ИЧКИ ИШЛАР ВАЗИРИ КУБОГИ УЧУН ВОЛEЙБОЛ МУСОБАҚАЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Ҳозир айни ёз фасли. Умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ёзги таътил кунлари давом этмоқда. Ўқувчи-ёшларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишларини таъминлашга қаратилган маданий-маърифий тадбирлар, турли спорт мусобақалари “Уч авлод учрашуви” мавзусидаги давра суҳбатлари ташкил этилаётгани фарзандларимиз учун янада завқли лаҳзаларни ҳадя этмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг 8 июль санасида Амударё ихтисослаштирилган мактабида ҳам ўтказилди. Туманнинг барча ҳудудларидаги овул ва маҳаллаларида истиқомат қилувчи 17 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида ўтказилган волейбол спорти бўйича мусобақалар нафақат иштирокчи жамоалар, балки томошабинларда ҳам қизиқарли таассуротлар қолдирди.
Республика Ички ишлар вазири кубоги учун бўлиб ўтган 4 босқичли спорт мусобақасининг биринчи – туман босқичида Амударё туманининг барча ҳудудларидаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан иборат терма жамоалар ўзаро куч синашдилар.
Аввало шуни алоҳида қайд этиш керакки, мусобақада иштирок этиш истагини билдирган жамоалар аъзолари мусобақа шартлари ва мазкур мусобақани ўтказиш бўйича тасдиқланган Низом билан олдиндан танишишлари учун шароит яратилди. Унга кўра, овул ва маҳаллаларда волейбол спортига қизиқувчи ўқувчи-ёшлар ўртасида ўртоқлик учрашувлари ўтказилиб, мусобақага пухта ҳозирлик кўрилди. Шу асосда ҳар бир овул ва маҳалла шарафини, Амударё тумани шарафини ҳимоя қилишга қодир ёшлардан иборат жамоалар шакллантирилди.
Дўстона ва қизғин баҳслар билан ўтган мусобақаларнинг туман босқичи якунига кўра, ўғил болалар ўртасидаги беллашувларда Тошёп овул фуқаролар йиғини терма жамоаси фахрли 1-ўринни эгалладилар.
Қиз болалар ўртасида ўтказилган мусобақалар ҳам ниҳоятда қизиқарли баҳсларга бой бўлди. Ҳар бир жамоанинг ўзига хос ўйин услублари нуфузли ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди ва мусобақа якунида 28-сонли умумтаълим мактаби волейболчи қизлар жамоаси 1-ўринга лойиқ кўрилди.
Ғолиб жамоалар мусобақа ташкилотчилари томонидан рағбатлантирилиб, Ички ишлар Вазири кубоги мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмалар берилди.
Айни кунда иккала ғолиб жамоа аъзолари ҳам мусобақанинг навбатдаги босқичига қизғин тайёргарлик кўришмоқда.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶