САНИТАРИЯ ШИФОКОРЛАРИ ТОМОНИДАН “МАҲАЛЛАБАЙ” ИШЛАШ ТИЗИМИ ОРҚАЛИ АЁҚЧИ МАҲАЛЛАСИДА ТАРҒИБОТ-ТАШВИҚОТ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Маҳаллабай” ишлаш тизимини амалиётга жорий этиш тўғрисидаги ташаббуси ҳудудлардаги муаммо ва ечимини кутаётган масалаларнинг иложи борича тезроқ бартараф бўлишига мустаҳкам ва ишончли замин бўлмоқда.
“Маҳаллабай” ишлаш тизими мураккаб жараён бўлишига қарамасдан, унда ҳар бир инсоннинг дардини тинглаш, унинг қисматини тубдан ўзгартириш, жамият тараққиётини иқтисодий ўсишлар билангини эмас, балки аҳолининг ўз ҳаётидан мамнунлиги билан ўлчаш каби мезонлар мавжуд.
Бу борада Амударё тумани санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бўлими мутахассислари томонидан амалга оширилаётган ишлар эътиборга молик. Хусусан, туманнинг Аёқчи маҳалласида амалга оширилган “маҳаллабай” ва “хонадонбай” кесимида аҳолига юқумли ва юқумли бўлмаган, ўта-ҳавфли юқумли касалликлар, паразитар касалликларнинг олдини олиш тўғрисидаги тарғибот-ташвиқот тадбирида аҳолига тарқатма материаллар тарқатилиб, юқумли касалликлар бўйича олиб борилган тушунтириш ишларидан маҳалла аҳли зарур маълумотларга эга бўлдилар.
Тадбирда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими эпидемиолог-шифокори Дурбек Бобожонов Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳал этиш борасида бўлим шифокорлари томонидан тизимли равишда “Маҳаллабай” ишлаш орқали овул ва маҳалларда учрашувлар ташкил этилиб,муаммо ва масалалар ўрганилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, ҳаётимизнинг янада кўркам ва фаровон бўлмоғи учун ҳар бир хонадонда санитария маданиятини талаб даражасида шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, оилаларда соғлом турмуш тарзи мустаҳкам қарор топиши турли юқумли касалликлардан ҳимояланишнинг бирдан-бир асоси эканлигини қайд этди.
Дурбек Бобожонов ўз маърузасида маҳалла аҳлини соғлом яшаб, осойишта турмуш кечиришнинг ўзига хос тартиб-қоидаларига амалга қилиш ва баҳамжиҳат иш тутиб,яшаётган маҳалласи, ҳовлисини тоза, гўзал ва тартибли масканга айлантиришга чақирди.
Хусусан, ҳовлидаги мавжуд водопровод сувидан тежаб фойдаланиш, ичимлик суви ташиб келтириладиган хонадонларда эса ичимлик сувини қопқоқли махсус идишларда сақлаш, янги сувни солишдан олдин ушбу идишни тоза сув билан ювиб ташлаш, ҳар ким ўз ҳовлисини ўзи яшаши учун қулай ва мос қилиб жиҳозлаши, яшаш хоналари, ошхона, тандирхона, молхона, товуқхона ва ҳожатхоналарни қуришда ҳамда таъмирлашда қурувчи мутахасислар билан бамаслаҳат иш тутиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, тадбирда Аёқчи оилавий поликлиникаси умумий амалиёт шифокори Гулнора Шомуродова азалдан ота-боболаримиз ҳовлида алоҳида чуқур қазиб, ҳар кунги чиқиндиларни шу чуқурга кўмгани, мағзава сувларини ўрага тўкишгани ва шу оқилона тажрибани бугунги кунимизда ҳам қўллаш айни муддао эканлигини айтиб ўтди.
Тадбир давомида мутахасислар ювиниш жойлари ҳовлининг бир чеккасида, йўлаклари бетон ёки ғишт билан қопланган бўлиши, оила аъзолари алоҳида совун, тиш ювиш чўткаси ва сочиқлардан фойдаланишлари лозимлиги, болаларни ёшлигидан озода ва соғлом турмуш тарзига амал қилиб яшашга ўргатиш, орасталикка амал қилиш орқали юқумли касалликларнинг олдини олиш мумкинлигини уларга доимий эслатиб туриш зарурлигини таъкидладилар.
Шунингдек, тадбирда уй ҳайвонлари, ит, мол ва мушукларни вақти-вақти билан ветеринария кўригидан ўтказиб, уларни ветеринария хизмати томонидан юқумли касалликларга қарши эмлатиш, йирик ва майда шохли молларда каналар аниқланган ҳолатларда уларни қўлда териб, эзиб ўлдирмаслик, акс ҳолда ўта ҳавфли, юқумли касаллик юқиши мумкинлиги, бундай ҳолатларда дарҳол ветеринария врачини чақириб, уй ҳайвонини дезинсекция қилдириш, уйда боқилаётган йирик ва майда шохли қора молларни ўз вақтида юқумли касалликларга қарши эмлатиб туриш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Бундан ташқари, ёз фаслида мева-чеваларни ювиб истеъмол қилиш ошқозон-ичак касалликларидан сақланишнинг асосий омили эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Тадбир давомида Аёқчи МФЙ раиси Аллаёр Қаландаров маҳалла аҳли томонидан ободонлаштириш ишлари яхши йўлга қўйилгани, хонадонлар атрофи, кўча бўйлари ва ҳудуддаги сув йўлларининг орасталиги хусусида сўз юритиб, маҳалладошларини мутахассис шифокорларнинг маслаҳат ва тавсияларига амал қилишга чақирди.
Тадбир иштирокчилари турли юқумли касалликлар ва уларнинг профилактикаси юзасидан мутахассисларга саволлар бердилар ва тегишли жавоблар олдилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶