ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИНИНГ 1500 ГЕКТАР МАЙДОНИГА КАРТОШКА ЭКИЛАДИ
Картошкани халқимиз бежизга иккинчи нон, деб атамайди. Чунки картошка ҳам асосий озиқ-овқат маҳсулотимиздан бири, тўйимли, шифобахш бўлганлиги учун ҳам муҳим ижтимоий аҳамиятга эга. Бозорларда картошканинг арзон, тўкин ва сифатли бўлишини таъминлаш – халқимизнинг ризқ-насибаси мўл бўлишини таъминлаш демакдир.
2020 йил 6 майда қабул қилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республикада картошка етиштиришни кенгайтириш ва уруғчилигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида картошка етиштиришни кўпайтириш, истеъмол ва уруғлик картошкага бўлган ички бозор талабини қондириш, замонавий картошка плантацияларини барпо этиш, истеъмол ва уруғлик картошкани сақлаш, саралаш, етказиб бериш ва қайта ишлашни йўлга қўйиш, соҳага илғор инновацион технологияларни жорий этиш белгиланган эди.
Қарорда шунингдек, картошка етиштиришда кластерлар, кооперативлар ташкил этиш, экинни йирик-йирик карталарга яхлит экиш бўйча топшириқлар берилган эди.
Амударё туманида ҳам картошка етиштиришга улкан эътибор қаратилмоқда. Халқимизнинг асосий озиқ-овқат маҳсулоти – картошкачилик борасида туманимиз деҳқонларининг ҳам ўзига хос тажриба ва маҳорати шаклланганки, шу туфайли бозорларимиз тўкин, нархи ҳамёнбоп.
Қувонарлиси, эндиликда истеъмол учун ҳам, уруғлик учун ҳам картошка етиштириш ҳажми ортади. Эндиликда бу борадаги ишлар кластер усулида ташкил этилади.
Холимбег овулидаги “Зафарбек Шерметов” фермер хўжалигида уруғлик картошкани сифатли экишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Кўргазмали семинарда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Дарябай Қайпов, секторлар раҳбарлари, қишлоқ хўжалиги масъуллари, фермерлар, томорқа ер эгалари иштирок этдилар.
Тадбирда истеъмол ва уруғлик картошка навларини сифатли экиш ва мўл ҳосил етиштириш борасида фикр алмашилди ҳамда бу борадаги келгуси режалар белгилаб олинди.
Семинарда жорий йилда туман бўйича қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 236 гектар, аҳоли томорқаларининг 1200 гектар ер майдонларига эртаги картошка экилиб, парвариш қилинаётганлиги таъкидланди. Эндиликда картошкачилик кластери ташкил этилиши муносабати билан юқори авлодли уруғлик картошка етиштириш учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган, сув билан таъминланган 1500 гектар майдонлари танлаб олинди. Жумладан, Тўлқин овули ҳудудидан 700 гектар, Холимбег овули ҳудудидан 800 гектар пахта майдонларини қисқартириш ҳисобига мазкур далаларга картошка экилади. Бунда ҳудуд аҳолисининг картошка етиштиришга бўлган қизиқиши, бу борадаги тажрибаси ҳам инобатга олинганлиги тушунтириб ўтилди.
Шу кунгача Россиядан “Гала” навли R1 авлодга мансуб картошка уруғи олиб келиниб, Холимбег овулидаги 20 гектар майдонга, Тўлқин овули ҳудудидаги 20 гектар майдонга экилди ва мўл ҳосил етиштириш чоралари кўрилмоқда.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶