳурмат билан яшайди одам. Шу боис, устозларимизни отамиздай, онамиздай улуғ санаймиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶