ЭЛ РИЗҚИ – ДЕҲҚОН МЕҲНАТИДАН
Халқимизда деҳқончилик азалдан улуғланиб келинган, мўътабар касб сифатида қаралган. Амударё туманининг Хитой овулида ҳам деҳқончилик туфайли оиласини обод, турмушини фаровон этибгина қолмай, юртдошларимиз дастурхонига турли ноз-неъматларни, таъми тотли меваларни тортиқ қилаётганлар кўп.
Озод ака Бердибоев овулдаги 2-сонли мактабда қирқ йил ўқувчиларга жисмоний тарбия фанидан таълим-тарбия берди. У ёшларнинг ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом бўлиб камол топишлари учун ўз ҳиссасини қўшган элда эъзозли инсон.
Тажрибали мураббий нафақага чиққандан кейин “дам оламан, бўлди энди, ишламайман” деб бекор ўтирмади. Ҳовлиси атрофидаги 16 сотих томорқа ерида эрта баҳордан то кеч кузгача тинимсиз меҳнат қилиб, оиласи эҳтиёжи учун зарур бўладиган сабзавот, полиз экинларини етиштирди, рўзғоридан ортганини бозорга олиб чиқиб сотиб, мўл даромад топа бошлади.
Унинг томорқасида картошка, пиёз, помидор, бодринг, карамдан тортиб, саримсоқ пиёзгача экилади. Ҳозирги пайтда помидор, бодринг, булғор қалампири, ўрта сабзи, ўрта карамлари жуда харидоргир бўлаётир. Боғидаги 20 туп олма дарахти мевасининг кўплигидан шохларини эгиб турибди. Бундан ташқари, 50 туп олча, 5 туп гилос, 20 туп ўрик, олхўри, нок, шафтоли дарахтлари бор. Томорқачи мевали дарахтлардан ҳам ҳар йили яхши даромад кўради. Ҳовлисининг атрофини ўраб турган узумзор кўрган кишининг ҳавасини келтиради. Узумнинг ҳам бир нечта навларини экиб, соҳага доир илмий адабиётларни ўқиб, элда танилган боғбонлар билан ҳамсуҳбат бўлиб, бу борада яхшигина тажриба тўплаган фахрий муаллимдан бугунги кунда боғбонлик сирларини ўрганаётганлар ҳам, унинг мевали дарахтларни пайвандлаш усулларига қизиқаётганлар ҳам кўп.
У ўз ҳовлиси атрофида асаларичиликни ҳам йўлга қўйди. Дастлаб икки-учта асалари оиласи парвариш қилинган хонадонда ҳозирги кунда 14та асалари оиласи боқилаяпти. Натижада деҳқончиликдан келадиган даромадга яна бир қўшимча манба яратилди.
Озод ака Бердибоев чорвачилик, паррандачилик йўналишлари билан ҳам шуғулланиб келади. Аҳли аёли, фарзандлари, неваралари билан биргаликда иккита соғин сигир, иккита зотдор буқаларни, элликдан зиёд паррандаларни парвариш қилаяпти.
Қаҳрамонимиз турмуш ўртоғи билан икки ўғил, икки қизни ҳалол меҳнатлари билан вояга етказишди, ҳаммасини уйли-жойли қилишди. Улар ҳам Озод акадек асосий ишидан сўнг, томорқачилик билан шуғулланади.
Эл ризқи деҳқон меҳнатидан яралади. Озод ака Бердибоев ва унинг оила аъзолари юртдошларимиз дастурхони тўкин бўлишига ҳисса қўшаётганидан мамнун.
Биз уларга меҳнатларингизнинг баракасини берсин, деб қоламиз.
Севара ИСМОИЛОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶