Мактаб ўқувчилари ўртасида «Беш ташаббус олимпиадаси» спорт мусобақалари ўтказилди
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 апрелдаги “Маҳаллаларда ёшларни оммавий спортга жалб қилишни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақалари ўтказила бошланган эди.
Мусобақаларнинг ўтган йилги мавсумий босқичларида минглаб ёшлар иштирок этиб, бор маҳорат ва иқтидорларини намойиш этган эдилар. Маҳаллалардаги ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва уларнинг маданият, санъат, спорт, китобхонлик, IT йўналишлари бўйича иқтидорларини кашф этиш ҳамда қўллаб-қувватлаш асосий мақсад қилинган “Беш ташаббус олимпиадаси” беллашувлари тобора ёшларни кенгроқ жалб этиб, нуфузи ошмоқда.
9 октябрь куни “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги таълим муассасалари ўқувчилари ўртасида Амударё туманида спортнинг шашка, енгил атлетика, волейбол, стол тенниси, футбол турлари бўйича мусобақалар ва “Қувноқ стартлар” ўйинларининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Мусобақага тумандаги мавжуд 85та мактабнинг спортчи ўқувчилари қамраб олинди. Беллашувларда иштирок этган ёшларнинг иқтидори ҳакамлар томонидан одилона баҳолаб борилди. Мусобақа натижаларига кўра, “Қувноқ стартлар” мусобақасида 1-4 синф ўқувчилари ўртасида 76-мактаб ўқувчилари биринчи ўринни, 51-сонли мактаб ўқувчилари иккинчи ўринни, 28-мактаб ўқувчилари учинчи ўринни эгалладилар.
Енгил атлетика бўйича 8-9 синф ўқувчилари ўртасидаги беллашувларда қиз болалар ўртасида 19-сонли мактаб ўқувчиси Маҳлиё Тўлибоева биринчи ўринни, 73-сонли мактаб ўқувчиси Ҳилола Шомуродова иккинчи ўринни, 45-сонли мактаб ўқувчиси Гулшода Қурбонбоева учинчи ўринни қўлга киритди. Шунингдек ўғил болалар ўртасида 56-сонли мактаб ўқувчиси Шоҳрух Раҳимов биринчи ўринни, 73-сонли мактаб ўқувчиси Адҳам Ўрозбоев иккинчи ўринни, 83-сонли мактаб ўқувчиси Сардорбек Собиров учинчи ўринни эгалладилар.
Спортнинг шашка тури бўйича 5-11 синф ўқувчилари ўртасида кечган беллашувларда қиз болалар ўртасида 15-сонли мактаб ўқувчиси Муниса Нуримбетова, ўғил болалар ўртасида эса 12-сонли мактаб ўқувчиси Бекзод Раҳимбоевлар биринчи ўринни қўлга киритди.
Мусобақа натижаларига кўра, ғолиб деб топилган ёшлар республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди. Улар “Беш ташаббус олимпиадаси” спорт мусобақаларининг кейинги босқичларида ҳам туманимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қиладилар, деб умид қиламиз.
Айтиш жоизки, амударёлик ёшлар мамлакат бўйлаб ўтказиб келинаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг аввалги мавсумларида ҳам муносиб иштирок этиб келишган эди. Мазкур мусобақалар туман ёшларининг интилишларини, қизиқишларини, салоҳиятини юзага чиқаришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилмоқда.
Туман ҳокимлиги Ахборот хизмати

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶