16 минг 545 гектар майдон, шундан 3 минг 798 гектари ўрмон: Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ўрмон – табиатнинг бебаҳо неъмати. Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсини сақлаш ва уларни кўпайтиришда, иқлим ўзгаришларни мўътадиллаштиришда, тупроқ эрозиясига қарши курашиш, чўл ҳудудларида қумларнинг кўчишини тўхтатиш, тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш кабиларда иҳота ўрмонлари катта аҳамиятга эга. Ушбу яшил бойликларни асраш, юртимиздаги экологик вазиятни яхшилаш ва унинг салбий оқибатларининг олдини олишда эса ўрмон хўжаликлари муҳим ўрин тутади.
Амударё туманидаги Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги ҳам ҳудуддаги табиий муҳитни мўътадиллаштириб турувчи, ёғоч, доривор ва бошқа турдаги ўсимликлар, уларнинг уруғларини, турли манзарали дарахтлар кўчатларини етиштириб берувчи манба бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Хўжаликнинг умумий ер майдони 16 минг 545 гектардан иборат. Шундан 3 минг 798 гектари ўрмон билан қопланган майдонлар, 855 гектари туташмаган ўрмонзорлар, 11,4 гектари ўрмон кўчатхоналари ҳисобланади. Тақир ерлар ҳам мавжуд бўлиб, улар 6,87 гектарни, ҳайдаладиган ерлар 24,5 гектар, яйловлар 2 минг 690 гектарни ташкил қилади. Ҳудуддаги сувли ерлар 2,4 гектар, қумликлар 1 минг 895 гектар, бошқа ерлар эса 6 минг 748 гектарга яқин.
Ўрмон хўжалигида 57 нафар ходим ишлайди. Уларнинг 13 нафари олий, 24 нафари ўрта махсус, 23 нафари ўрта маълумотли.
Хўжаликда жорий йилда маданий ўрмонзор барпо қилиш, тумандаги корхона-ташкилотларни кўчатлар билан таъминлаш ва кўчатхона ташкил этиш учун уруғ тайёрлаш йиллик режаси 4000 кг. қилиб белгиланган бўлса, ҳозирги кунгача 16 минг 250 кг. уруғлар тайёрланди. Шундан 15 минг 730 кг. қисми саксовул уруғлари бўлиб, улар терилганидан сўнг, Орол денгизининг қуриган туби ва туманимизнинг ўрмон барпо этиладиган қумли ҳудудларига сепилади. Ундан ташқари, қайрағоч, тут, ясень, клён, шарқ туяси, шафтоли, ўрик уруғлари ҳам етиштирилди ва ниҳолхоналарга экилди. Уруғдан маданий ўрмон барпо қилиш йиллик режаси 246,9 гектар қилиб белгиланган бўлса, ҳозирги кунгача 245 гектардаги қумли ҳудудларга саксовул уруғлари сепилди, 1,75 гектар ерга ясень, клён, катальпа ва оқтерак кўчатлари ўтқазилди.
Хўжаликнинг 11,35 гектар майдонида кўчатхона ташкил қилинган. У ерда уруғ ва ниҳоллар экилган бўлиб, ҳозирда 901 минг дона ниҳол ва кўчатлар жумладан, шарқ туяси, ясень, ок терак, тут, клён, катальпа, қайрағоч, суммах, япон сафораси, гледичия ва бошқа турдаги ниҳол, кўчатлар мавжуд. Куз ойларида “Яшил макон” давлат дастурининг ижросини таъминлаш мақсадида тумандаги корхона, ташкилот ва мактаб, боғчаларга ҳомийлик асосида 64 минг 110 дона ҳар хил манзарали дарахтлар кўчат ва қаламчалари етказиб берилди.
Жорий йилда хўжаликнинг Тошёп, Зарбдор, Манғит ва Намуна массивларида янгидан 19 гектар майдонда тут кўчатлари экилди. Ушбу экилган ихотазорлар суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, гармселдан ҳимоя қилиш ва ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда. Бундан ташқари ички туризмни ривожлантириш мақсадида ўрмон фонди ҳудудида “Соҳил бўйи” дам олиш маскани ташкил этилди. Бу масканда аҳолининг оилавий дам олишлари учун қора уй, чўмилиш ҳавзаси, қайиқ ва бошқа чўмилиш анжомлари, қумли майдон ташкил этилган. Шу ернинг ўзида овқатланиш учун етарлича шароитлар яратилган.
Ўрмон муҳофазаси бўйича “Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигига қарашли ўрмонзорларда ёнғиннинг олдини олиш ва қарши курашни кучайтириш тўғрисида” Амударё тумани ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжалиги қўмитаси ҳамда Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигининг қўшма буйруғига кўра қатор ишлар олиб борилмоқда. Унга кўра аҳоли ўртасида ўрмон ёнғинининг олдини олиш, рухсатсиз ўрмонзорларга кириш, ўзбошимчалик билан дарахт кесиш, ов қилиш, чорва молларини боқиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда. Шунингдек, ўрмон фонди билан чегарадош ҳудудлардаги фермер хўжаликларига огоҳлантириш хатлари тарқатилиб, аҳоли яшаш пунктлари, овулларда йиғилишлар ўтказилиб қонунбузарликларнинг олди олинмоқда.
Ўрмонлар – юртимиздаги табиий бойлигимиздир. Табиатнинг бу инъомини асраб-авайлаш, шу қаторда ўрмон хўжалигини ривожлантириш фаровонлик ошишига, янги иш ўринлари кўпайишига кенг йўл очади. Шундай экан ҳар биримиз бебаҳо бойлигимиз бўлган ўрмонларни асрашимиз, уларни кўпайтиришга ҳисса қўшишимиз керак.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶