САНЪАТДА ЎЗ СОЗИГА ЭГА
Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш, барча ҳудудларда театр, цирк ва бошқа турдаги оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини тизимли равишда йўлга қўйиш, маданият ва санъат соҳасида истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўзининг ижобий натижаларини бераётир.
Самандар Абдуллаев Қангли овулидаги Маданият марказида эстрада хонандалиги тўгараги аъзоси, қўшимча рассомлик, бахшичилик тўгаракларига ҳам қатнашади. 2004 йилда туғилган бу истеъдодли йигит иккинчи гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, ўз устида тинмай ишлайди, кўп шеърлар ўқийди ва ўзига маъқул бўлганини танлаб, мустақил куй басталаб, ўзи ижро этади. Кўнглидаги қўшиққа сиғдира олмаган ҳис-туйғуларини, олам рангларини бўёқларда акс эттиришга интилади.
У ўтган йили ногиронлиги бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган “Ватан – менинг нигоҳимда” номли расмлар танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби бўлди. Самандар асосан портрет жанрида ижод қилади. Шунингдек, табиат манзараларини чизишга ҳам қизиқади.
Самандар Абдуллаев Ботир Зокиров номидаги замонавий эстрада қўшиқчилари танлови, “Ягонасан, муқаддас Ватан!” қўшиқлар танлови туман босқичида ҳам муваффақиятли қатнашди ва ижроси тингловчиларга маъқул бўлди.
У ўтган йили умумий ўрта таълим мактабини тугатди, бироқ олийгоҳ талабаси бўлиш насиб этмади. Унинг мақсади санъат йўналишида олий таълим олиб, ёшларга ўргатишдир.
Унинг қизиқишларини дадаси Ёқуббой Абдуллаев, акалари ҳам ҳурмат қилишади. Боиси, дадасининг ўзи санъат шинавандаси, доира, рубоб чалишдан завқ олади, фарзандларини ҳам санъатсевар қилиб тарбиялашга интилади. Бутун оила жам бўлиб ўтирган вақтларида рубоб, доира “тилга” кириб, шўх қўшиқлар янграйди, ўзлари бундан чексиз завқ олишади. Самандар учун эса бу каби машғулотлар шунчаки қизиқиш эмас, танлаган ихтисослиги йўлидаги ибратли мактабдир.
Иқтидорли, истеъдодли ёшлар – юртимиз фахри. Самандарга эса ижодий баркамоллик тилаб қоламиз.
Севара ИСМОИЛОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶