Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг 65-сессияси тўғрисида ахборот
2023 йил 6 октябрь куни Амударё тумани ҳокимлигининг мажлислар залида Халқ депутатлари туман Кенгашининг навбатдаги – 65-сессияси бўлиб ўтди.
Сессияни Халқ депутатлари туман Кенгаши раисининг ўринбосари Ғуломжон Эшниёзов очди ва олиб борди. Сессия котиблигига 28-Дарёбўйи сайлов округидан депутат Акбар Ражабов сайланди.
Сессияда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, ҳокимлик масъул ходимлари, бўлимлар, ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сессияда дастлаб “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2023 йил иккинчи мавсумининг якуни тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Рашид Салаев ҳисобот берди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, туманда ташаббусли бюджет жараёнининг жорий йилдаги иккинчи мавсуми учун “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га маҳаллий бюджет маблағлари ва қўшимча манбалардан жами 9 млрд. 291 млн. 700 минг сўм маблағлар шакллантирилган.
Иқтисодиёт ва Молия вазирлиги томонидан очилган Очиқ бюджет (openbudjet.uz) порталида 2023 йил 17 июлдан 7 августга қадар бўлган даврда туман фуқаролари томонидан жами 116та ташаббус киритилган. Овоз бериш якунига кўра, 7та ташаббус “ғолиб” деб топилиб, ушбу ташаббусларнинг жами қиймати 9 млрд. 240 млн. сўмни ташкил қилади.
Шундан кейин туман ҳокимлиги Болаларни ҳимоя қилиш шўъбасининг 2023 йил учинчи чораги давомида амалга оширилган ишлари тўғрисида шўъба раҳбари Жаҳонгир Холмуродов ҳисобот берди. Таъкидланганидек, туман аҳолисининг умумий сони 207 минг 483 нафар бўлиб, шундан вояга етмаганлар 76 минг 5 нафарни ташкил қилади. Ҳозирги кунда туманда жами 134та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритаётган бўлиб, муассасаларга 12 минг 237 нафар болалар қамраб олинган. Мавжуд 85та умумий ўрта таълим мактабларида эса жами 38 минг 476 нафар болалар таълим-тарбия олиб келишмоқда.
Сессия ишида туманда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг профилактикасини ташкил этиш бўйича 2023 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар юзасидан туман Ички ишлар бўлими ўринбосари Шараф Жолдосбоевнинг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда қайд этилганидек, жорий йилнинг 9 ойи давомида туманда умумий жиноятчилик таҳлил қилинганида, ўтган йилга нисбатан 190дан 184тага, жиноят қидирув йўналишида 132дан 126тага, бошқарув ва иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар 33дан 25тага камайган, бошқа соҳадаги жиноятлар эса 25дан 33га ошган.
Жами содир этилган 184та жиноятларни секторлар кесимида таҳлил қилинганида 1-сектор ҳудудида 56та, 2-сектор ҳудудида 60та, 3-сектор ҳудудида 28та, 4-сектор ҳудудида 40та жиноятлар содир қилинган.
Сессияда туман ҳокимининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Гўзал Собурованинг ҳам ҳисоботи тингланди. Таъкидланганидек Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимиз иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, “Аёллар дафтари” билан ишлаш тизимини такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, биринчи тоифа бўйича ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 1 минг 943 нафар эҳтиёжманд хотин-қизлардан 1 минг 732 нафарининг бандлиги таъминланди, 183 нафар хотин-қизлар доимий ишга жойлаштирилди, 105 нафар хотин-қизлар жамоат ишларига жалб этилди, 174 нафар хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 1 минг 270 нафар хотин-қизлар эса ўзини-ўзи банд қилиб, бандлиги таъминланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида эҳтиёжманд оилалардаги хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги 338-сонли Қарори асосида 823 нафар хотин-қизларга тавсиянома берилди. Шундан, 13 нафар хотин-қизлар Олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида талабаликка тавсия этилди.
Сессияда туман Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қилган ҳолда, ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг натижадорлигини ўрганиш якунлари тўғрисидаги масала юзасидан ахборот берди. Ахборотда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасига 2023 йил 30 сентябрь санасига қадар туман аҳолиси томонидан жами 3335та масалалар бўйича мурожаатлар келиб тушган. Шундан 3075таси кўриб чиқилган бўлиб, 2489таси қаноатлантирилган, 1431таси ижобий ҳал қилинган.
Сессияда Кенгаш ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди. Кун тартибидаги барча масалалар атрофлича кўриб чиқилиб, туман Кенгашининг тегишли қарорлари қабул қилинди. Шунинг билан сессия ўз ишини якунлади.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶