“Беш ташаббус паралимпиадаси”нинг мамлакат босқичи ғолиби – амударёлик Нурсултон Сарибоев навбатдаги мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўрмоқда
Оилада дунёга келган фарзанднинг келажакда қандай инсон бўлиб вояга етиши ота-она, мактаб таълим-тарбиясига боғлиқ. Уларнинг уйғун тарбияси орқали ёш норасидада шаклланган характер келгусида унинг жамиятдаги ўрнини белгилаб беради. Ҳа, шундай. Илло ҳеч кимнинг ҳусни-жамоли, бўй-басти ё қимматбаҳо кийимлари, шоҳона қасрлари эмас.
Бойовул маҳалласида яшовчи мавсумий ишчи Нурлан Умрзоқов ва аёли Шаҳноза Бердиевалар оиласида дунёга келган илк фарзанднинг жисмида нуқсони бўлса-да, тақдирларидан нолимадилар, нега бундай бўлди, деб ношукурлик қилмадилар. Аксинча кўнглини ўкситмай, ақлли, интилувчан, сабр-бардошли қилиб вояга етказишга интилдилар.
2022 йилнинг охири кунларидан бирида “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг финал беллашувлари 16-сонли мактаб собиқ ўқувчиси, Тошкент Ахборот технологиялари университетининг Нукус филиали компьютер инжиниринг факультети дастурий инжиниринг йўналиши 2-босқич талабаси Нурсултон Сарибоев ҳаётида ўчмас из қолдирди. У ушбу мусобақада стол тенниси бўйича параспортчилар орасида қуйи босқичларда ғолиб чиқиб, финал босқичида куч синашди ва ғолибликни қўлга киритди. Бу билан у ҳеч кимдан кам эмаслигини, тинимсиз машқлар давомида қанчалик маҳоратга эга бўлганини, ўз олдига қўйган мақсади чемпион бўлиш учун нечоғлик сабот-матонат билан интилганини амалда ифода этди.
Стол тенниси. Бир қарашда осондек туюладиган кичик копток ва ракеткалар билан столда ўйналадиган бу спорт тури аслида спортчидан ўта чаққонликни, зийракликни ва бутун фикрини-зикрини ўйинга қаратишини талаб этади. 1988 йилдан Олимпиада ўйинлари дастурига киритилгани ушбу спортнинг нуфузи ва оммавийлигидан дарак беради. Демоқчиманки, Нурсултон Сарибоев “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт ўйинларидаги ғалабасини осонликча қўлга киритгани йўқ.
У 16-сонли мактабнинг 5-синфида ўқиб юрган вақтларида уйларига яқин жойлашган туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг Чордара маҳалласида жойлашган базасидаги стол тенниси гуруҳига қатнай бошлади. Бу ерда унга ёш мураббий қиз Ҳамида Ражабова ушбу спорт тури сир-асрорларини қунт билан ўргатди, тинимсиз машғулотлар давомида маҳорат, ўзини қўлга олиб, бутун эътиборини ўйинга қаратиш кўникмасини ўргатди. У мурғак қалбида шаклланган соғлом тенгдошларидай натижаларга эришиш орзуси туфайли машғулотлардан безмади, интилишдан тўхтамади. Натижада спорт мактаб, республика спорт мактаблариаро ўтказилган очиқ биринчиликларда маҳоратини намойиш этиб, фахрли ўринларни эгаллай бошлади. 15 ёшга етганида Қорақалпоғистон Республикаси миқёсидаги мусобақаларда қатнашиб, стол тенниси умидли спортчиси эканлигини кўрсата олди.
Баъзан одамлар, ёшлар орқасида қолган йилларига назар ташлаганида шу вақтлар бир зумда ўтиб кетгандек ҳис этади ўзини. Бироқ Нурсултон мактаб ўқувчиси, Амударё касб-ҳунар коллежи ўқувчиси даврларида ҳаётида ўчмас қолдирган, фахр-ифтихор билан эслайдиган нурли кунлари кўп бўлди. Унинг турли йилларда, турли мусобақаларда олган медаллари, диплом, Фахрий ёрлиқлари буни яққол кўрсатиб турибди. Ҳамида Ражабова билан ўтказган машғулотлари барча ютуқларига дебоча бўлди, десак адашмаймиз. Унинг ютуқлари фақат стол теннисида эмас, шу кунгача футбол, волейбол, таэквандо, югуриш каби спорт турлари бўйича ҳам кўпгина мусобақаларда ғолибликка эришган. 2022 йил сентябрида паратаэквандо бўйича ўтказилган Қорақалпоғистон чемпионатида 2-ўрин, шу спорт тури бўйича 2023 йил февралида ўтказилган Қорақалпоғистон чемпионатида яна 2-ўрин, шу йил 12 мартда Нукус шаҳрида югуриш бўйича “Янги нафас” номи билан ўтказилган марафонда параспортчилар орасида 2-ўрин... Бундай қайдларни яна анча давом эттиришимиз мумкин.
– Кейинги вақтларда кўпроқ вақтимни ўқишга, мутахассислигимни пухта эгаллашга қаратганимга спортдаги натижаларим бироз пасайганди. “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларидаги натижамдан жуда қувондим. Финал ўйини тугаши билан ота-онамга, устозим Ҳамида опага, олийгоҳдаги устозларимга қўнғироқ қилдим. Тақдирлаш маросимида шоҳсупанинг энг юқорисида турганим, ғолиб эканлигимни эълон қилганлари жуда сурурли эди. Биласизми, шоҳсупада турибман–у, шу кунгача стол тенниси бўйича чарчоқни писанд қилмай, иссиқ-совуқларда машқ қилганларим, баъзан ютқазганларим кўз олдимдан бир-бир ўтди, – кўзлари ёниб сўзлайди Нурсултон.
Ҳа, ҳаёт доим бир маромда давом этмайди. Баъзида учрайдиган муваффақиятсизликлар туфайли одам руҳини синдирмаслиги, умидини сўндирмаслиги лозим. Доим ўзига ишонган, олға интилганлар нурли манзилларга етади.
Буни Нурсултон Сарибоевнинг ҳаёти мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Унда бундай ирода, кучни тарбиялаган ота-онаси, устозлари. Шу боисдан Нурсултоннинг ҳаётда, спортда эришган ҳар бир ғалабаси уларни қувончга белайди.
– Ҳаётда одам интилишлари, меҳнатлари орқали ўз ўрнини топади. Нурсултоннинг мавқеига, эришган ютуқларига ўттиз икки мучаси соғ тенгдошлари ҳам ҳавас қилишаяпти. У бунга арзийди ҳам. Қўша-қўша медаллар, дипломлар совғалар унга бежиз берилмаган, – дейди туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Чоршам Тажимуродов.
– Шогирдларимнинг мусобақалардаги иштирокини юрак ҳовучлаб ўтириб кузатаман. Нурсултоннинг “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларидаги паратеннис турида эришган ғалабасидан бошим осмонга етди, – дейди унинг мураббийи Ҳамида Ражабова. Уни шундай етук қилиб вояга етказган ота-онаси Нурлан Умрзоқов, Шаҳноза Бердиеваларга ҳавасини яширмайди. Бу бежиз эмас. Чунки мураббий Нурсултонни ота-онаси доим қўллаб, қизиқишларини ҳурмат қилишини, фарзандлари камоли учун ҳамма нарсага тайёр эканлигини билади.
Ҳа, оила ҳам тарбия маскани. Нурлан Умрзоқов ва Шаҳноза Бердиевалар оила қўрғонида вояга етаётган бошқа фарзандлари ҳам интилувчан, дадил. Нурсултондан кичиги Мадина Нукус давлат педагогика институти, Нуржамол Қорақалпоқ давлат университети талабалари. Мавсумий ишда ишласа-да уч нафар фарзандини бирданига олийгоҳларда ўқитаётган ота 16-сонли мактаб 10-синф ўқувчиси, кенжатой фарзанди Қувончнинг олийгоҳга кириши учун қўшимча дарслар олишини ҳам таъминлаяпти. Кўпқаватли уйнинг торгина квартирасида ҳам тўрт нафар фарзандни илм-маърифатли, кўнгли тоза, одобли қилиб вояга етказаяпти.
– Ўзимиз ўқий олмаган эдик. Болаларимизни ўқитиб, орзуларимизга эришгандай бўлаяпмиз, – дейди оила бекаси кулиб.
Ҳа, ота-она учун фарзанд камолидан ортиқ бахт йўқ дунёда. Биз ана шундай орзулар умидида фарзандларини нурли йўлларга етаклаётган ота-онага ҳали барча яхши кунлар олдингизда, меҳнатларингизнинг меваси тотли бўлади, дегимиз келади. Жорий йилги “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг паратаэквандо тури бўйича илк мусобақаларга қизғин тайёргарлик кўраётган Нурсултондан эса янги ғалабалар кутиб қоламиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶